agentlik_180Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида алоҳида таъкидланганидек, демократик ислоҳотлар натижасида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар мансабдор шахсларни ўз ишини қонуний асосда тўғри ташкил этишга ундамоқда.

Шу сабабли ҳам давлат органлари ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотларни жамоатчиликка тўлиқ ва тезкор етказиши,  оммавий ахборот воситалари билан яқин ижтимоий ҳамкорлик қилиши зарур.

Айни шу муносабат билан Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан оммавий ахборот воситалари вакиллари учун семинар ташкил этилди. Унда радио-телевидение, босма ва интернет нашрлар журналистлари ва блогерлар иштирок этишди.

Тадбирда қайд этилганидек, у ёки бу давлат органи фао­лияти ҳақида аҳолига аниқ, тўлиқ ва ўз вақтида маълумот бериб борилмаса, тушунмаслик оқибатида турли нотўғри талқинлар пайдо бўлиши ва шаклланиши табиий. Шу боис,  агентлик фаолияти ҳақидаги ахборотларни кенг жамоатчиликка етказишда асосий кўприк вазифасини ўтовчи оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ўрнатиш, улар учун  учрашувлар ва семинарларни доимий равишда ўтказиб бориш режалаштирилди. Зеро,  Давлат активларини бош­қариш агентлиги бугунги кундаги ислоҳотларда алоҳида роль ўйнайди. Иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартириш, бозор иқтисодиётига ўтишнинг асосий мезони бўлган хусусийлаштириш, давлат мулкини бошқариш самарали олиб борилмас экан, муаммолар келиб чиқиши табиий. Шу боис, агентлик  давлат активларини қандай бошқараётгани, хусусийлаштиришни қандай амалга ошираётгани ва қанақа қилиб бу жараёнга инвесторларни жалб этаётганини очиқ кўрсатиши керак. Умуман, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шу жумладан, давлат активларини бошқаришдаги ислоҳотлар орқага қайтмаслигининг кафолати бу жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилишидир.   Албатта, фаолиятда хато бўлиши мумкин, масалан,  айрим объектлар ҳанузгача сотилмаётган, корпоратив бошқарув талаб даражасида ташкиллаштирилмаётган бўлиши мумкин. Албатта бундай камчиликларни бартараф этиш йўллари, қандай қарорлар қабул қилиш кераклиги юзасидан аниқ чоралар ва режалар бор. Шунинг учун танқидларга тўғри муносабатда бўлиб,   уни тан олиб ўз вақтида тузатиш ва фаолиятни шу асосда такомиллаштириб боришга катта эътибор қаратилади. Чунки танқид келгусида фаолият самарадорлигини оширишга туртки бўлиб хизмат қилади.

Оммавий ахборот воситалари вакиллари учун уюштирилган   учрашув чоғида агентликнинг 12 та йўналишдан иборат фаолияти, чунончи, давлат активларини бошқаришда агентлик вазифалари, хусусийлаштириш тартиблари, усуллари, бу жараёнда инвесторларга берилган имтиёз ва преференциялар, инвестиция мажбуриятларини бажариш босқичлари, бу борадаги мониторинг ишлари,  баҳолаш ташкилотларини лицензиялаш, корпоратив бошқарув тамойилларини татбиқ этиш механизмлари ҳақида  тегишли бошқармалар раҳбарлари томонидан атрофлича маълумот ва тушунчалар бериб ўтилди. Агентлик фаолият йўналиш­ларининг ҳар бири бўйича журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди.

Ойдин ЛАТИПОВА.