Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
0
0
0

+0

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 12 417 165
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ўзбекистон Республикасида ёшга доир пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш масалалари

Фуқароларни ижтимоий ҳимоялаш масалалари, чунончи, уларнинг пенсия таъминоти билан қамраб олиниши Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида ҳам қайд этилган. Унинг 24-моддасида “Ҳар бир инсон ўзи ҳамда оиласининг саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш учун зарур турмуш даражасига эга бўлишга, жумладан, кийим-кечак, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва зарур ижтимоий хизматга эга бўлишга ҳамда ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолатларда таъминланиш ҳуқуқига эга”  [1] дейилган.

Ўзбекистонда аҳолини, айниқса, кексаларни ижтимоий муҳофазалаш борасида амалга оширилаётган ишларнинг барчаси Конституция билан кафолатланган ижтимоий таъминот ҳамда ижтимоий мадад олиш ҳуқуқини рўёбга чиқаришга қаратилган. Масалан, Бош қомусимизнинг 39-моддасида “Ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эга. Пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас” [2] деб белгилаб қўйилган.

Юртимизда ижтимоий соҳанинг муҳим бўғини бўлмиш пенсия таъминотига улкан эътибор, аввало, пенсиялар ва ижтимоий нафақалар миқдори босқичма-босқич ошириб борилишида намоён бўлмоқда. Бундан ташқари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга 2019 йилда мамлакатимизни ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифалари тўғрисидаги Мурожаатномасида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш учун пенсия ва нафақаларни тайинлаш ҳамда тўлаш тартибини қайта кўриб чиқиш, пенсия тизимини тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини алоҳида эслатиб ўтди [3].

2019 йилнинг 1 январига қадар Ўзбекистон аҳолиси 33254100 кишига етиб, олдинги йилдагига нисбатан 597400 нафарга ёки 1,8 фоизга кўпайган [4]. Доимий аҳолининг 30,3 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 59,5 фоизи меҳнатга лаёқатли ёшдагилар, 10,2 фоизи эса меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар ҳиссасига тўғри келган (1-чизма).

9-45

1-чизма. Ўзбекистонда доимий аҳоли сонининг асосий ёш гуруҳлари бўйича тақсимланиши.

Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг расмий веб-сайти www.stat.uz маълумотлари асосида тайёрланди.

1-чизма маълумотларига қараганда, республикамизда 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига доимий аҳолининг 10,2 фоизи пенсия ёшидагилар сирасига кирган. Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобида турган 3485869 кишининг 90,7 фоизи ёки 3163051 нафари пенсия олувчилар бўлган (1-жадвал). Улар мамлакатимиз жами аҳолисининг 9,5 фоизини, шундан ёшга доир пенсия оладиган 2618503 нафар киши 7,9 фоизини ташкил этган. Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сонли қарори [5] асосида болаликдан ногиронларга ва ўн саккиз ёшга тўлмаган ОИВ инфекциясига чалинган шахсларга ҳамда пенсия тайинлаш учун зарур иш стажига эга бўлмаган (“Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонун [6]нинг 8-моддасига асосан, фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш учун улар камида 7 йиллик иш стажига эга бўлишлари керак) қарияларга, меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга ҳамда болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга ижтимоий нафақалар тайинланиши мумкинлиги қайд этилган. Диёримизда бундай нафақа оладиганлар 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига 322818 нафар бўлиб, жами пенсия ва нафақа олувчиларнинг 9,3 фоизини ёки мамлакат аҳолисининг 1 фоизини ташкил қилган.

1-жадвал.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳисобида турган пенсия ва ижтимоий нафақа олувчилар сони ҳамда ўртача пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорлари

Пенсия ва ижтимоий нафақа олувчи фуқаролар категорияси 

Пенсия ва нафақа олувчи фуқаролар

(2019 йил 1 январь ҳолатига)

2018 йилнинг январь -декабрь ойларида янги тайинланган пенсиялар ва ижтимоий нафақалар

2019 йилнинг

1 январь ҳолатига пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг ўртача миқдорлари

Сони

Умумий контингентда тутган улуши

(%)

1

Пенсия ва ижтимоий нафақа олувчи фуқаролар

(жами)

3 485 869

100,0

330 466

588 349,88

1.1

Жами пенсионерлар

3 163 051

90,7

277 366

612 146,76

-

Ёшга доир пенсия бўйича

2 618 503

75,1

226 156

627 884,21

-

Ногиронлик пенсияси бўйича

370 626

10,6

30 450

597 925,29

-

Боқувчисини йўқотганлик бўйича (оила)

173 922

5,0

20 760

404 743,70

1.2

Жами ижтимоий нафақа олувчи фуқаролар 

322 818

9,3

53 100

355 597,99

-

Ёшга доир (қарилик) бўйича

19 845

0,6

7 170

243 300,00

-

Ногиронлиги бўлган фуқаролар категорияси бўйича (меҳнат стажисиз)

22 694

0,7

10 544

243 300,00

-

Боқувчисини йўқотганлик бўйича (оила)

27 858

0,8

4 479

156 974,99

-

16 ёшдан катта бўлганлар бўйича

150 233

4,3

10 694

396 500,00

-

Болалигидан ногиронлиги бўлган 16 ёшгача бўлган болалар бўйича

102 188

2,9

20 213

396 500,00

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан тузилди.

 

Давр тақозоси билан Ўзбекистонда иқтисодий фаол аҳоли ҳиссасига ижтимоий бадаллар бўйича юклама тобора ошмоқда. Демографик башоратларга биноан, 2018-2025 йилларда пенсия ёшидаги аҳоли улуши 1,2 млн. кишига тенглашиши кутилмоқда. Бу Пенсия жамғармаси харажатлари мутаносиб равишда кўпайишига олиб келади. Шундай қилиб, 2016 йилдан эътиборан ўлкамизда пенсия тайинлаш юзасидан мурожаат қилувчилар сафи кенгаймоқда (йиллик ўртача ўсиш – 16 минг киши) ва 2025 йилга бориб уларнинг сони 300 минг нафарга ортиши кутилмоқда. Ёшга доир пенсия тайинлаш бўйича мурожаатларнинг ўсиши асосан туғилиш даражаси юқори бўлган 50-60-йиллардаги “Беби-бум” даврида таваллуд топганлар умумий белгиланган пенсия ёшига етишига боғлиқдир [7] .

Мамлакат аҳолисининг умри узайиши пенсия ёшидаги аҳоли сони ўсиш тенденциясига эга эканлигини кўрсатади. Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда бу кўрсаткич 11 фоизга кўтарилади.

Фуқароларни рағбатлантиришнинг замонавий механизмларидан фойдаланиш, ижтимоий суғурта тизимида доимий иштирок этиш, Молия вазирлиги ҳузуридаги жамғарма бюджетдан ташқари пенсия таъминоти даражасини ошириш, халқаро молия институтлари ва мутасадди вазирлик-идоралар мутахассислари билан баҳамжиҳатликда 2019-2030 йилларда фуқароларнинг давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини ишлаб чиқмоқда. 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни бажариш, фуқаролар пенсия таъминотида ижтимоий адолат принципларини таъминлаш борасида қуйидаги ишларни амалга оширди [8]:

– Пенсия ва нафақаларни инфляция даражасидан паст бўлмаган миқдорларда индексация қилиш учун молиявий манбалар аниқлаштирилди, хусусан, пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорлари 2017 йилда 15 фоизга, 2018 йилда 17 фоизга кўпайтирилди;

– пенсия ва ижтимоий нафақалар ўз вақтида тўланадиган бўлди;

– пенсия ва ижтимоий нафақалар тўғри тайинланиши ва ҳисобланиши бўйича мониторинглар ўтказиш такомиллаштирилди ҳамда фуқароларни ижтимоий муҳофаза қилиш мақсадларида ортиқча тўлаб юборилган баъзи пенсиялар бўйича ҳисобланган қарздорлик суммаларидан Президентимизнинг тегишли фармонларига асосан воз кечилди;

– 2019 йилнинг 1 январидан бошлаб барча ишловчи пенсионерларнинг пенсияларини тўлиқ тўлаш бўйича ҳукумат  қарорлари ва фармонлари қабул қилинди;

– шу санадан эътиборан пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқаришда эътиборга  олинадиган ўртача иш ҳақи пенсия тайинлаш кунидаги белгиланган энг кам иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробарига қадар оширилди ва ҳоказолар.

2019 йил 21 майда давлатимиз раҳбари “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон [9]га имзо чекди. Унга кўра, шу йил 1 сентябрдан иш ҳақининг энг кам миқдори ўрнига 577170 сўм миқдорида меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори, 202730 сўм миқдорида базавий ҳисоблаш миқдори ҳамда 202730 сўм миқдорида пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори жорий этилди. Эндиликда пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори пенсия таъминоти соҳасида пенсиялар, устамалар, қўшимча ҳақ ва компенсация тўловлари, шунингдек, ходимларнинг меҳнатда майиб бўлиши, касб касаллигига чалиниши ёки улар ўзлари меҳнат вазифаларини бажариш билан боғлиқ ҳолда соғлиғининг бошқача тарзда шикастланиши сабабли етказилган зарарни қоплашда қўлланилади.

Албатта, мамлакатимизда фуқароларнинг пенсия таъминотига боғлиқ бўлган ва  ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор. Мана, улардан айримлари:

1. 2019 йилнинг 1 январь ҳолатига Ўзбекистон аҳолисининг  14,4 млн. нафари иқтисодий жиҳатдан фаол ҳисобланган. Шундан 4,8 млн. нафари ёки 33,3 фоизи суғурта бадалларини тўлаб келмоқда. Халқаро меҳнат ташкилоти талабарига мувофиқ, фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими барқарор ривожланиши учун бадал тўловчилар ва пенсия олувчилар сонининг ўзаро нисбати 4:1 даражасида бўлиши керак. Бироқ ҳозир бизда бу кўрсаткич ўртача 1,5:1 га тенг. Бундай вазият меҳнат мигрантларининг ва иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганлар  имтиёзли асосда амалга оширилиши мумкинлигини ҳисобга олиб ҳам пенсияга ажратмаларни  тўламаслиги ва уларнинг манфаатдорлиги сустлиги туфайли  юзага келган.

2. Пенсия миқдори ва ходимнинг меҳнат ҳиссаси ўртасидаги боғлиқлик ҳам заифлашган, пенсия тўловлари юки ошган. Шу боис яқин келажакда Пенсия жамғармаси даромадлари ва харажатлари ўртасида номутаносибликлар рўй бериши кутилмоқда. Бу эса пенсия ва бошқа ижтимоий тўловларни молиялаштиришда ўзига хос муаммоларни келтириб чиқаради.

3. Охирги пайтлардаги демографик ўзгаришлар пенсия таъминоти тизимига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Прогноз кўрсаткичларининг далолат беришича, пенсия ёшига етаётган фуқаролар йил сайин кўпаяпти. Пенсионерлар сони 2022 йилда 2019 йил 1 январдагига нисбатан 11,2 фоизга, 2035 йилга бориб ҳозиргидан 1,5 баробарга ўсиши кутилаяпти. Пенсия ёшидаги фуқаролар эса 2022 йилда 3,3 млн. нафарни, 2035 йилда 7,2 млн. кишини ташкил этиши башорат қилинаяпти. Ёки бошқа мисол: 2022 йилда аёлларнинг ўртача пенсия таъминоти давомийлиги 25 йил, 2035 йилда 27 йил бўлиши мумкин. Эркакларда бу кўрсаткичлар мутаносиб равишда 18 ва 22 йилни ташкил этиши эҳтимолдан холи эмас.

5. Пенсия жамғармаси маблағларининг сезиларли қисми имтиёзли пенсияларни молиялаштиришга сарфланади. Бу турдаги пенсиялар улуши тайинланган жами пенсияларнинг 19,5 фоизнии, шундан ёшга доир пенсиялар 23,7 фоизини ташкил қилади.

Ҳозир юқорида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш ҳамда масъул ташкилот-муассасалар ҳамкорлигида 2019-2030 йилларда фуқароларнинг давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясини тайёрлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Концепцияда пенсия таъминотининг меъёрий-ҳуқуқий базасини мустаҳкамлаш, оптимал пенсия формуласини яратиш, меҳнат стажи ва пенсия миқдорлари ўртасида узвий боғлиқликни таъминлаш, ижтимоий суғурта ва пенсия суғуртаси тизимларида фуқаролар иштироки давомийлигини рағбатлантириш, пенсия таъминоти маблағларини шакллантиришда қатнашишини таъминлаш, пенсия таъминотида ижтимоий адолатни барқарорлаштириш механизмларини жорий этишдек долзарб масалалар ўз ифодасини  топиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда ҳам ҳар йили 6 ой қўшиш йўли билан 2025 йилга бориб эркакларни пенсияга чиқиш ҳуқуқини 63 ёш, аёлларникини 58 ёшга кўтариш лойиҳаси тайёрланган эди.  Аммо у муҳокамалар чоғи маъқулланмади. Шу боис фуқароларнинг ёши ва меҳнат стажлари талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритилиши режалаштирилди. Бу таклифларни халқаро ташкилотлар ижобий баҳолашди (2-жадвал).

2-жадвал.

Фуқаролар ёши ва уларнинг меҳнат стажлари талабларини қайта кўриб чиқиш бўйича таклифлар

Эркаклар учун

59 ёш

60 ёш

61 ёш

62 ёш

63 ёш

64 ёш

65 ёш

Талаб қилинадиган стаж

30 йил

25 йил

23 йил

20 йил

15 йил

10 йил

стажсиз

Аёллар учун

54 ёш

55 ёш

56 ёш

57 ёш

58 ёш

59 ёш

60 ёш

Талаб қилинадиган стаж

25 йил

20 йил

17 йил

14 йил

12 йил

10 йил

стажсиз

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маълумотлари асосида тайёрланди.

Юртимизда сўнгги йилларда фуқароларнинг айрим категорияларни рағбатлантириш учун  уларга 1 йиллик меҳнат стажини сотиб олиш имконияти яратилди. Масалан, тадбиркорлик билан шуғулланувчи жисмоний шахслар бир ойда 1 базавий, якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёлланган ишчи учун 0,5 базавий, чет элда ёлланиб ишлаётган фуқаролар учун бир йилда 4,5 базавий, деҳқон хўжалиги аъзолари учун бир йилда 1 базавий, ҳунармандлар учун 2,5 базавий, шахсий хўжаликда йирик шохли ҳайвонлар боқувчилар  ва шойи маҳсулотлар тайёрловчилар учун бир йилда 1 базавий ҳисоблаш миқдорида сотиб олиш ҳуқуқи берилди ва жорий йил учун ўрнатилди. Лекин у  ўтган ва келгуси йиллар учун меҳнат стажини сотиб олишни кўзда тутмайди. Истиқболда  барча фуқаролар учун  5 йилгача бўлган меҳнат стажини сотиб олиш имконияти 2019-2030 йилларда фуқароларнинг давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясига асосан яратилиши режалаштирилмоқда.

Биз фуқароларнинг ёшга доир пенсия таъминоти борасида қуйидагиларни эътиборда тутиш келажакда ижобий самарасини беради, деб ўйлаймиз:

Биринчидан, фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими Ўзбекистонда давлат пенсия таъминоти ва жамғариб бориладиган пенсия таъминотидан, жаҳонда эса давлат пенсия таъминоти, жамғариб бориладиган пенсия таъминоти ва нодавлат пенсия таъминотидан иборатдир. Демак, республикамизда жамғариб бориладиган ва нодавлат пенсия таъминотлари, шунингдек, аралаш пенсия таъминоти тизимини ривожлантириш фойдадан холи бўлмайди.

Иккинчидан, ҳамюртларимизнинг пенсия таъминотининг аҳамияти, пенсияларни ҳисоблаш механизмлари ва тайинлаш асослари, пенсия таъминоти ҳамда ижтимоий суғурта тўловларининг ўзаро боғлиқлиги, пенсия таъминотига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида маълумотга ва ахборотга эга бўлишларини таъминлаш керак. Бунинг учун оммавий ахборот воситаларида ижтимоий рекламалардан фойдаланиш, ёшлар ўртасида айни мавзуга бағишланган турли викториналар ва конкурслар ўтказиш, оммабоп адабиётлар ва буклетлар  нашр этиш ва бошқа имкониятлардан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Учинчидан, пенсия таъминотига тааллуқли меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тартибга солиш лозим. Чунки охирги ўн йил мобайнида соҳага доир кўплаб меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, уларнинг мазмун-моҳияти бир-бирига яқин бўлганларини бирлаштириб, тартибга солиш, шунингдек, “Ижтимоий таъминот” кодексини қабул қилиш айни муддаодир.

Тўртинчидан, фуқароларнинг бандлиги дастурлари тўлиқ бажарилишини, мамлакатимиз иқтисодий тармоқлари ривожланишини ва иқтисодий ўсишни таъминлаш билан бирга, расмий бандлик, расмий меҳнатга ҳақ тўлашни рағбатлантирувчи механизмларни ишлаб чиқиш зарур.

Шавкат ХАМДАМОВ,

Тошкент молия институти катта ўқитувчиси.

Дилдора МУРАДОВА,

Тошкент Давлат иқтисодиёт университети ассистенти.

 Аннотация

Мақолада Ўзбекистонда пенсия таъминоти тизимининг аҳамияти очиб берилиб, соҳадаги ислоҳотларнинг асосий йўналишлари ҳамда ёшга доир пенсия таъминотини такомиллаштиришга доир фикр-мулоҳазалар ва тавсиялар билдирилган. Хусусан, 2019-2030 йилларда фуқароларнинг давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепциясида кўзда тутилган мақсад ва вазифалар ҳамда улардан кутилаётган натижалар хусусида сўз юритилган.

В статье отражены мнения и рекомендации автора, касающиеся значению пенсионного обеспечения, основным направлениям реформ пенсионной системы Республики Узбекистан, а также совершенствованию пенсионного обеспечения граждан по старости (по возрасту). В частности, в статье изложены основные направления концепции государственной пенсионной реформы на 2019-2030 года и ожидаемые от них результаты.

The article reflects the author’s opinions and recommendations regarding the significance of the pension scheme, the main directions of reforms of the pension system of the Republic of Uzbekistan, as well as the improvement of the old-age pension scheme. In particular, the article outlines the main directions of the concept of state pension reform for 2019-2030 and the expected results from them.

Калит сўзлар: пенсия, ижтимоий таъминот, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий нафақа, ислоҳот, молиявий таъминот

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ:

1.  Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси. 1948 йил 10 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти  Бош Ассамблеяси кўрсатмаси билан қабул қилинган. www.insonhuquqlari.uz.

2 Ўзбекистон Республикаси Конституцияси (1992 йил 8 декабрда қабул қилинган). Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 йил, 16-сон, 176-модда.

3. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. Тошкент, 2018 йил 28 декабрь (www.uza.uz)

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитасининг расмий веб-сайти маълумотлари (www.stat.uz)

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш учун зарур бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори.

6.  Ўзбекистон Республикасининг 1993 йил 3 сентябрда қабул қилинган “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонуни.

7. www.pfru.uz-сайти маълумотлари.

8.  Ўзбекистон Республикаси Молия  вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси расмий сайти маълумотлари (www.pfru.uz)

9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 21 майдаги “Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” ги фармони.


 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"