iqtisodiyot_j_180Кейинги йилларда жаҳон иқтисодиётида муаммолар тўпланиб бораётганлиги сир эмас. Давлатлар ўртасида иқтисодиёт йўналишида ўзаро қарама-қаршиликлар пайдо бўлаётганлиги, халқаро муносабатлар ва экология соҳасида юзага келаётган тушунмовчиликлар шулар жумласидандир. Бу кейинги ўн йилликдаги мавжуд тартиб-қоидалар бугунги давр талабига жавоб бермаётганлигини англатади. Шу боис, барча мамлакатларни қаноатлантирадиган ва уларнинг ривожланишига ёрдам берадиган янги қонунлар қабул қилишни  давр тақозо этмоқда.

Маълумки, Осиё цивилизациясида Марказий Осиё минтақасининг геосиёсий ва геоиқтисодий аҳамияти бор. Географик жиҳатдан ҳам мазкур минтақа  Евроосиё харитасида катта ҳудудни эгаллайди. Шунингдек, геосиёсий ва геоиқтисодий томондан Евроосиёнинг бир қатор минтақаларига боғлиқ. Марказий Осиё­га Ўзбекистон, Тожикистон. Туркманистон, Қирғизистон ва Қозоғис­тон кириб, ҳудудий жиҳатдан Европа, Яқин Шарқ, Жанубий ва Шарқий Осиёни ўзаро боғлайди.

Таъкидлаш жоизки, Марказий Осиёда йирик миқдордаги нефть ва газ захиралари мавжуд. Масалан, жаҳондаги нефть захираларининг 2 фоизи, газ захираларининг эса 10 фоиздан зиёдини ташкил қилади. Шу билан бирга, минтақа кўмир қазиб олиш бў­йича дунёда 10-ўринни, электр энергияси ишлаб чиқиш бўйича 19-ўринни эгаллайди. Қора, рангли ва камёб металларнинг ҳам катта захиралари мавжуд.

Бундан ташқари, Евросиё минтақасининг марказида жойлашган Марказий Осиё товар ва капиталларнинг оқимини кўпайтириш учун келгусида Осиё ҳамда Европадаги жаҳон ишлаб чиқарувчилари ўртасида транзит коридор вазифасини ҳам бажариши мумкин. Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш учун  янги шарт-шароитлар шаклланяпти. Ўзбекистонда кенг кўламда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ушбу жараёндаги ўрни беқиёс. Хусусан, кейинги пайтда қўшни давлатлар билан ўзаро товар айрибошлаш тобора ортиб бораётганлиги, асосий транспорт воситаларининг тикланиши ва модернизация қилиниши, чегараолди ҳудудлари ҳамкорлиги сезиларли даражада кенгайганлиги ва фуқароларнинг чегарадан ўтишларининг  яхшиланганлиги аҳамиятга моликдир.

Маълумки, Марказий Осий ягона иқтисодий макон ҳисобланмайди. Қозоғистон ва Қирғизистон республикалари Евроосиё Иқтисодий иттифоқига киради. Мамлакатимиз ҳам минтақа давлатлари билан ҳам ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтиряпти.

Аммо Марказий Осиё давлатлари иқтисодиётини таҳлил қилганда қатор муаммолар мавжудлиги ҳам кўзга ташланади. Жумладан, минтақа саноатини юқори суръатларда ривожлантиришда иқтисодиёт кўламининг кичиклиги, технологиянинг эскирганлиги, корпоратив бошқарувнинг кучсизлиги бугунги кун талабига тўлиқ жавоб бермаслиги аён бўлади. Оқибатда ялпи ички маҳсулот структурасидаги саноатнинг улуши ўсмаяпти, ишсизлик муаммосига ечим топиш қийин кечмоқда.

Айрим мисолларга мурожаат қилайлик. Марказий Осиёдаги барча мамлакатларда аграр соҳа маҳсулотларини қайта ишлаш 10 фоиздан ошмайди. Ваҳоланки, ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 50 фоиздан юқори. Минтақа республикаларининг қишлоқ хўжалик маҳсулотлари бўйича товар айланмаси ҳам унчалик юқори даражада эмас. Ҳозирги кунда Ўзбекистон экспортининг мева-сабзавот маҳсулотларидаги Қозоғистон билан товар айланмаси 46 фоиз, Қирғизистон билан 4,3 фоиз, шунингдек, Россия билан 18 фоиз, Афғонистон билан 7 фоиз, Хитой билан 6 фоиз, Туркия билан 4,5 фоизни ташкил қилади.

Марказий Осиё давлатларининг тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган аксарият корхоналари асосан тор дои­радаги ички бозорларга мўлжалланган.  Қолаверса, минтақадаги кўпчилик корхоналарда хориж инвесторларининг улуши бирмунча кам. Табиийки, буларнинг барчаси корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришда юқори самарадорликка эга замонавий технологияларни татбиқ этиш имконини бермайди.

Марказий Осиё мамлакатлари қадимий тарихий обидалар ва асори атиқаларга бой бўлишига қарамасдан, ялпи ички маҳсулотда туризмнинг улуши бор-йўғи 5,5 фоизни ташкил қилади. Тўғри, бу борада кейинги пайтда ижобий ўзгаришлар кўзга ташланяпти.  Масалан, 2017 йилда минтақага ташриф буюрган сайёҳлар илгариги йилга нисбатан 20,5 фоизга ошиб, 12,2 миллион кишини ташкил қилди. Лекин сайёҳлар улушининг 90 фоизи асосан МДҲ давлатлари ҳиссасига тўғри келади.

Юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилаётганлигини қайд этиш лозим. Марказий Осиё мамлакатлари халқаро савдо кўргазмаларида фаол иштирок этмоқда. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон 170 дан ортиқ, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон эса 110 га яқин давлатлар билан савдо-иқтисодий алоқалар ўрнатган. Минтақада фаолияти Марказий Осиё республикалари иқтисодиётида муҳим ўрин тутадиган трансмиллий компаниялар ҳам мавжуд.

Маълумки, жаҳонда рўй бераётган ҳар бир глобал молиявий-иқтисодий жараённинг Марказий Осиё мамлакатларига таъсири қандайдир даражада сезилади. Бундай таъсир доираси йилдан йилга кучайиб бориши ҳам мумкин. Бу баъзи соҳаларда яққол кўзга ташланади.  Чунончи, бугунги кунда жаҳон ялпи ички маҳсулотининг минтақа бўйича улуши ҳажмига кўра, тўғрида тўғри инвестицияларнинг миқдори 0,02 фоизни ташкил қилади. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг асосий қисми хом­ашё тармоқлари (нефть, газ, металл ва норуда фойдали қазилмалар, геологик разведка, металлургия соҳалари ва уларга хизмат кўрсатиш­)га жалб этилган бўлиб, ҳажми 50-80 фоизгача.

Марказий Осиё давлатлари иқтисодиёти ташқи омилларга боғлиқлигидан кўз юмиб бўлмайди. Буни, аграр-хомашё ёки ёқилғи-хомашё йўналишларида ҳам кўриш мумкин. Айни пайтда Россия, Хитой, Туркия, Эрон асосий  ҳамкорлар ҳисобланади. Тожикистоннинг Россия билан ташқи савдо айланмаси 23 фоизни, Қирғизистон билан 20, Ўзбекистон билан 18 фоиздан иборат. Қозоғистон импортининг 37 фоизи эса Россияга тўғри келади.

АҚШ томонидан Хитой товарларига қўшимча божлар жорий этиш кўзда тутилаётгани Хитой иқтисодиётини кучсизлантириши эҳтимолидан холи эмас. Бу  ҳолат ривожланаётган давлатлар, жумладан, Марказий Осиё республикаларга ҳам салбий таъсир кўрсатади.

Дунёда замонавий юқори самарадорликка эга технологиялар ишлаб чиқаришдаги анъанавий моделларни тобора сиқиб чиқараётганлиги ҳам бор гап. Бу келгусида  кам энергия сарфлайдиган, кам хомашё ишлатиладиган ва кам иш кучи зарур бўладиган ишлаб чиқаришга олиб келади ва барча мамлакатлар иқтисодиёти олдида қатор муаммолар  турганлигини кўрсатади.

Айни пайтда Марказий Осиё мамлакатлари ҳам жаҳон интеграциясига юз тутиб, иқтисодиётни модернизациялаш ва замон талаблари даражасида ислоҳ қилиш борасида изланишлар олиб бормоқда.  Буни Ўзбекистон мисолида кўрадиган бўлсак, аввало, кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Хорижда таҳсил олган ёки тажриба орттирган маҳаллий ёшлар ишга таклиф этиляпти. Чет эл инвестициясини олиб киришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Албатта, бундай саъй-ҳаракатлар самараси сезиляпти. Аммо ҳали қилинадиган ишлар ҳам кўп.

Албатта, ҳар бир мамлакат иқтисодиётини хориж сармоясисиз тасаввур қилиш қийин. Олимларимиз Америка, Европа, Япония, Жанубий Корея, Жануби-Шарқий Осиё, Осиё давлатлари моделларини ўрганиб, таҳлил қилиб боришяпти. Лекин уларнинг тажрибасини тўғридан-тўғри татбиқ этиб бўлмаслиги амалиётда исботланган. Бу давлатларда бозор муносабатларининг ривожланиши текис ва бенуқсон кечмаганлиги ҳам аниқ. Шу боис, кейинги пайтда юртимизда иқтисодиётни ривожлантириш бўйича доимий равишда изланишлар олиб бориляпти. Компанияларимизнинг жаҳон савдо кўргазмаларидаги иштирок этаётганлиги, мамлакатимиз ҳудудларида ташкиллаштирилаётган халқаро миқёсдаги турли-туман иқтисодий тадбирлар шулар жумласидандир.

Бир сўз билан айтганда, кенг кўламда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бериши учун барча имкониятлардан фойдаланиляпти.

Ҳосил КАРИМОВ.