Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5870
8523
9394

-871
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
228650
271353
0

+271353

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 213 917
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Сайёҳларга овқатланиш хизматларини ташкил этишнинг ўзга хос хусусиятлари

Ўзбекистоннинг қадимий археологик ва меъморий объектлари ҳамда муқаддас қадамжолари, лаззатли миллий таомлари, халқимизнинг бетакрор меҳмондўстлиги хорижий сайёҳларни ўзига жалб қилмоқда. Бу эса мамлакатимизда сервиснинг жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган замонавий овқатланиш хизматлари тизимини шакллантиришни талаб қилмоқда. Айниқса, Ислом давлатларидан ташриф буюрадиган мусулмон сайёҳларни овқатлантириш бугунги туризм глобаллашувининг муҳим вазифаларидан ҳисобланади.

Шулар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 16 мартда қабул қилинган қарорида “Ҳалол”, “Кошер” ва “Веган” стандарти талабларига мувофиқ бўлган умумовқатланиш шохобчалари, хусусан, кафетерий, ресторан, чойхона ва бошқа объектларнинг фаолиятини ташкил этиш ва тарғибот ишларини амалга ошириш, шу жумладан, тадбиркорларга хорижий туристларни жалб қилишда кўмаклашиш[1] борасида вазифалар белгилаб берилди.

Мусулмонларни саёҳат чоғида ҳалол стандартлари асосида ишлаб чиқарилган ҳалол маҳсулотлар билан таъминлашни ташкил этиш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Ислом дини қоидаларига кўра, ҳар бир мусулмон диннинг муқаддас китобларида кўрсатилган меъёр ва қадриятларга мос овқатланиш тартиб-қоидаларига масъулият билан риоя қилиши талаб этилади.

“Ҳалол” атамаси “қонуний” ёки “рухсат этилган”, Исломда шариат ҳукмига мувофиқ эса “ичса, фойдаланса бўладиган, ҳаром эмас”[2] деган маънони англатади. Ҳалол озиқ-овқат, ҳалол турмуш тарзи ва ҳатто ҳалол хизматлар ҳам мавжуд. “Ҳалол” тушунчаси озиқ-овқат ва ичимликлар билан бирга банк ва молия, сайёҳлик, фармацевтика, иш жойлари, технология ва транспорт хизматларига тааллуқли бўлиб, исломий шариат талабларига мос ҳар қандай маҳсулот ва хизматларни ўз ичига олади.

Исломий ҳалол муносабатлар ҳаётнинг барча жабҳаларини ўзида мужассам этиб, исломий шариатнинг икки манбаси – Қуръон ва Суннат асосида ўрнатилади. Ҳалол озиқ-овқат ва озиқ-овқат истеъмоли истеъмолга исломий қонунлар асосида рухсат этилганликни англатади. Ҳаром эса дин бўйича тақиқланган озиқ-овқат маҳсулотларидир.

Исломий нуқтаи назардан келиб чиқиб инсон истеъмоли учун ҳаром бўлган маҳсулотлар қуйидагилар[3]:

*                       нотўғри ўлдирилган ҳалол ҳайвон гўштлари;

*                       Аллоҳдан бошқа исм билан сўйилган ҳайвон гўштлари;

*                       хачир, эшак, чўчқа ва фил гўштлари;

*                       алкогол ва заҳарли моддалар;

*                       заҳарли бўлган барча ўсимликлар;

*                       шер, ит, бўри ёки йўлбарс каби тирноқли ҳайвонлар;

*                       бойқуш, бургут, лочин, қирғий каби қушлар;

*                       сичқон, чаён, илон, чумоли, суварак, ўргимчак, ари каби зараркунандалар;

*                       юқорида санаб ўтилганлар билан ифлосланган озиқ-овқат маҳсулотлари.

Ҳалол концепциясида мусулмонлар учун тайёрланадиган озиқ-овқатлар сифатли, хавфсиз, гигиеник, шу билан бирга, ҳалол бўлиши керак. Алоҳида таъкидлаш керакки, мусулмонлар ўзларининг ҳар бир луқма таомларини ҳалол меҳнат ила топиши зарур бўлади. Яъни озиқ-овқатнинг жисми ҳалол бўлиши билан бирга, уларни ишлаб топишда воситачи бўлган касб ҳам ҳалол бўлиши шарт. Шариатда ҳаром қилинган қароқчилик, ўғрилик, порахўрлик, зўравонлик, алдамчилик каби йўллар билан топилган пулга сотиб олинган озиқ-овқатларнинг барчаси ҳаром ҳисобланади[4].

Ислом илми тарғиб қилган юқоридаги таълимотга мусулмонлар ўз сайёҳатлари даврида ҳам амал қилишади. Шундай экан, уларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб республикамизда “ҳалол” туризм бозорини ривожлантириш талаб этилади.

Ҳалол туризм[5] хизмати оилавий ҳордиқ чиқариш, ҳамёнбоп турар жойларда тунаб, сифатли, озода овқатланиш шохобчаларида таомланиш асосида камчиқимликни хуш кўрувчи ва исрофдан ўзини тиядиган кишилар учун яратилган хизматдир.

Жаҳон статистикаси маълумотларига кўра, мусулмон сайёҳлар сони йилдан йилга тез суръатларда ўсиш тенденциясига эга.

Mastercard ва Crescent Rating томонидан ўтказилган тадқиқотларга кўра, 2026 йилга бориб маҳаллий ва хорижий сайёҳатларга чиқадиган мусулмон сайёҳлар сони 230 миллионнафарга етиши кутилмоқда. Мусулмон саёҳатлар 2020 йилгача 220 миллиард доллар, 2026 йилга бориб 300 миллиард доллар миқдорида маблағ сарфлашлари тахмин қилиняпти[6].

Мусулмон сайёҳлар бозорининг ўсиб боришига қуйидаги асосий омиллар таъсир кўрсатмоқда:

  • § мусулмон аҳоли сонининг ўсиб бориши. Айниқса, 2010-2050 йиллар мобайнида ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли сони 75 фоиз ўсиши;
  • § ўрта синф аҳоли даромадлари ошиши;
  • § саёҳатлар тўғрисидаги маълумотларнинг кўпайиши;
  • § мусулмон саёҳатчиларга хизмат кўрсатиш сифатининг яхшиланиши.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда дунё аҳолиси таркибида мусулмонлар салмоқли улушга эга. Бу эса, ўз навбатида, мусулмон аҳоли эҳтиёжини қоплайдиган замонавий озиқ-овқат бозорида сезиларли ўзгаришларни, айниқса, “ҳалол” маҳсулот саноатини жадал ривожлантиришни талаб этади.

 

Mastercard-CrescentRating Global Muslim Travel Index дунё бўйича мусулмон сайёҳларга энг яхши хизмат кўрсатувчи давлатларнинг TOP 10 рейтингини эълон қилди. Ундан қуйидаги давлатлар ўрин эгаллади.


  1. Малайзия
  2. Индонезия
  3. Саудия Арабистони
  4. Бирлашган Араб Амирликлари
  5. Миср
  6. Туркия
  7. Қатар
  8. Уммон
  9. Баҳрайн
  10. Эрон.

Европа озиқ-овқат саноати ҳам “ҳалол” маҳсулотлар ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирмоқда. Европадаги айрим ишлаб чиқарувчилар ҳалол маҳсулотларни мусулмон мамлакатларига етказиб бериш билан шуғулланмоқда. Масалан, Нидерландия ҳалол маҳсулотларни асосан Европа, Шарқ ва Африка бозорларига етказиб бермоқда. Қўшимча хавфсизлик, гигиена ва сифат кафолати хусусиятлари боис, дунёдаги мусулмон бўлмаган аҳоли ҳам ҳалол озиқ–овқатларни афзал кўрмоқда. Бу, ўз навбатида, ҳалол маҳсулот ва хизматларга талабни оширмоқда.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ҳам бугунги кунда туризмни ривожлантириш учун “ҳалол” стандартларига асосланган “ҳалол овқатланиш” хизматларини йўлга қўйиш долзарбдир.

Статистик маълумотларга кўра, мамлакатимизга ташриф буюраётган чет эллик сайёҳларнинг салмоқли қисми мусулмон мамлакатлари фуқаролари ҳисобланади.

8_10_bet

2018 йил давомида ташриф буюрган 326 мингдан ортиқ узоқ хорижий сайёҳнинг энг катта улуши – 41299 нафари Туркия ҳиссасига тўғри келади.

Юқоридаги маълумотлар мусулмон давлатлардан келувчи сайёҳлар улуши салмоқли эканини кўрсатмоқда.

Мамлакатимизга келаётган туристлар сонининг ўсиши, ўз навбатида, туризм хизматлари экспортининг ортишига олиб келмоқда.
8_13_bet

2-чизма маълумотларидан кўриниб турибдики, соҳага берилаётган эътибор ортидан сайёҳлар сони кескин кўпайиши натижасида туризм хизматлари экспорти ҳам йилда йилга ошиб, 2018 йилда соҳада 1 миллиард АҚШ долларига яқин экпорт қилишга эришилган. Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, 2019 йилда бу рақам 1,3 миллиард АҚШ доллари бўлиши прогноз қилинмоқда.

Шунингдек, зиёрат туризми бўйича мамлакатимизнинг салоҳиятини ҳисобга олиб, зиёратчиларга зарур қулайликлар яратиш мақсадида Дин ишлари бўйича қўмита таркибида Зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш бўлими ташкил этилиши ва Малайзия, Туркия, Индонезия каби давлатлар учун визасиз режим жорий этилиши юртимизга мусулмон сайёҳлар ташрифи кўпайишига сабаб бўлди.

Мамлакатимизга келаётган мусулмонлар учун халқаро ҳалол стандартлар асосида ҳалол овқатланиш хизматларига бўлган талаб ҳам ошиб бораётганлиги сабабли бу тизимни шакллантириш долзарб ҳисобланади.

Туристларга ҳалол овқатланиш хизматларини тақдим этишда ресторан алоҳида аҳамият касб этади. Ресторан фаолиятини йўлга қўйишда ресторан концепциясини танлаш, ҳалол овқатланишни ташкил этиш жуда зарур бўлиб, қуйидагиларга эътибор қаратишни талаб этади:

1. Ресторанда овқатланиш тизимини ҳалол маҳсулотлар билан таъминлашни ташкил этишга йўналтириш.

2. Мусулмон сайёҳларни тезкор жойлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш.

3. Ҳалол овқатлантириш бўйича рақобатчилар мавжудлигини таъминлаш ва шу асосида фаолиятни йўлга қўйиш.

4. Ҳалол овқатланишнинг янги замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш шакллари ва даражасини доимо ошириб бериш.

Ресторан концепциясининг энг муҳим шарти меҳмонларнинг ресторандаги таом, муҳит, янги замонавий ва сифатли хизмат кўрсатиш шакллари ҳамда даражалари тўғрисида олдиндан аниқ билиш истагини қондириш ҳисобланади.

Ресторан концепциясида меҳмоннинг ресторан томонидан кутиб олинишига таъсир қилиши мумкин бўлган ҳамма жиҳат акс этиши керак. Концепцияни ишлаб чиқиш ресторан қиёфасини яратадиган ғояларни яратиш, таҳлил қилиш ва тизимлаштириш жараёнидир[1]. Ресторан эгаси ва ишлаб чиқарувчиси бир нечта мураккаб қарорларни қабул қилишлари, меҳмонларга доимий мижоз бўлиб қолиши учун қулай имконият яратиши зарур.

Ресторан концепциясини танлашда, асосан, озиқ-овқат маҳсулотларини танлаш, оила имтиёзлари, даромад даражаси, меҳнат муҳити, турмуш сифати, ижтимоий шароитлар, диний эътиқодлар ва бошқалар ҳисобга олинади.

Ресторанларда ҳалол овқатланиш хизматларини тақдим этишда қуйидагилар эътиборга олиниши зарур:

– ресторанларни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда мусулмон сайёҳлар учун ҳалол стандарти талабларига қатъий амал қилиш;

– мамлакатнинг барча ҳудудларида бир хил ресторан сервиси ва хизматларни амалга оширишда юқори хизмат кўрсатиш маданиятини шакллантириш;

– ресторанда хизмат кўрсатувчи ходимларнинг муомала ва кийиниш маданиятига қатъий амал қилишини доимий назоратга олиш;

– ресторанлар ва бошқа овқатланиш корхоналарида эргономик талаблар, техника хавфсизлиги ва санитария қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлаш;

– ресторан ходимларининг умумий меҳнат натижалари ҳар бир ходимнинг шахсий меҳнат натижаларига боғлиқ бўлишини инобатга олиб, уларда меҳнат вазифасига бўлган мотивацияни шакллантириш;

– ресторанларга тоифалар берилишининг миллий тизимини ишлаб чиқиш ва бунда стандарт талаблари билан бирга янги инновацион дастурлар ҳамда технологияларнинг доимий равишда қўлланилишини инобатга олиш;

– умумий овқатланиш корхоналарининг турлари, таркиби, тақдим этиладиган хизмат шакллари ва нархлари тўғрисида мамлакат ва ҳудудлар миқёсида ягона электрон база яратиш.

Қулмамат МИРЗАЕВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти профессори, и.ф.д.

Зиёбидин СУВОНОВ,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти ассистенти.

Аннотация

Ушбу мақолада республикамиз умумий овқатланиш корхоналарида халқаро “ҳалол” стандартлари асосида “ҳалол” овқатланиш хизматлари жорий этилишининг истиқболлари баён этилган ва унинг ресторанлар концепциясини танлашдаги афзалликлари борасида тавсиялар берилган.

В данной статье приведены перспективы внедрения услуг питания «Халол» на основе одного из мировых стандартов «Халол» и даны рекомендации по его преимушеству при выборе концепции ресторанов в Республике Узбекистан

This article presents the prospects for the introduction of Halol catering services on the basis of one of the international standards Halol and gives recommendations on its advantage when choosing a restaurant concept in the Republic of Uzbekistan

Калит сўзлар: хизмат кўрсатиш, “ҳалол”, ҳалол овқатланиш, ресторан концепцияси, “ҳалол” туризми, мусулмон аҳоли, “ҳалол”стандарти.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони. 2019 йил 5 январь.

2. Ўзбекистон Президентининг “2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори. 2018 йил 16 март.

3. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ижтимоий одоблар”, “Ҳилол-нашр”. Тошкент. 2018 й. 80-81-бетлар.

4. Global Muslim Travel Index 2019, Mastercard-CrescentRating, APRIL 2019.

5. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий нашриёти.Тошкент.

6. Катсигрис Костас, Томас Крис. Учебник ресторатора: проектирования, оборудования, дизайн [пер.с анг. Пракофьев С.В.].-М: ООО «Издательский дом «Ресторанные ведомости», 2008.-576с:-ISBN 978-5-98176-059-4.

7. www.islam.ru/ исламский информационный портал. 31 марта 2019 год.

8. www.stat.uz  

9. www.uzbekistonovozi.uz

10. http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasi-prezidenti-shavkat-mirziyeevning-oliy-22-12-2017.



[1] Катсигрис Костас, Томас Крис. Учебник ресторатора: проектирования, оборудования,дизайн [пер.с анг. Пракофьев С.В.].-М: ООО «Издательский дом «Ресторанные ведомости », 2008.-576с:-ISBN 978-5-98176-059-4


[1] Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2018-2019 йилларда Самарқанд вилоятида туризмни янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори, 2018 йил 16 март.

[2] Ўзбек тилининг изоҳли луғати, “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” давлат илмий  нашриёти.Тошкент; 494-бет.

[3] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ижтимоий одоблар”, “Ҳилол-нашр”. Тошкент. 2018 й. 80-81-бетлар.

[4] Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. “Ижтимоий одоблар”, “Ҳилол-нашр”. Тошкент. 2018 й. 82-бет.

[5] www.uzbekistonovozi.uz

[6]Global Muslim Travel Index 2019, Mastercard-CrescentRating, APRIL 2019.

 

 

 

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"