Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
0
0
0

+0

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 12 417 165
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Қишлоқ хўжалигининг техник салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг илмий-амалий асослари

Қишлоқ хўжалигидаги иқтисодий ислоҳотлар муқаррар равишда ундаги мавжуд техник салоҳиятнинг ташкилий шаклларини ислоҳ қилишга олиб келди. Бу соҳага янги техника ва илғор технологияларни жорий этиш эса маҳсулот етиштириш ҳажмини кўпайтириш, таннархини арзонлаштириш, қўл меҳнатини камайтириш ва иш унумдорлигини оширишда муҳим ўрин тутади. Ана шунинг учун ҳам Президентимиз 2019 йил 17 апрелда имзолаган “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонда кенг кўламли замонавий молиявий хизматларни ривожлантириш ва сифатли қишлоқ хўжалиги техникасидан фойдаланиш имкониятини ошириш орқали қишлоқ хўжалигини механизациялаш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлашни рағбатлантириш Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг асосий вазифаларидан бири сифатида белгилаб берилди (1).

Бинобарин, фан ва техника ютуқларидан, мавжуд техникалардан унумли фойдаланиш, илғор технологияларни амалиётда оқилона қўллаш қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигини оширишнинг асосий омилларидандир. Умуман олганда эса, фан ва техника тараққиёти жамият ривожининг барча босқичларидаги умумтарихий категория бўлиб, инсоният билимининг моддийлашган, доимо ўзгараётган ва такомиллашишда давом этаётган, одамларнинг бирон-бир мақсадга йўналтирилган фаолияти самарадорлигини оширадиган  меҳнат маҳсулидир. Ишлаб чиқариш техникалари ишлаб чиқарувчи кучларнинг таркибий қисми бўлгани ҳолда, жамият моддий ишлаб чиқаришининг асосини ташкил қилади. Техника тараққиёти билан бошқа ижтимоий ҳодисалар ўртасида кўп томонлама алоқалар мавжуд бўлади.

Иқтисодиётни модернизациялаш жараёнида янги техникалар ва илғор технологияларнинг самарадор шаклларидан фойдаланиш иқтисодга билвосита ижобий таъсир ўтказади. Аниқроғи, ҳосилдорликни кўпайтиришда, маҳсулот сифатини яхшилашда, таннархини арзонлаштиришда, қўл меҳнатини енгиллаштиришда, маҳсулот бирлиги ҳисобига меҳнат сифатини камайтиришда ва унумдорлигини оширишда асқатади.

Ишлаб чиқаришда техника ва технологиялар даражаси уларнинг фан ва техника тараққиёти билан ўзаро уйғунликда ҳамда доимо узвий таъсир асосида ривожланиб боришига боғлиқ бўлади. Техника воситаларининг янада мукаммаллашиши меҳнат воситаларини такомиллаштиришга ва ишлаб чиқариш жараёнидаги инсонлараро муносабатларга таъсир кўрсатиб боради.

Ҳозирча техник салоҳият тушунчасининг аниқ ва ягона таърифи мавжуд эмас. Бу атама фанга 1990 йили фаол кириб келган бўлса-да, моҳияти ҳамон ҳар хил талқин қилинади. Бир гуруҳ олимлар уни илмий ишланмаларнинг моддийлашган кўриниши ва янги техника воситаларининг ёппасига ишлаб чиқаришга жорий этилиши деб таърифлашади. Бундай  ёндашув иқтисодиёт фанига 30 йил муқаддам кириб келган ва “илмий-техник салоҳият” тушунчаси таркибида кўрилади.

Бошқа бир тушунча тарафдорлари техник салоҳият интеллектуал салоҳиятга чамбарчас боғлиқ бўлиб, техника воситалари ва малакали кадрлар билан биргаликда техник ва технологик салоҳиятни ташкил этади деб тушунтиришади. Хусусан, А.И.Аверкиев техник салоҳиятга қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши самарадорлигининг омили сифатида қарайди ва машиналарнинг бор имкониятларини намоён қилишда кадрлар малакаси даражасига узвий боғлиқ деб ҳисоблайди (5).

Бундай ёндашувларни инкор этиб бўлмайди. Чунки, биринчидан, техник салоҳият ишлаб чиқариш самарадорлигини оширадиган техника воситаларининг сифат жиҳатидан ўзгаришига хизмат қилувчи фан ютуқларига асосланган ҳолда шаклланади, иккинчидан, машиналарнинг техник даражаси ишчи кучининг малакавий даражасини белгилаб беради. Шундан келиб чиққан ҳолда, “техник салоҳият”, “АСМнинг техник салоҳияти” ва “қишлоқ хўжалигиниинг техник салоҳияти” каби тушунчалар ўртасидаги чегарани аниқлаш лозим бўлади. Бу жараёнда лотинча “potentia” сўзи ўзбек тилига таржима қилинганда куч-қудрат даражаси, фойдаланиш мумкин бўлган воситалар, мавжуд имкониятлар мажмуи деган маъноларни англатишини ёдда тутмоқ лозим.

“АСМнинг техник салоҳияти” ва “қишлоқ хўжалигиниинг техник салоҳияти” тушунчалари иқтисодий адабиётларда кўпинча бир хил талқин қилинади. Бизнингча, агросаноат комплексини фақатгина техника воситаларининг энергетик турлари, яъни трактор, комбайн ва автомобиллар билан баҳолаш тўғри эмас. Акс ҳолда, у АСМнинг алоҳида соҳаси саналган қишлоқ хўжалигининг техник салоҳиятидан ҳеч қандай фарқ қилмай қолади.

Қишлоқ хўжалигининг техник  салоҳияти бу – мазкур соҳа корхоналаридаги жамики техника воситалари, техникаларни ва эҳтиёт қисмларни сотиш, механизация хизматлари кўрсатувчи барча корхоналар, уларда ишловчи юқори малакали кадрлар, мавжуд  воситалар ёрдамида амалга ошириладиган технологиялар ҳамда уларга боғлиқ билим ва кўникмалар мажмуидир (1-расм).

9_75_bet

 

1-расм. Қишлоқ хўжалигининг техник салоҳияти[1]

Шундай қилиб, ҳар қандай турдаги салоҳият асоси унинг негизини ташкил этувчи “ресурс” билан ифодаланади. Техник салоҳият пойдеворини машиналар тизими ташкил этади. Техник салоҳиятга эса мазкур соҳада ишлатиладиган тракторлар, комбайнлар, қишлоқ хўжалиги машиналари, чорвачилик ва деҳқончилик маҳсулотларини қайта ишлаш жиҳозлари, транспорт воситалари киради. Уларнинг таркибида асосий ўринни техника воситаларининг мобил энергетик  турлари эгаллайди ва бир гектар зироатчилик ери ҳисобига тўғри келадиган қувватлари йиғиндиси қишлоқ хўжалиги техник қуролланганини ифодалайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмининг ошиши ва ишлаб чиқариш самарадорлиги соҳанинг техник қуролланганига, машина-трактор парклари ҳолатига, улардан унумли фойдаланишга ва бошқа  қатор кўрсаткичларга боғлиқ бўлади. Техник ва технологик салоҳиятни кучайтириш, биринчи навбатда, модернизациялаш жараёнларини жадаллаштиришни тақозо этади. Ҳозирги пайтда бу  мамлакатимиз иқтисодиётини кўтаришнинг энг асосий йўналиши бўлиб қолмоқда.

Модернизация – кўп қиррали жараён. У илм-фан ва техника ютуқларини ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, ишлаб чиқариш кучлари бардавомлигини таъминлаш мақсадида кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш, ишлаб чиқариш муносабатларини такомиллаштириш, янги хўжалик юритиш ва бошқариш усулларини қўллаш каби талай жараёнларини ўзида мужассам этади. Ишлаб чиқариш нуқтаи назаридан қараганда, фан ва техника тараққиёти замонавий меҳнат қуролларини яратиш, янги турдаги хомашёларни кашф қилиш, техник воситаларни модернизациялаш, илғор технология ва ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш шаклларини ўзлаштириш билан тавсифланади. Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодиётни ривожлантиришда унинг аҳамияти тобора ошиб бормоқда. Мавжуд улкан иқтисодий салоҳият, кўп тармоқли индустрия, малакали кадрлар инновацион жараёнларни жадаллаштиришнинг муҳим омилига айланмоқда. Шу боис қишлоқ хўжалигига фан-техника ютуқларини жорий этишни жадаллаштириш масаласига ҳукуматимиз ва аграр-иқтисодчи олимлар алоҳида эътибор қаратишмоқда.

Зеро, фан ва техника равнақи республикамиз ҳар томонлама барқарор ривожланиши учун хизмат қилади. Жамият тараққиёти меҳнат қуроллари бевосита ёки билвосита нечоғли такомиллашганига ва ишлаб чиқариш техникаларининг мукаммаллигига боғлиқ.

Бизнингча, қишлоқ хўжалигининг техник салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш йўналишлари қуйидагилардан иборат бўлиши мақсадга мувофиқ:

– мамлакатимизда мавжуд қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводлари қувватларидан тўлиқроқ фойдаланиш механизмини жорий этиш. Ҳозирча эса улар рисоладагидек истифода қилинмаяпти. Бунинг бир қатор объектив ва субъектив сабаблари бор. Уларни таҳлил қилиш ва ечими бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиб, амалиётда  қўллаш даркор;

– қишлоқ хўжалигида лизинг муносабатлари, дилерлик, механизация ва техника воситаларига сервис хизматлари кўрсатишни доимий равишда такомиллаштириб бориш керак;

– қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводидан бошлаб, механизация хизмати кўрсатувчи ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналаригача – барчасида модернизациялаш имкониятларини ишга солиш лозим;

– соҳага тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириб бориш зарур;

– соҳага ички ва ташқи инвестиция маблағларини жалб қилиш учун қулай ташкилий-иқтисодий муҳит яратиш жоиз. Юртимизда илғор давлатларнинг етакчи қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводлари иштирокидаги бир нечта қўшма корхона фаолият юритмоқда ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини модернизациялаш даражасини янада яхшилашга катта ҳисса  қўшмоқда;

– қишлоқ хўжалиги машинасозлиги заводлари, лизинг компаниялари, дилерлик пунктлари, механизация хизмати кўрсатувчи корхоналар билан истеъмолчилар ўртасидаги  ўзаро ташкилий-иқтисодий муносабатларни такомиллаштириб бориш керак;

– мавжуд техника ва технологиялардан самарали фойдаланиш учун техник ва технологик интизомга қатъий риоя этиш шарт.

Юқори унумли техникаларни ишлаб чиқаришдан асосий мақсад қишлоқ хўжалигига янги технологияларни олиб киришдан, маҳсулот етиштириш харажатларини камайтиришдан иборатдир. Афсуски, мавжуд замонавий техника воситаларининг аксариятидан уларга мос технологиялар асосида етарлича фойдаланилмаяпти. Ҳолбуки, техник воситалардан самарасиз фойдаланиш, шунингдек, технологик жараёнларни бузиш ёки уларда белгиланган кўрсаткич ва муддатларга  қатъий риоя қилмаслик туфайли кўзланган натижаларга эришиш мушкул. Шунинг учун ҳам технологик интизомга риоя этиш масаласи энг муҳим масалалар сирасига  киради.

Юқорида билдирилган таклиф ва тавсияларни амалиётга татбиқ этиш қишлоқ хўжалигининг техник салоҳиятидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг назарий асосларини янада такомиллаштиришга ҳамда соҳанинг техник салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилади, деган умиддамиз.

Зулунжон ЮСУПОВ,

Тошкент Давлат аграр университети мустақил изланувчи.

 

Аннотация

Бу мақолада қишлоқ хўжалигида техник салоҳият тушунчаси, унинг моҳияти ва назарий жиҳатлари ёритилган, шунингдек, аграр соҳада техник салоҳиятдан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг асосий йўналишларига доир тавсиялар берилган.

В статье изложены понятие, суть и научные основы технического потенциала в сельском хозяйстве, а также даны рекомендации по основным направлениям повышения технического потенциала в аграрном секторе.

The article outlines the concept, essence and scientific foundations of the technical potential in agriculture and also gives recommendations on the autumn directions of increasing the technical potential in the agricultural sector.

Калит сўзлар: техник салоҳият, илғор технологиялар, фан-техника ютуқлари, қишлоқ хўжалиги техникаси, маҳсулот сифати, меҳнат сарфи, иш унумдорлиги, механизация хизматлари, юқори малакали ходимлар.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони.

2. Ўзбекистон Республикасининг “Лизинг тўғрисида” ги қонуни.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 15 майдаги “Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналарини бошқаришни янада такомиллаштириш ва молиявий соғломлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори.

4. Середа Н.А. Построение эффективной системы мониторинга и воспроизводства технического потенциала в сельском хозяйстве региона. Отчет научно-исследовательского проекта поддержанного российским гуманитарным научным фондом. Россия, 2014 год.

5. Аверекеев А.И Технического потенциала в сельском хозяйстве. Москва, 2014 год.

6. Шахмаев М.В. Экономическая эффективность применения сельскохозяйственной техники. Москва, 1983 год, 207-стр.



[1]Манба: Муаллифнинг илмий тадқиқотлари асосида тузилган.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"