Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5874
8523
9394

-871
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
228654
271347
0

+271347

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 213 923
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Кластер – Ўзбекистонда аграр соҳани ривожлантиришнинг истиқболи

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигини риволантириш 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган муҳим вазифалар асосида амалга оширилмоқда. Шу боис, илғор технологияларга асосланган инфратузилмани яратиш, қишлоқ хўжалигида кластер усулини жорий этишга жиддий эътибор қаратилаяпти. Ана шундай инновацион лойиҳалардан бири Бухоро вилоятида амалга оширилмоқда.

Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017 — 2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида айнан ушбу ҳудудда “BCT Cluster” хориж корхонаси ташкил этилди. Бунинг учун 123,1 миллион АҚШ доллари қийматидаги инвестиция йўналтирилиб, тўқув-трикотаж фабрикалари ташкил этилади.

Лойиҳа кўра, мазкур кластер тизимида жами саккизта компания фаолияти йўлга қўйилади. Пахта экиш агрокомплекси, пахтани қайта ишлаш ва тозалаш заводи, бешта фабрикани ўз ичига олган тўқимачилик мажмуаси, ёғ-мой заводи, 12 минг бош қорамол парваришлашга мўлжалланган чорвачилик фермаси, биогаз ишлаб чиқариш заводи, тежамкор технологияларга асосланган 20 гектарлик иссиқхона, 25 турдан ортиқ сут ва гўшт маҳсулотлари тайёрланадиган корхона шулар жумласидандир. Матони бўяшда ишлатиладиган қимматбаҳо табиий бўёқ олинадиган индиго-ферум ўсимлиги ҳам айнан кластер ҳудудида экиляпти.

Кластернинг инновацион тўқимачилик корхоналари учун саноатбоп хомашёнинг бир қисми эса томчилатиб суғориладиган экин майдонларида етиштирилади. Ёғ-мой заводида чигитни қайта ишлаш ҳисобига олинган ёғ истеъмолчиларга жўнатилса, кунжара ҳамда шулха шу ердаги ферма эҳтиёжларини таъминлашда қўл келади. Ўз навбатида, чорвачилик мажмуаси ва ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган органик чиқиндилар келгусида бунёд этиладиган 20 гектарли иссиқхонани иситиш манбаи бўлган биогаз ҳамда қимматбаҳо ўғит — биогумус ишлаб чиқаришга йўналтирилади.

Пахта-тўқимачилик кластери ягона технологик занжирга бирлаштирилган корхоналар мажмуи ва аҳоли турли қатламларини ўзида жамловчи боғлам, айни пайтда соҳада инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичидир. У илм-фан, таълим ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини чуқурлаштириш, янги инновацион технологияларни амалиётга жадал жорий этишда долзарб аҳамиятга эга. Чунки бу ерда хомашё қайта ишлашнинг барча босқичидан ўтиб, экспортбоп тайёр маҳсулотга айланади. Шундай экан, кластерни яратиш олим ва иқтисодчилар, қишлоқ хўжалиги, саноат ходимлари, дизайнерлар салоҳияти, илғор тажрибасини ягона мақсад йўлида бирлаштиришни тақозо қилади. Янги лойиҳани ишлаб чиқишда нафақат ўзбекистонлик, балки хорижлик етакчи олимлар, илмий тадқиқот марказлари ходимлари, мутахассислари ҳамда тадбиркорлар жалб этилгани соҳа ривожланиши учун асос бўла олади. Қолаверса, шу ернинг ўзида илмий-техник кенгаш, илмий марказ ва кадрлар тайёрлаш бўйича кенгаш тузиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Бизнинг мисолимиздаги инновацион кластер — бир мажмуа доирасида бир жамоа бўлиб ерларни шудгорлаш, чигит экиш, пахтани парваришлаб, ҳосилини йиғиб-териб олиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш ва маҳсулотни тайёр ҳолатга келтириш билан боғлиқ корхоналарни бирлаштирувчи ишлаб чиқариш услубидир.

Мазкур жараёнда ҳамма меҳнаткашларнинг манфаатлари уйғунлашади. Яъни хомашё етиштирувчи уни қайта ишловчиларгача бўлган барча ишчи-ходим маҳсулот сифатига бирдек жавобгар бўлади. Чунки охирги товарни сотишдан пайдо бўладиган қўшимча қийматнинг бир қисми шу ишга бош қўшган меҳнаткашларга тақсимланади. Бундай рағбат уларни номигагина эмас, балки сидқидилдан меҳнат қилишга ундайди. Ҳаёт ҳақиқати шуки, агар охирги маҳсулот олувчилар билан ерга ишлов берувчилар манфаатлари бир-бирига боғланмас экан, бундан нафақат деҳқон ёки инвестор, балки давлат ҳам ютқазади.

Айни пайтда юқорида номи қайд этилган кластер тизимига Ромитан туманидан 8000 гектар ер ажратилган. Илгари шунча майдонда атиги 436 киши меҳнат қилган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 2 мингдан ошди. Келажакда бу рақам янада ортади. Энг муҳими, ишчидан тортиб, менежер-раҳбарларгача ҳар томонлама мақбул ойлик иш ҳақлари белгиланган.

Шу ўринда кўпчиликда савол туғилиши табиий: ойлик маош миқдорининг қониқарли эканлиги тушунарли ҳол, лекин меҳнат қилиш муддати мавсумий-ку?

Аслида ундай эмас. Кластер тизимида деҳқон ҳам, раҳбар ҳам қишин-ёзин ишлайди. Яъни улар йил давомида нафақат маош, балки яхши ишласа, мукофот пули ҳам олади. Масалан, қиш мавсумида ишчилар уч гуруҳга бўлиниб, чорва чиқиндиларини йиғади. Ҳар бир бригадага 100 гектардан майдон ажратиб берилади. Уларда қазилган катта-катта ҳандақларда биогумус тайёрлаш йўлга қўйилади. Ҳисоб-китобларга кўра, чорвачиликда гўшт-сут маҳсулотларидан кўра, биогумус икки баробар кўп даромад келтиради.

Фикримизча, биргина Ромитан туманидаги кластерга чорвачиликни ривожлантириш учун Германиядан жиҳозлар олиб келинаса, шунингдек, 230 та замонавий трактор, қишлоқ хўжалиги техникаси харид қилинса, бунинг натижасида муҳандис, ҳайдовчи, механизатор каби мутахассисликлар бўйича қўшимча 500 та иш ўрни яратилади. Умуман, келажакда кластер тизими тўлиқ ишга туширилса, жами ўн мингга яқин доимий иш жойи пайдо бўлади.

Кластер тизими экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашда ҳам жуда қулай ҳисобланади. Ҳозирги вақтда мамлактимизда айрим ерларнинг унумдорлиги пасайиб кетган. Шунинг учун, энг аввало, экин майдонлари унумдорлигини ошириш керак. Айни шу мақсадда ерларни 41-45 сантиметр чуқурликда ҳайдаш, шўрини ювиб, экиш учун тахт ҳолга келтириш лозим.

Айниқса, тупроқ таркибини яхшилаш учун алмашлаб экишни йўлга қўйиш муҳим. Агар 8 минг гектарнинг 700 гектарига беда уруғи сепилса, ушбу ўсимлик ҳаводан табиий азот, фосфор, калийни олиб тупроққа беради. Иккинчи, учинчи, тўртинчи йили ҳам 700 гектарга беда жойлаштирилиб, фақат биринчи йилги беда экилган жойга чигит қадалади. Шунда етти йил бир ерга пахта, уч йил беда экилади. Ерларнинг унумдорлиги ортади, қувватга тўлади, пахта ҳосили ҳам кўпаяди. Алоҳида таъкидлаш лозимки, алмашлаб экиш схемасини қўлланиши натижасида пахта майдони қисқариши 8000 минг гектардан олинадиган умумий ҳосил миқдорини асло камайтирмайди. Аксинча, ҳосилдорлик ошиши ҳисобига кўпаяди.

Пахтачилик ва тўқимачилик саноати истиқболи кластер усули билан боғлиқ. Сабаби, илгари биргина Ромитан туманида 8 минг гектар майдонга пахта экилганда, қиймати қарийб 10 миллион АҚШ долларилик хомашё сотилган, холос. Кластер усули ёрдамида бу кўрсаткични 15-25 баробар кўпайтириб, 150 миллион доллар, ҳатто ундан ҳам ошириш мумкин.

Иқтисодий асосларга эътибор қаратсак. Кластер тизимидаги пахта-тўқимачилик корхонаси таркибида бешта фабрика очилади. Уларга дунёдаги энг етакчи компанияларнинг тўқимачилик жиҳозлари ва технологик линиялари олиб келиниши мақсадга мувофиқ. Шу асосда бу ерда дунёда энг қимматбаҳо бўлган “деним-индиго” жинси матоси ҳамда бошқа харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш мумкин.

Бир килограмм оддий тола кўпи билан 1,5 долларга сотилади. Кластер тизимида қайта ишланган 1 килограмм толадан тўқилган мато битта “деним-индиго” жинси шимини тикиш учун етарли. Бундай маҳсулот дунё бозорида 500 — 1000 долларгача туради. Биз эса буни минимал қийматда  15-25 доллар, деб баҳолаяпмиз. Энди ҳисоблаб кўринг, 8 минг гектардан оладиган пахтамиздан 150-250 миллион долларлик ана шундай маҳсулот тайёрланади. Оддий хомашё экспортидан келиб тушган 10 миллион қаерда-ю, бу рақамлар қаерда?

Айни пайтда мазкур кластер тизимидаги қурилиш-монтаж ишлари қизғин паллага кирган. Хусусан, “Bukhara cotton textile” кластер корхонаси ҳудудида мавжуд ишлаб чиқариш бинолари қайта таъмирланиб, янги иншоотлар бунёд этиляпти. Аниқроғи, бугунги кунга қадар 34 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Сув йўллари ва қишлоқнинг яхлитлигини сақлаган ҳолда, аҳоли билан келишиб, 5 та ҳудуддаги майдонлар                           90-120 гектардан 77 та участкага бўлинди.

Жорий йил ҳосилидан тайёрланган маҳсулотлар экспортини 45 миллион, 2020 йилда 100 миллион, 2021 йилда 150 миллион долларгача етказиш кўзда тутилган. Шунингдек, мутахассисларни Япония, Италия каби давлатларга малака оширишга жўнатиш чора-тадбирлари кўрилмоқда. Зеро, Бухородаги кластер занжирининг узилмас ҳалқаси бу илмий, таълим ҳамда кадрларни тайёрлаш тизими ҳамдир. Бундан ташқари, машҳур хорижий компаниялар билан ҳамкорликда таниқли дизайнер-модельерларни олиб келиш бўйича саъй-ҳаракатлар давом эттириляпти.

Юқоридан келиб чиқиб айтиш керакки, тўқимачилик корхоналари иқтисодий салоҳиятини кластер асосида юксалтириш, яъни кластерни пахта хомашёсини етиштирувчилар, бирламчи ва чуқур қайта ишловчилар, хизмат кўрсатувчилар ўртасида кооперация алоқаларини мақсадли ташкил этишни қуйидаги босқичларда амалга ошириш жоиз (1-чизма):

1. Давлат, ҳудудлар, хўжалик юритиш субъектларининг кластер моделини амалга оширишга тайёрлигини баҳолаш;

2. Пахтачилик-тўқимачилик кластернинг бош мақсадини аниқлаш;

3. Маҳсулот ишлаб чиқариш ва сотиш занжирини шакллантириш;

4. Пахтачилик-тўқимачилик кластерини ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини аниқлаш.

8_30_bet

Кейинги йилда кластер усулида пахта етиштиришни камида 52 фоизга етказиш учун 48 та пахта-тўқимачилик кластерини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шу билан бирга, ғалла ва мева-сабзавот кластерлари фаолиятини ҳар томонлама ривожлантириш керак. Бу соҳа биз учун нисбатан янги эканини инобатга олиб, уни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, жумладан, кредит тизимини соддалаштириш, харажатларни субсидиялаш, ер ажратиш билан боғлиқ тартибларни қайта кўриб чиқиш талаб этилади.

Уруғчиликда асл навларни яратиш мақсадида тажриба-селекция ишларини тубдан жонлантириш лозим.

Бунинг учун уруғчилик ва селекция билан шуғулланадиган институтларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, давлат-хусусий шериклик асосида уруғчилик кластерларини ташкил қилиш талаб этилади.

Қишлоқ хўжалиги экинлари ва чорвачилик бўйича янги тармоқларни ривожлантиришимиз зарур.

Бугунги кунда фермер хўжаликларининг йиллик чорва озуқасига бўлган эҳтиёжининг фақат 35 фоизи маҳаллий имкониятлар ҳисобидан қопланмоқда. Шу сабабли янги ерларни ўзлаштириш орқали экин майдонларини кенгайтириш эвазига чорванинг озуқа базасини мустаҳкамлаш, шунингдек, балиқчилик, паррандачиликни ривожлантириш ҳисобидан озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кескин кўпайтиришимиз керак.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, кластер интеграция, инновация ва иқтисодий ўсиш мезони эканлигини хулоса қилиш мумкин.

Соҳибжон ТОПИЛДИЕВ,

Тошкент Давлат иқтисодиёт университети доценти, и.ф.н.

Аннотация

Ушбу мақолада ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва ривожлантиришнинг мамлакатимиз ҳаётида тамомила янги бўлган кластер тизимини жорий этиш орқали қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноатини тараққий эттириш йўллари  изоҳланган.  Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги соҳасини бошқариш тизимини ислоҳ қилиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасидаги илғор технологияларни жорий этиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг энг муҳим вазифалари ёритиб берилган.

В данной статье изложены пути развития сельского хозяйства и текстильной промышленности через развитие кластера - новую систему организации и развития производства в Узбекистане. Также особое внимание уделяется внедрению передовых технологий для реформирования системы управления сельским хозяйством, рационального использования земельных и водных ресурсов и наиболее важных аспектов продовольственной безопасности.

This article explains the ways in which the organization of production and development of agriculture, the textile industry through the introduction of a completely new cluster system in the life of our country. At the same time, the most important tasks of the agricultural sector management system reform, introduction of advanced technologies for the rational use of land and water resources, and ensuring food security are highlighted.

 Калит сўзлар: кластер, аграрсаноат, инновация, инвестиция, ишлаб чиқариш, интеграция.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017–2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 майдаги “Бухоро вилоятида замонавий пахта – тўқимачилик кластерини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори

4. М.А.Раҳматов, Б.З.Зарипов. Кластер – интеграция, инновация ва иқтисодий ўсиш. Т.: Замин-нашр, 2018 й. 167-бет.

8. М.А.Раҳматов. “Ишлаб чиқариш кластери инновацион иқтисодиётга ўтишнинг муҳим босқичидир”. Халқ сўзи, 2017 йил 28 март.

9. М.А.Раҳматов. Кластер - интеграция, инновация ва иқтисодий ўсиш мезони. “Халқ сўзи” газетаси, 2018 йил 27 февраль.

 

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"