Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4943
8523
9394

-871
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
227723
272278
0

+272278

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 212 992
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Гаров реестри ва унинг иқтисодиёт субъектлари учун аҳамияти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2010 йил 26 ноябрдаги “2011-2015 йилларда республика молия-банк тизимини янада ислоҳ қилиш, унинг барқарорлигини ошириш ва юқори халқаро рейтинг кўрсаткичларига эришишнинг устувор йўналишлари тўғрисида”ги қарорида иқтисодиётни либераллаштиришга ва эркин бозор иқтисодиёти муносабатларини янада ривожлантиришга хизмат қиладиган қонунлар қабул қилиниши лозимлиги белгилаб берилди. “Гаров реестри тўғрисида”ги қонун ҳам шулар жумласидандир.

Гаров объектларини рўйхатга олиш мамлакатимизнинг молия-банк тизимини халқаро стандартларга мос келадиган инфратузилмани яратиш ва кредиторларнинг манфаатларини янада ишончли ҳимоя қилиш имконини беради. Интернет орқали реал вақт режимида гаров реестрига кириб фойдаланиш имкониятини таъминлайди. Яратилган ушбу тизим гаров реестри бўйича Халқаро молия корпорацияси мутахассислари томонидан юқори баҳоланди.

Гаров реестридан фойдаланиш гаровга қўйувчининг гаровдаги мол-мулкдан бошқа мақсадларда фойдаланилишини чеклаган ҳолда кредитор ва холис сотиб олувчилар манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Бу эса кредиторлар таваккалчилигининг пасайиши ҳамда тадбиркорлик субъектларининг мулк гарови остида кредитлаш имкониятини нафақат кенгайтиради, балки жараённинг тезлашишига ҳам хизмат қилади. Гаровга тақдим этилган мулк асосида кредит бериш имкониятлари кенгаяди.

Умуман олиб қаралганда, Гаров реестрини ташкил этишнинг зарурияти қарздорнинг бошқа жойга гаровга қўйилган мулки бор-йўқлиги тўғрисида кредиторларни хабардор қилиш, қарздор (мулкни гаровга қўйувчи) ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда кредиторлар ўртасида қарзни ундириш кетма-кетлигини аниқлаш масаласидан келиб чиққан. Маълумки, битта шахс аниқ мулкни бир нечта мажбурият таъминоти учун кўп маротаба гаровга қўйиши мумкин. Одатда кредиторлар қарздорнинг мулки бошқа жойда ҳам гаровда эканлигидан бехабар бўлади. Қарздор ўз мажбуриятини бажармаган тақдирда эса кредиторлар ўртасида қарзни ундириш кетма-кетлиги каби мунозарали масала пайдо бўлади. Ушбу ҳолат нафақат банк ва қарздор ўртасида, балки бизнес субъектларининг шартномавий муносабатларида ҳам учраши мумкин.

Гаров реестри рўйхатида келтирилган гаров мулклари айнан кредит муносабатларида кенг қўлланилиши қайд этилган ва қарз олувчи мажбуриятини ўз вақтида бажара олмаса, банк кредитлари гаров мулкини сотиш орқали кўриладиган зарарни қоплаш мумкинлиги кўпгина иқтисодчи олимлар томонидан ўрганилган.

Хусусан, иқтисодчи олимлардан Frederic S.Mishkin, Kent Matthews, Massimo Giuliodori асарларида гаров – қарз олувчи томонидан қарз берувчига тақдим этиладиган мулк бўлиб, нотўғри танлов оқибатида юзага келиши мумкин бўлган рискни камайтиришга хизмат қилади. Чунки қарз олувчи тўлов қобилиятини йўқотганда гаров қарз берувчининг зарари миқдорини камайтиради. Ушбу ҳолатда қарз берувчи гаровга қўйилган мулкни сотиши ҳамда ўзининг зарарини қоплаши мумкин, деб ҳисоблайди (327, 625)[1].

О.И.Лаврушиннинг фикрича, мижознинг мулк гарови банк кредити қайтарилиши таъминотининг кенг тарқалган усули ҳисобланиди. Мулк гарови гаров тўғрисидаги икки томонлама имзоланадиган шартнома билан расмийлаштирилади ва қарздорнинг мажбуриятини бажармай қолган тақдирда ўз мулкининг қиймати билан қоплаб бериш ҳуқуқини ифода этади, деб таъкидлайди (248, 352)[2].

Г.Н.Белоглазова, Л.П.Кроливецкаяларнинг тадқиқотларида мулк гарови кредитор гаровни сақлаб турувчи гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмай қолган тақдирда, уни сотиш ҳуқуқига эга ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қарз берувчи қарз олувчи томонидан ўз мажбуриятларини бажармай қолган тақдирда, гаров мулкини сотиш жараёнида бошқа кредиторларга нисбатан устун равишда гаровга қўйилган мулкнинг қиймати тўғрисида қониқтирадиган жавобни олиш ҳуқуқига эга. Қайтаришлилик таъминоти сифатида гаров мақбул ва етарли бўлиши лозим. (173, 400)[3].

Шу ўринда У.Азизов, Т.Қоралиев, Ш.Абдуллаева ва бошқаларнинг фикрича, мулк гарови - бу кредит таъминотининг энг кўп тарқалган шаклларидан ҳисобланади. Мулк гарови гаров шартномаси орқали расмийлаштирилади. Тўлов мажбурияти бажарилмаганда банк ушбу гаровни сотиш орқали кредитни қоплаши мумкин, деб кўрсатиб ўтишган (329, 768 стр)[4].

“Гаров реестри тўғрисида”ги қонунда белгиланганидек, гаров реестри – гаровга олинган ва гаровдан чиқарилган мулк ҳамда аниқ шахснинг гаровга олинган ва гаровдан чиқарилган мулки тўғрисидаги маълумотларни ҳисобга олувчи электрон база ҳисобланади. Гаровга қўйилган мулкни реестрда рўйхатга олиш – гаровга олинган мулк ҳақида реестрга ахборот юбориш орқали амалга оширилади. Гаровни реестрда рўйхатга олиш реестрда гаров битимларини ҳисобга олиш, гаров битимини қайси шахс (кредитор) аввал реестрда рўйхатдан ўтказган бўлса, бошқа кредиторларга нисбатан устунликка эгалик ҳуқуқини бериш, яъни ўз ҳақини қарздордан ундиришда кредиторларнинг кетма-кетлик навбатини ташкил этиш, кредиторлар (юридик ва жисмоний шахслар) нинг гаровдаги мулк, уни гаровга қўйувчи, мулк эгаси тўғрисида ишончли ва тўғри ахборот олишларини таъминлаш мақсадида амалга оширилади. Гаровни рўйхатга олиш субъектларига эса мулкни гаровга олиш шартномасини имзолаган томонлар (гаровга қўйувчи ва гаровга олувчи) юридик ва жисмоний шахслар киради.

“Гаров реестри тўғрисида”ги қонун ва мамлакатимиз Президентининг 2014 йил 7 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида инвестиция иқлими ва ишбилармонлик муҳитини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 июндаги “Гаров реестри тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида” 155-сонли қарори қабул қилинган.

Мазкур қарорга мувофиқ республика Марказий банки ҳузурида “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси ташкил этилиб, мазкур қарор билан гаров реестрини юритиш, гаров объектларига ўзгартиришларни киритиш ва олиб ташлаш ҳамда гаров реестрида маълумотларни излаш тартиблари белгилаб берилди.

Гаров реестридан фойдаланиш тартиби сифатида бир неча жиҳатларни белгилаб бериш мумкин. Жумладан, юридик ва жисмоний шахслар ўз хоҳишларига кўра, гаров реестридан фойдаланиш тўғрисида ариза беришлари мумкин. Мазкур ариза бир кун ичида “Гаров реестри” ДУК томонидан кўриб чиқилиб, фойдаланувчига шахсий кабинет очиш, авторизация қилиш ва шахсий кабинетларга киришга рухсат берилади. Фойдаланувчилар ўз хоҳишларига мувофиқ, реестрга ёзувлар киритишади. “Гаров реестри” ДУК томонидан реестрдаги ёзувни автоматик равишда санаси ва вақтини кўрсатган ҳолда рўйхатдан ўтказади ҳамда ёзув киритилганлиги ҳақида бир марталик ҳисобот тақдим этади. Фойдаланувчи ўз хоҳишига кўра, реестрдан ахборот излаши ва излаш натижалари тўғрисида ахборот беришни талаб қилиши мумкин. Фойдаланувчилар томонидан берилган талаблар асосида “Гаров реестри” ДУК томонидан бир кун муддатда излаш натижалари тўғрисида кўчирмалар тақдим этади. Агар гаров реестри тўғрисидаги маълумотлар қарздор томонидан нохолис ва тўғри эмас, деб топилган тақдирда фойдаланувчи қарздорлар фойдаланувчи кредиторларга шахсий кабинетлари орқали ёзув ўзгартирилганлиги тўғрисида мурожаат қилишлари  мумкин. Кредитор ёзувига қарздорнинг эътироз киритиши мумкин бўлиб, мазкур талаб “Гаров реестри” ДУК томонидан бир ҳафта муддатда кўриб чиқилади (1-чизма).

9_22_bet

Гаров тўғрисида ахборотни реестрга бошқалардан олдин киритган кредитор бу мулкка эгалик ҳуқуқини қўлга киритади ва бошқа кредиторларнинг талаби ундан кейинги навбатда қондирилади. Гаров тўғрисидаги ахборотда гаров кимга тегишли эканлигини, кимнинг мажбурияти учун қўйилганлиги аниқ кўрсатилиши шарт. Гаров тўғрисидаги ахборотни киритган шахс (кредитор) мажбурият бажарилгандан сўнг мулк гаровдан озод қилинганлиги тўғрисидаги маълумотни бир иш куни ичида киритиши шарт. Бунда фақат мулкни гаровга олувчи шахс мулкнинг гаровдан озод қилинганлиги тўғрисидаги ахборотни киритиш ҳуқуқига эга. Реестрга киритиладиган ахборот жуда содда, аниқ ҳамда энг зарур маълумотларни ўз ичига олиши зарур, яъни улар гаров тўғрисидаги маълумот, гаровнинг номи ва батафсил тавсифи, сони, миқдори, модификация рақами, заводда чиқарилган вақти ва қўйилган рақами, давлат рақами ва бошқалардан иборат. Бундан ташқари, ахборот кредитор (мулкни гаровга олувчи) ва мулкнинг эгаси тўғрисидаги маълумотларни ҳам, яъни кредиторнинг, солиқ тўловчининг индивидуал рақами (СТИР), телефон рақами, манзили, факс рақами, электрон почта манзили, агар жисмоний шахс бўлса, қўшимча равишда унинг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт маълумотлари, СТИРни (агар мавжуд бўлса) ўз ичига олади. Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, жисмоний шахснинг телефон рақами, манзили ва бошқа шахсий маълумотларини реестрга юбориш ҳамда бошқа шахсларга тақдим этиш масаласига алоҳида эътибор бериш керак. Ундан олинган ахборот бўйича қандай қарор қабул қилиш фойдаланувчининг мутлақ ҳуқуқидир, реестр маълумотларидан фақат ахборот сифатида фойдаланилади. Умуман, гаровни рўйхатга олиш тизимининг мавжудлиги мамлакатимизнинг халқаро рейтинги ошишига, кредит хатарини камайтиришга, кредиторлар манфаатларининг ҳимояланишига ҳамда қарздор ва гаров тўғрисида хабардорлик даражасининг ортишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Гаров реестри гаровга қўйилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқларни бериш ёки уларни олишни истаган шахсларга бериш, шунингдек, гаровга олинган мулкни имтиёзли ҳуқуқларини аниқлаш учун фойдаланиладиган ягона ахборот маълумотлар базаси ҳисобланади.

Гаров реестридан фойдаланиш гаровга қўйувчининг гаровдаги мол-мулкдан бошқа мақсадларда фойдаланилишини чеклаган ҳолда кредитор ва холис сотиб олувчилар манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлайди. Бу эса кредиторларнинг таваккалчилигининг пасайишига ҳамда тадбиркорлик субъектларини мулк гарови остида кредитлаш имконияти кенгайишига ва жараёни тезлашишига хизмат қилади.

Юртимизда гаров реестрига боғлиқ хизматлар билан “Гаров реестри” давлат унитар корхонаси шуғулланмоқда. Ҳозирга қадар фойдаланувчилар гаров реестрига 420 мингдан ортиқ ёзув киритган бўлса, шундан 433 мингга яқини мол-мулклар тўғрисидаги маълумотлардир. Шунингдек, гаров реестридан мол-мулклар тўғрисида 3,9 мингдан ортиқ кўчирма маълумотлар олинган. Бу ёзувларда 308 мингта 100 миллион сўмгача ва 103 мингта 100-500 миллион сўмгача қийматдаги мол-мулклар тўғрисида маълумотлар киритилган.

Амалиётда банклар томонидан кредит гаров таъминоти сифатида олинган мол-мулклар бўйича тегишли равишда гаров реестри шакллантирилади. Мазкур жараён 2014 йилдан жорий этилиб, ҳозирда реестрда 473 мингдан ортиқ гаров объектлари рўйхати шакллантирилишига эришилди (2-чизма).

9_23_bet

Ўзбекистонда гаров реестрини ривожлантириш бўйича эришилган натижаларни Халқаро молия корпорациясининг гаров реестри бўйича халқаро экспертлари юқори баҳоламоқда. Жумладан, гаров реестрига киритилган ёзувлар 2014 йилда  146,5 мингдан ортиқ бўлган бўлса, 2017 йилда уларнинг сони 2014 йилга нисбатан 43,5 мингтага камайиб, 103 минг донани ташкил этди. Амалда кредит шартномаси тугаб, гаров реестридан чиқарилган мол-мулклар 2014 йилда 1 600 тани ташкил этгани ҳамда кейинги йилларда сезиларли даражада кўпайди. Жумладан, 2015 йилда 27 000 та, 2016 йилда 28000 та, 2017 йилда 25000 тани ташкил этди. Тегишли гаров таъминотлари бўйича тақдим этилган кўчирмалар эса 2015 йилда 1700 та, 2016 йилда 800 та, 2017 йилда 1100 тадан иборат бўлиб, ўз-ўзидан камайиш тенденциясига эгалигини кўрсатади.

Бундан ташқари, гаров реестри хизматларидан ҳозирги кунда 172 дан ортиқ ташкилотлар жумладан, барча тижорат банклари, ломбардлар, микрокредит ташкилотлар, лизинг ташкилотлари ва жисмоний шахслар фаол тарзда фойдаланмоқда (3-чизма).

9_24_bet

 

Гаров реестридан фойдаланувчилар сони ва таркиби 2014 йилга нисбатан сўнгги йилларда кўпайди. Жумладан, 2017 йил якунларига кўра, 26 та тижорат банки, 41 та микрокредит ташкилоти, 48 та ломбард, 4 та лизинг компанияси, 37 та жисмоний шахс ва 16 та бошқа ташкилотлар гаров реестридан фойдаланган.

Юқорида кўриб чиқилган баҳолаш ёндашувларининг амалиётда қўлланилиши бўйича тўхталиб ўтишни мақсадга мувофиқ кўрдик. Таъкидлаш жоизки, амалиётда қўлланилган ёндашувлар доирасида олинган натижаларни мувофиқлаштириш кузатилади. Баҳолаш натижаларини мувофиқлаштириш – баҳолашга нисбатан турли ёндашувлар ёрдамида олинган натижаларни ўлчаш ва таққослаш йўли билан баҳолаш объектининг якуний қийматини аниқлашдир.

Динара АБДИКАРИМОВА,

Тошкент молия институти доценти (PhD).

Аннотация 

Мақолада инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда гаров таъминоти тўғрисида муҳим маълумотларни тақдим этувчи гаров реестри ва ундан фойдаланиш тарғиботи ҳамда аҳамияти тўғрисида фикр юритилган.

***

В статье обсуждается залоговый реестр, предоставляющий важную информацию о залоговом обеспечении при финансировании инвестиционных проектов, а такжепродвижение его использованияи его важность.

***

The article discusses a collateral registry that provides important information about collateral when financing investment projects, as well as promoting its use and its importance.

Калит сўзлар: банк, кредит, гаров объектлари, гаров реестри, юридик ва жисмоний шахслар, қарздор (кредитор).

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси.[ОКОЗ:1.03.00.00.00 Фуқаролик қонунчилиги / 03.10.00.00 Мажбурият ҳуқуқи / 03.10.04.01 Умумий қоидалар / 03.10.99.00 Гаров]www.lex.uz

2. Ўзбекистон Республикасининг “Гаров реестри тўғрисида”ги Қонуни 2013 йил 22 август. www.lex.uz

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Республика банк тизимини янада ривожлантириш ва барқарорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3270-сонли қарори. 2017 йил 12 сентябрь.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-3620-сонли қарори. 2018 йил 23 март.www.lex.uz 

5. F.Mishkin, K.Matthews, M.Giuliodori. The econimics of money, banking and financial markets” Pearson Education Limited 2013 (print and electronic), 625 p.

6. Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 12 июндаги “Гаров реестри тўғрисида”ги 155-сонли қарори. www.lex.uz

7. У.Азизов ва бошқ. Банк иши. Дарслик. – Т.,“Иқтисод-молия”, 2016 й. – 768 б.

8. Банковское дело. Учебное пособие / Под ред. О.И.Лаврушина. – М.: КНОРУС, 2009 г. – 352 с.

9. Банковское дело. Учебник. Под ред. Г.Белаоглазовой, Л.Кроливецкой. -СПб.: Питер, 2010 г. – 400 с.

10. www.garov.uz


[1] F.S.Mishkin, K.Matthews, M.Giuliodori.The econimics of money, banking and financial markets. – USA:  Pearson, 2013. – P.327

[2] Банковское дело. Учебное пособие / Под ред. О.И.Лаврушина. – М.: КНОРУС, 2009 г. – С. 248

[3] Банковское дело.Учебник. Под ред. Г.Белаоглазовой, Л.Кроливецкой.-СПб.: Питер, 2010 г. – С. 173.

[4] Азизов У, Қоралиев Т., Абдуллаева Ш. ва бошқ. Банк иши. Дарслик. – Т.: “Иқтисод-молия”, 2016 г. – Б. 329.

 

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"