qqs_160_5541Мамлакатимизда  кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда  тадбиркор бўламан, деган кишига барча эшиклар очиқ. Шу боис ўз қобилияти ва салоҳиятини ишга солиб, бу борада муайян ютуқларга эришаётган юртдошларимиз сафи кенгаймоқда.

Зеро, соҳа ривожи учун барча ҳуқуқий асос, янги таҳрирдаги Солиқ кодекси яратилди. Энг муҳими, солиқ ходимлари эндиликда  тадбиркорга  чин маънода  кўмакчи бўлишга ҳаракат қилишяпти.

Ана шундай ижобий ўзгаришлар ҳақида  Урганч  шаҳридаги “Дилмурод сервис” хусусий корхонаси раҳбари  Дилмурод Жуманиёзов бизга қуйидагиларни гапириб берди:

– Узоқ йиллардан бери тадбиркор сифатида иш юритиб келяпман. Корхонамиз мебель маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Илгари фаолиятим давомида солиқ  ходимлари билан юзма-юз ишлаш жараёнида кўплаб воқеалар юз берган. Буни ҳозир яширишнинг ҳожати йўқ. Бир пайтлар – эндигина иш бошлаган пайтимда  ижарага олинган бинода фаолият юритганмиз. Янги ускуналар харид қилиш учун маблағимиз етарли бўлмаган пайтлар эди. Банкка кредит сўраб, мурожаат қилиб, анча сарсон бўлганмиз. Бир томондан ижара ҳақи, бир томондан солиқчилар тўловларни қисташар, қарзимиз бўлса, корхонани ёпиб ташлаш билан пўписа қилишарди. Энди технология сотиб олдик, деганимизда, хориждан етиб келмасиданоқ,  банк кредит муддати келгани билан безовта бўлардик. Хуллас, ана шундай оғир шароитда тадбиркорликни йўлга қўйганимизга ҳам,  мана, 20 йилдан ошди.

Шукурки, кейинги икки-уч йилда вазият тубдан ўзгарганини сезиб хурсанд бўляпмиз. Солиқ  идораси ходимларининг муносабатидаги илиқлик, хайрихоҳлик бошимиз осмонга етяпти. Ахир, солиқчи деганда тадбиркорнинг юраги “шув” этадиган пайтлар бўлганини унутиб бўларканми?..

Аҳволимизни ўрганмай-нетмай нуқул солиқни тўла ва қарзингни бер каби гаплардан чарчагандик. Биз корхонани эзгу мақсад билан очиб, янги иш ўринлари яратиш, маҳсулот ишлаб чиқариб, дўконларни тўлдириш, экспортга маҳсулот чиқариб, валюта тушумини ошириш, бир сўз билан айтганда, юрт фаровонлигига ҳисса қўшишни ният қилганмиз.  Ана шундай пайтда бизга мададкор бўлишнинг аҳамияти қанчалар катта эканлигини бу савдоларни бошидан ўтказган одам билади.

Бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида туб бурилиш даври бошланди.  Янги таҳрирдаги Солиқ кодексидан кўзланган  мақсад, биринчидан,  солиқ юкини камайтириш, иккинчидан, солиққа тортишни соддалаштириш, учинчидан, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш масаласини ҳал этишдир. Айни шу жиҳатлар  инобатга олинганлиги билан ушбу ҳужжат  бизнес ривожи учун янада аҳамиятлидир.

Солиқ юкини камайтириш юзасидан  ҚҚС бўйича ҳосил бўлган ортиқча суммани  тўлиқлигича қайтариш, асосий воситалар ҳамда кўчмас мулк объектлари бўйича ҚҚС бирйўла ҳисобга олиниши белгиланмоқда. Якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган солиқ суммаси ўртача 30 фоизга камайтириляпти. Шунингдек, солиқ қарздорлигини дебитор ҳисобидан ундиришнинг бекор қилинганлиги солиқ идораларининг тадбиркорлик фаолиятига асоссиз аралашуви ва тазйиқ ўтказишининг олдини олади. Солиқни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилганлиги, бу маҳаллий кенгаш ваколатига  ўтганлиги ҳудудларда маҳаллий ҳокимият ва кенгашларнинг тадбиркорлик субъектларига амалий кўмак беришлари ва уларни янада ривожлантиришдан айнан маҳаллий бюджет манфаатдорлигини оширади.

Минг шукурлар бўлсинки, замон ўзгарди. Юртимизда тадбиркорлик чин маънода ривожланиб, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари ҳақиқий мададкорга айланди. Энди бизнесни ривожлантириш борасида барча бюрократик тўсиқларга барҳам берилди. Айниқса, янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодекси ишбилармонликни ривожлантиришда  ҳуқуқий асосга айланди. Солиқ ходимлари эса бизга маслаҳатчи, кўмакдош бўлиб, ишимизни ривожлантиришда чин маънодаги ҳамфикримизга айланишди. Ҳа, ишлайдиган замон келди.

Меҳрибон ИСМОИЛОВА.