Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4915
8523
9394

-871
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
227695
272306
0

+272306

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 212 964
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Глобаллашув шароитида иқтисодиёт ривожланишининг ўзига хос жиҳатлари

Глобаллашув жараёни тобора чуқурлашиб бораётган ҳозирги шароитда турли мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан равнақ топиши асл моҳияти ва хусусиятларига кўра, ўтган асрдаги ҳамда ундан олдинги даврлардаги тараққиётдан тубдан фарқ қилмоқда ва ўта мураккаб қонуниятларни ўзида мужассамлаштирмоқда. Айниқса, илм-фан оламидаги, хусусан, ахборот технологиялари соҳасидаги ютуқлар амалиётга кенг жорий этилаётгани ва мислсиз самаралар бераётгани миллий бозорларнинг ўзаро чуқур интеграциялашуви ва жадал глобаллашуви учун мустаҳкам замин яратмоқда. Янаям аниқроғи, мазкур жараён дунё бўйлаб барча соҳаларда ўзаро рақобат мураккаб тарзда авж олиши ва кескинлашувига, чунончи, алоҳида миллий хўжаликларнинг халқаро меҳнат тақсимотида фаол иштирок этиши ва ўз салоҳиятини мустаҳкамлаш йўлидаги ҳаракати янада шиддат билан кучайишига сабаб бўлмоқда. Бу ўринда жадал ривожланиб, глобаллашув жараёнига қўшилаётган миллий иқтисодиётлар муваффақиятлар гарови бўлиши билан бир қаторда, муаммоли ва зиддиятли оқибатларга туртки бераётганини ҳам доимо назарда тутиш лозим.

Ҳозир жаҳон хўжалиги тизимидаги барча мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ва ривожланиш даражаси хилма-хиллиги, сармоя ва технология борасидаги имкониятларининг номутаносиблиги, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва экологик муаммолар муттасил кучайиши, давлатларнинг аҳоли потенциали ва ижтимоий-маданий турмуш тарзидаги катта тафовутлар, шу каби бошқа шарт-шароитлар ҳамда омиллар халқаро миқёсда яхлит ягона тизим вужудга келишига ва барқарор ривожланишига ғов бўлади. Глобаллашув жараёнларининг яна бир ўзига хос нозик қирраси – бу муайян мамлакат ёки минтақада рўй бераётган ижтимоий-иқтисодий тангликлар ва таназзулларнинг табиий равишда бошқа давлатлар иқтисодиётига ҳам кучли салбий таъсир кўрсатишидир. Инқирознинг кўплаб миллий хўжаликлар фаолиятида жиддий нохушликлар келтириб чиқариши ҳам айнан глобаллашув жараёнлари ҳосиласидир.

Маълумки, миллий иқтисодиётимизни халқаро даражада ривожлантириш учун мунтазам равишда ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг энг устувор ва муҳим йўналишлари белгилаб берилмоқда. Улар изчил амалга оширилиши шарофати ўлароқ, соҳанинг барча тармоқларида катта ютуқларга эришилмоқда. Шунингдек, мамлакатимизнинг мустақил тараққиёти мобайнида ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг салмоғи ортиб, мутлақ қиймати юксалиб бормоқда. Миллий иқтисодиётнинг барқарор ўсиши эса макроиқтисодий мутаносибликни таъминлашга, ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишини такомиллаштиришга, модернизациялаш ва технологик янгилашни узлуксиз давом эттиришга замин яратмоқда. Бу масалаларга Президентимиз 2017 йил 7 февралда имзолаган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги Фармонда ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этишдек долзарб вазифалар қатъий белгилаб қўйилган [1].

Миллий иқтисодиёт барқарор ривожланиши учун тармоқлар ва соҳалар ўртасидаги мутаносибликни оқилона ташкил этиш лозим. Зеро, иқтисодиётда тармоқлараро ва тармоқ ичи мутаносиблиги – ҳар қандай ижтимоий-иқтисодий тизимнинг изчил ва мақбул равнақи топишида беқиёс ўрин тутади. Мамлакатда такрор ишлаб чиқариш жараёни макро даражада ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқариш кўринишида ҳосил бўлади ва унинг истеъмол қилиниши бўйича таркибий тузилиши иқтисодий ўзгаришлар йўналишларини белгилаб беради. Бу ўзгаришлар асосида аҳолининг якуний истеъмолга ва жамғаришга бўлган мойиллиги, ишлаб чиқаришни модернизациялашнинг инвестицион имкониятлари ва экспортга ихтисослашганлик ҳолати ҳақида тасаввур ҳосил бўлади.

Миллий иқтисодиётнинг таркибий тузилиши ишлаб чиқаришда тармоқларнинг ўрни ва ривожланиш тенденциясини, етакчи тармоқларда самарадорлик ўсишини, ресурслар тежамкорлиги ва унумдорлигини аниқлаш имконини яратади. Натижада давлатлар миллий ишлаб чиқаришнинг тармоқ ва соҳалардаги ютуқлари ҳамда муаммоларини аниқлайди, шундан келиб чиққан ҳолда, макроиқтисодий сиёсатларнинг устувор йўналишларини белгилаб, амалга оширади. Бинобарин, миллий иқтисодиётнинг тармоқ ва соҳалари тузилишининг хилма-хиллиги унинг яхлитлиги ва диверсификациялашганлигини намоён этиб, уларнинг бир-бирига ўзаро таъсирини кўрсатиб беради. Бу ранг-баранглик табиий, иқтисодий, ижтимоий, технологик, сиёсий, ҳудудий, географик жойлашув, даромад тақсимоти ва бошқа хусусиятлар негизида келиб чиқиши мумкин. Кўрилажак чора-тадбирлар ва амалга оширилажак фаолиятлар эса объектив шарт-шароитларга асосланиши даркор.

Дарвоқе, мамлакат иқтисодиётида макроиқтисодий мутаносиблик миллий миқёсда намоён бўлади ва у ЯИМ истеъмоли билан ишлаб чиқариши ўртасидаги муносабатларда акс этади. Хусусан, ишлаб чиқариш жараёнида истеъмол моллари ҳажми унга бўлган талабга нисбатан ўсиб кетса ёки инвестицион товарлар таклифи етарли бўлмаса, ўртадаги фарқ ташқи савдо ҳисобига, яъни ортиқча маҳсулот экспортга йўналтирилиб ва тақчил ишлаб чиқариш воситалари импорт қилиниб, мувозанатга келтирилиши керак. Агар мувозанат таъминланмаса, биринчидан, ортиқча истеъмол товарларининг исрофи кўпаяди, иккинчидан, инвестицион товарларнинг тақчиллиги ишлаб чиқариш қувватлари чекланишига олиб келади. Юқоридаги вазиятнинг акси рўй берган тақдирда ҳам моҳиятан шундай оқибат келиб чиқиши табиий. Шунинг учун миллий иқтисодиёт тармоқлари ҳамда соҳалари бўйича мутаносибликни ва мувозанатни таъминлаш барқарор ривожланиш учун қонуният саналади.

Бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни либераллаштириш жараёнида миллий ишлаб чиқаришни такомиллаштиришга, унинг тармоқлари ва соҳалари ўртасидаги мутаносибликни мустаҳкамлашга устувор даражада эътибор қаратилгани боис барқарор иқтисодий ўсишга эришилмоқда. Мамлакатнинг макроиқтисодий кўрсаткичлари миллий хўжаликнинг яхлит иқтисодиёти доирасидаги ижтимоий-иқтисодий жараён ва натижаларни ҳисоблаш ҳамда баҳолаш имконини берувчи кўрсаткичлардан ташкил топади [2]. Ҳар қандай давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини асослаш ва ислоҳотлар самарасини баҳолашда ЯИМнинг мутлақ ҳажми, жон бошига ўсиш суръати ва тенденцияси алоҳида аҳамиятга эга. Давлатимиз томонидан белгиланган ислоҳотлар стратегияси ва шунга мувофиқ амалга оширилаётган ишлар иқтисодий ўсиш суръатлари изчиллигини таъминлашга, ЯИМ барқарор ўсиш тенденциясига эга бўлишига ва халқаро майдонда Ўзбекистоннинг нуфузи янада ошишига хизмат қилмоқда.

Мамлакатимизнинг бу борадаги муваффақиятлари сўнгги йилларда кўпайиб бораётганини статистик маълумотлар асосида таҳлил қилиш мумкин. Жумладан, ЯИМ ишлаб чиқариш ҳажми 2017 йили жорий баҳоларда 254 043,1 млрд. сўмни ташкил этиб, олдинги йилгига нисбатан 5,2 фоизга ўсган. Ёки айтайлик, 1991-1995 йилларда ЯИМнинг пасайиш тенденцияси, 1996-2017 йилларда эса ўсиш тенденцияси кузатилган. Шу даврда ўртача йиллик ўсиш суръати 4,5 фоизга тўғри келиб, барқарор ва изчил вазиятни намоён этган.

Мустақиллик йилларида ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар бозор муносабатларига монанд олиб борилиши туфайли собиқ иттифоқнинг бошқа республикаларига нисбатан Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш пасайишига қисқа муддатда барҳам берилиб, 1996 йилдан эътиборан барқарор ўсиш босқичига ўтилди ва миллий ишлаб чиқариш тизимини диверсификациялаш бошланди. Натижада 1996-2017 йилларда иқтисодий ўсиш суръатининг ўртача йиллик кўрсаткичи 6,4 фоизни ташкил қилди. Бундай ўсишнинг асосий омиллари таҳлилидан келиб чиқиб хулоса қилсак, диёримиздаги етакчи тармоқлар салоҳияти яққол кўзга ташланади. Хусусан, охирги 10 йил мобайнида юқори ўсиш суръатлари қурилишда 3,4 мартани ёки йиллик ўртача ўсиш 13,4 фоизни, мос равишда хизматлар соҳасида 2,3 мартани ёки 8,8 фоизни, қишлоқ хўжалигида 1,8 мартани ёки  6,1 фоизни, саноатда 1,7 мартани ёки 5,4 фоизни ташкил этди. Маълумотларга қараганда, 2008-2017 йилларда ЯИМ дефлятори индекси 126,8 фоиздан 109,6 фоизгача пасайган бўлса, 2017 йилда индекснинг 120,8 фоизлик нисбатан юқори даражаси кузатилди. Бунинг асосий омили 2017 йил сентябрида валюта бозорининг либераллаштирилиши ва миллий валютанинг расман девальвация қилиниши саналади.

8_35_bet

Республикамизда қулай ишбилармонлик муҳити яратилиши ва инвестициялар кенг жалб қилиниши натижасида иқтисодий ўсиш суръати ошиб, миллий иқтисодиётнинг таркибий тузилишида муҳим сифат ўзгаришлари содир бўлмоқда. Миллий ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишини ўзгартириш чора-тадбирлари муттасил давом эттирилиши асноси иқтисодиётда диверсификациялаш жараёни чуқурлашмоқда. Истиқлол йиллари саноат ва хизматлар соҳалари ривожланишини янада фаоллаштириш эвазига ЯИМ таркибида қишлоқ хўжалиги тармоғининг улуши изчил равишда қисқарди. Чунончи, унинг салмоғи 1995 йилда 32,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2017 йили 19,7 фоизга тенглашиб, нисбатан пасайиш тенденциясига эга бўлди.

Яна бир эътиборли жиҳати шуки, ЯИМ таркибида қишлоқ хўжалигининг нисбий улуши қисқарса-да, ижобий ўртача йиллик ўсиш суръати ҳисобига бу тармоқда тайёрланадиган  маҳсулотларнинг мутлақ ҳажми мунтазам ортиб бормоқда. Қолаверса, миллий саноат ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва технологик янгилаш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилиши туфайли саноат товарлари ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми ўсмоқда. Мана, исботи: ЯИМ таркибида саноатнинг (қурилишни қўшиб ҳисоблаганда) улуши 1995 йилда 27,8 фоиз бўлган бўлса, 2017 йилга келиб 34,1 фоизга етди [4].

Ҳозир миллий иқтисодиётда хизматлар секторининг ривожи аҳоли бандлигини таъминлашнинг ва даромадларини оширишнинг асосий омиллари сирасига киради. Юртимизда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ислоҳ қилишга доир тадбирлар оқилона олиб борилиши  ушбу тармоқни иқтисодиётнинг кескин ривожланаётган секторига айлантирди. Хизматлар соҳасининг мамлакат ЯИМдаги улуши 1995 йилда 39,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2017 йилга келиб 46,2 фоизга қадар кўтарилди. Маълумотларга кўра, ЯИМ истеъмоли таркибида асосий улуш якуний истеъмол харажатларидан иборат бўлиб, унда асосий улуш уй хўжаликлари харажатлари ҳиссасига тўғри келган ва уларнинг салмоғи 1991-2017 йилларда 43,9 фоиздан 63,1 фоизгача ўсган. Шу билан бирга, таҳлил қилинаётган даврда ЯИМ таркибида давлат муассасаларининг якуний истеъмолга қилган харажатлари ҳажми сезиларли даражада камайиб, 20,7 фоиздан 16,7 фоизга тушган.

Ялпи жамғарилиш асосий фондлар ва моддий айланма воситалари ўсишини таъминлайди. Унинг улуши чорак асрдан зиёд вақт давомида барқарор ривожланиш тенденциясига эга бўлиб, ЯИМнинг ўртача 25,4 фоизига тўғри келди [5]. Хусусан, ялпи жамғарманинг катта қисми асосий капитални ривожлантиришга йўналтирилмоқда ва бу иқтисодиётда инвестицион фаоллик юқори эканлигини билдиради.1991-2017 йилларда асосий капитал ривожланишининг ЯИМдаги йиллик ўртача улуши 26,4 фоизни ташкил қилган. Шу даврда товар ва xизматлар соф экспортининг ЯИМдаги улуши ўртача 2,1 фоизни, яъни экспорт 30,4 фоизни, импорт 28,3 фоизни ташкил этган.

2001-2017 йилларда мамлакатимизда ЯИМнинг асосий элементлари бўйича барқарор ўсиши кузатилган. Якуний истеъмол xаражатларининг ўртача йиллик ўсиши 9,2 фоизга тўғри келиб, ҳажми 4,4 мартага ошган. Бу асосан уй xўжаликлари харажатлари 5,5 мартага, давлат бошқарув органларининг якка тартибдаги ва жамоа xизматлари учун реал харажатлари 2,4 мартага, жамоат ташкилотлари фаолияти жадаллашиши ва кенгайиши сабабли уй хўжаликларининг xаражатлари 2,3 мартага кўпайиши ҳисобига келиб чиққан [6].

Яна бир гап. Миллий иқтисодиётда инвестицион фаолият ривожининг муҳим кўрсаткичлари асосий капитал жамғарилиши маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ўзлаштириш ҳисобига барқарор ўсиб бораётганини исботлайди. Зеро, мамлакатимизда 2001-2017 йилларда асосий капитал жамғарилиши ЯИМга нисбатан 25,2 фоизни ташкил этиб, жадал ривожланаётган мамлакатлар кўрсаткичларига мос келган. Хусусан, асосий капиталнинг ялпи жамғарилиши 5,5 баробардан кўпроқ, ўртача йиллик ўсиш суръати эса 10,9 фоиз бўлган. Бундан кузатилаётган даврда асосий капиталнинг ялпи жамғарилиши ЯИМнинг йиллик ўртача ўсиш суръатидан, яъни 7,1 фоиздан юқори бўлгани ҳақида хулоса чиқариш мумкин [7]. Зотан, улар бозор шароитида мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг устувор йўналишлари бўлиб, хомашёга қарамликни бартараф қилиш ва ишлаб чиқаришни диверсификациялашни чуқурлаштириш, юқори қўшилган қийматга эга тармоқларни ривожлантириш ва юқори технологияли ишлаб чиқаришни ўзлаштириш талаб этилади. Айни мақсадларга эришиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар зое кетмаётир. Бунга Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга 2018 йил 28 декабрдаги Мурожаатномасида келтирилган қуйидаги рақамлар ишончли далил бўла олади: “Жаҳон банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом ва Осиё тараққиёт банклари, бошқа халқаро молия институтлари билан ҳамкорликдаги инвестициялар ҳажми 8,5 миллиард долларни ташкил этди. Бугунги кунда юртимизда, чет эл инвестициялари ҳисобидан қиймати 23 миллиард долларлик 456 та лойиҳа амалга оширилмоқда” [8].

Жаҳонда глобаллашув жараёни кучайгани сайин иқтисодиётни барқарор ва мутаносиб ривожлантиришга талаб ортмоқда. Шунга биноан, юртимизда иқтисoдий ўсишнинг узoқ муддaтли юқори суръaтини вa макрoиқтисoдий мувoзанатни тaъминлaш, ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилишини ўзгартириш жараёнларини чуқурлаштириш ва экспортни инновацион товарлар ҳисобига дивeрсификaция қилиш, xaлқaрo сифaт стaндaртлaригa мос, ички вa ташқи бoзoрлaрдa рaқoбaтбардoш мaҳсулoтлaр ишлaб чиқaриш ва самарасини ошириш юзасидан диққатга молик ишларга дадил қўл урилмоқда. Иқтисoдиётнинг етакчи тaрмoқлaри ва муҳим сoҳаларини давр талабларига мувофиқ мoдeрнизaциялашга вa тexнoлoгик жиҳaтдaн қaйтa жиҳoзлaшга, ижтимoий вa ишлaб чиқaриш инфрaтузилмaларини жaдaл ривoжлaнтиришгa, мулкдoрлар ва ишбилармонлар ролини оширишга ҳамда уларни ҳaр тoмoнлaмa қўллaб-қуввaтлaшгa, стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга оширишга ва фаoл инвестиция сиёсатини oлиб бoришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, банк-мoлия тизимини тaкoмиллaштириб, барқарoрлигини таъминлаш, транспoрт ва ахборот коммуникация соҳаларини ривoжлантириш учун пухта замин ҳозирланмоқда. Энг қувонарлиси, аҳoли бaндлигини ва дарoмадларини oшириш орқали турмуш фаровонлигини янада яхшилаш ҳамиша кун тартибида турибди.

Албатта, бу янглиғ хайрли ишлар ва истиқболли режалар келгусида энг устувор мақсад-вазифаларни белгилашда ҳам принципиал аҳамият касб этади. Демак, миллий иқтисодиётимиз янада ривожланиши ва халқаро ҳамжамиятдан муносиб ўрин эгаллаши учун ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар қамровини ҳар қачонгидан кенгайтириб, амалиётга босқичма-босқич татбиқ этиб бориш мақсадга мувофиқдир.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони.

2. З.Р.Содиқов. Бозор ислоҳотлари ва иқтисодиётни либераллаштиришни чуқурлаштириш йўналишлари. Тошкент, “Ўзбекистон” нашриёти, 2011 йил, 72-бет.

3. Stat.uz

4. Stat.uz

5. Stat.uz

6. Stat.uz

7. Stat.uz

8. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. 2018 йил 28 декабрь.

Зокир СОДИКОВ,

Ўзбекистон халқаро ислом  

академияси доценти, и.ф.н.

Аннотация

Мақолада миллий иқтисодиётнинг ривожланиш жараёни ва унинг макро даражада ялпи ички маҳсулот кўринишида намоён бўлиши таҳлил қилиниб, туб моҳияти очиб берилган. Шунингдек, мамлакатимизда иқтисодий тараққиётни таъминлашга ҳамда аҳолининг турмуш фаровонлигини оширишга хизмат қилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлар кўрсатилиб, давлатимиз айни кезларда олиб бораётган иқтисодий сиёсатнинг аҳамияти ҳақида мулоҳазалар билдирилган, пировардида мавзуга оид хулосалар чиқарилган.

 В статье анализируется процесс развития национальной экономики и его проявления в виде ВВП. В стране также существуют условия и возможности, которые способствуют экономическому развитию и благосостоянию населения. В то же время обобщаются взгляды на важность экономической политики нашей страны и дается заключение по данной теме.

 In this article I tried to analyze and enlighten the essence of growth of the national economy as well as the way it appears as GDP in the macroeconomic level. Also I have shown the factors which are providing the growth of the national economy and welfare of the population. At the same time, this article includes the views and conclusions about the economic policy conducted by our government.

 Калит сўзлар: глобаллашув жараёни, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, миллий хўжалик, халқаро меҳнат тақсимоти, жаҳон хўжалиги, сармоя, технология, экологик муаммолар, глобал молиявий инқироз, иқтисодий ислоҳотлар, ялпи ички маҳсулот, макроиқтисодий мутаносиблик, ишлаб чиқариш.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"