samolyot_120Транспорт вазирлигидан маълум қилишларича, Германиядаги Мюнхен шаҳрини “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК “Тошкент-Мюнхен-Тошкент” йўналишида доимий парвозларни амалга ошириш манзили сифатида белгилаш бўйича келишувга эришилди. Ушбу йўналишда мунтазам авиақатновлар 2020 йилнинг 1 апрелидан бошланиши режалаштирилган.

Шунингдек, бошқа авиакомпанияларни ҳам Ўзбекистонга мунтазам парвозларни амалга оширишга жалб этиш мақсадида Греция ва Қатар авиация ҳукуматлари билан ҳамкорликда ҳаво қатнови тўғрисидаги тегишли битимларни имзолаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. ХХР ва Канада билан эса икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш ва авиакомпаниялар парвозлари географиясини ошириш мақсадида музокаралар ўтказилмоқда.

Айни вақтда миллий ва хорижий авиакомпанияларни жалб этган ҳолда Хитой Халқ Республикасининг Санья, Сиань, Иу, Шанхай ва Гуанжоу шаҳарларига рейсларни йўлга қўйиш, Ўзбекистон ва Канада ўртасида авиақатновларни ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Қайд этиш жоизки, жорий йилнинг 27 сентябридан эътиборан Хитойнинг “Zhejiang Loong Airlines” авиакомпанияси Сиань шаҳридан Тошкентга чартер рейсларни амалга оширишни бошлаган эди. Ҳозирда “Тошкент-Жидда-Тошкент” йўналишида мунтазам парвозлар сонини ҳафтасига 7 тадан 14 тага қадар ошириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Бу эса ўз навбатида “Умра+” дастури доирасида Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидан Ўзбекистонга қўшимча хорижий сайёҳлар оқимини жалб этиш имконини беради.

Ҳозирда транспорт вазирлиги хизматлар сифатини ошириш мақсадида Ўзбекистондан Россия Федерацияси, Қирғизистон, Исроил, Эрон, БАА, Саудия Арабистони ва Чехияга парвозлар частотасини ошириш бўйича тегишли чора-тадбирларни кўрмоқда.

ЎзА.