Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
498
11075
9865

+1210
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
172331
299719
27951

+271768

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 457 319
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Тиббий суғуртанинг назарий ва амалий масалалари

Ўзбекистонда Мустақилликнинг илк йилларидан эътиборан амалга оширилган институционал ислоҳотлар жараёнида бозор иқтисодиёти муносабатлари тамойилларига мос суғурталаш тизими ҳам шакллантирилди. Нисбатан қисқа вақт давомида иқтисодиётнинг суғурта соҳаси фаолиятини тартибга солиш ва бошқариш учун зарур бўлган қонунчилик асослари ҳамда ташкилий-иқтисодий механизмлар яратилди. Шуларнинг самараси ўлароқ, сўнгги йилларда миллий иқтисодиётимизнинг суғурта секторида барқарор ўсишлар  кузатилмоқда.

Мамлакат молия бозорида суғурта тизими ўзининг муҳим аҳамиятга ва алоҳида ўринга эгалиги билан ажралиб туради. Аммо таҳлилларнинг кўрсатишича, амалда суғурта хизматлари етарли даражада самарали эмас. Давлатимиз томонидан суғурта фаолиятини рағбатлантириш ва либераллаштириш борасида салмоқли чора-тадбирлар кўрилаётганига қарамай, суғурта иқтисодий ўсишнинг асосий омилига айланмаяпти. Бунинг асосий сабаблари хизматлар таклифининг торлиги ва сифатининг пастлиги, рақобат ривожланмагани, суғурта ресурслари таъминотининг етарли эмаслиги билан боғлиқдир.

Ушбу ҳолатлар мамлакатимизда суғурта фаолиятини ривожлантириш ва уни мақсадли бошқариш муаммоларининг асосий жиҳатлари ҳисобланади.

2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида суғурта бозорини такомиллаштириш, суғурта компанияларини бошқариш тизимини ривожлантириш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилган. Жумладан, суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматлар ҳажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобига кенгайтириш, шунингдек, капитални жалб қилиш ҳамда корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришдаги муқобил манба сифатида фонд бозорини ривожлантириш[1] вазифаси қатъий белгилаб берилган.

Фикримизча, ХХI асрда тиббий хизматлар тури кенгайиши, аҳоли даромадлари диверсификациялашуви натижасида хизматлар сифатини оширишда унинг молиялаштириш механизмлари долзарблик касб этмоқда. Бу билан тиббий хизмат сифатини ошириб боришда бозор муносабатлари асосида икки (ёки уч) томонлама молиявий манфаатдорликни шакллантириш зарурияти юзага келади.

Тиббий суғурталашда суғурталанувчи суғурта ташкилоти билан келишган суғурта мукофоти эвазига тиббий хизматдан фойдаланиш бўйича харажатларнинг юзага келиши рискини, суғурталовчи ва суғурта ташкилоти ўртасида тузилган суғурта шартномасида келишилган суммани шартлар асосида суғурта ташкилотига ўтказади. Суғурталанувчи саломатлиги ёмонлашгани сабабли харажат қилиш мажбурий бўлганида суғурта ташкилоти ушбу харажатларни суғурта шартномасида кўрсатилган пул маблағлари доирасида қоплаб беради.

Тиббий суғурта ижтимоий йўналтирилгани сабабли ушбу суғурта турини амалга оширувчи суғурта ташкилотлари учун молиявий барқарорлик ва тўлов қобилиятига оид қўшимча талаблар қўшилади.

Ўзбекистонда мажбурий тиббий суғурта тизими 2021 йилдан бошлаб босқичма-босқич жорий этилади. Ҳозир эса мамлакатда аҳолига малакали тиббий хизмат кўрсатишни ташкиллаштириш  борасида талай амалий ишларга қўл урилмоқда. Жумладан, тез тиббий ёрдам тизимининг транспорт, барча тиббиёт муассасаларининг дори-дармон таъминоти сезиларли даражада яхшиланди, тиббиёт ходимларининг ойлик маошлари босқичма-босқич оширила бошланди. Бундан ташқари, Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Мажбурий тиббий суғурта жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида унинг ҳудудий бошқармалари ташкил этиладиган бўлди.

Жамғарманинг асосий вазифаси маблағларни бошқариш ва фуқароларни мажбурий суғурталаш, суғурталанган шахсларни ҳисобга олиш ва ҳаракатланиш механизмларини қўллашдан иборатдир. Мажбурий тиббий суғуртани эса уч босқичда амалга ошириш кўзда тутилган. Биринчи босқич 2021 йили Сирдарё вилоятида ўтказилади, иккинчи босқич 2023 йилдан Қорақалпоғистонда, Тошкент, Самарқанд, Навоий, Сурхондарё ва Фарғона вилоятларида, учинчи босқич 2025 йилдан бутун мамлакат бўйлаб жорий этилади.

9-68

 

Қорақалпоғистон Респубоикаси Тошкент шаҳри

1-чизма. Мажбурий тиббий суғуртанинг йиллар кесимида аҳолини қамраб олиш динамикаси[1].

 

1-чизмадан кўриниб турибдики, мажбурий тиббий суғурта 2021 йилда аҳолининг 2,5 фоизини, 2023 йилда 50 фоизини, 2025 йилга келиб 100 фоиз қамраб олади. Демак, 2025 йилга бориб, мажбурий тиббий суғурта мамлакатимизнинг барча ҳудудларига етиб боради. Аҳолининг ўртача умр кўриши ҳам бир неча ёшга улғаяди.

Жамғармага қуйидаги маблағлар келиб тушади:

• базавий мажбурий тиббий суғурта учун давлат бюджетидан олинган маблағлар;

• тамаки маҳсулотлари, алкоголли ичимликлар, таркибида шакар, трансёғлар юқори даражада бўлган ва соғлиқ учун зарарли бошқа маҳсулотларга акциз солиғидан мақсадли ажратмалар;

• суд қарорлари ижроси бўйича компенсация тўлаш учун давлат бюджетидан олинган маблағлар;

• ихтиёрий бадаллар ҳамда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳадя шартномалари бўйича тушумлар;

• халқаро ташкилотлар грантлари;

• хайрия жамғармаларидан, халқаро ташкилотлар ва хорижий фуқаролардан келадиган маблағлар;

• миллий қонунчилигимизга зид бўлмаган бошқа даромадлар.

Бунда турли ёрдамлар кўрсатиш учун уларнинг хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги тўлов усуллари жорий этилади:

• бирламчи тиббий-санитария ёрдами – ҳудудларнинг хусусиятлари, муассасалар тури, аҳоли зичлиги ва бошқа омилларни, кўрсатилган тиббий хизматлар сифати натижаларини ҳисобга олувчи тоифаланган тузатиш коэффициентларига эга ягона жон бошига тўғри келадиган нормативига асосан ҳақ тўлашнинг комбинацияланган усули;

• ихтисослаштирилган иккиламчи амбулатория ёрдами – ихтисослаштирилган амбулатор хизматлар учун ҳақ тўлаш усули;

• стационар ёрдам – республика, вилоят ва туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасаларида ҳажм стратегик чекланган ҳолда клиник-харажат гуруҳлари бўйича “ҳар бир даволанган ҳолат” учун ҳақ тўлаш усули.

Тақдим этилган 2019-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни молиялаштириш стратегияси лойиҳасида мажбурий тиббий суғуртани жорий қилишдан  кутилаётган натижалар келтирилган.

1-жадвал.

Тиббий суғуртада кузатилаётган натижалар ҳолати[2]

Фуқаролар учун

Жамият ва давлат учун

Тиббий хизматни етказиб берувчилар учун

Тиббий ёрдамдан фойдаланиш имконияти даражаси ва сифатини оширади

Аҳолининг тиббий ёрдам билан ҳар томонлама қамраб олиниши

Тиббий хизматлар етказиб берувчининг самарали фаолиятидан келиб чиқиб барқарор молиялаштириш

Давлат томонидан кафолатланган ягона тиббий хизматлар ҳажмининг беморлар ҳақ тўлаши назарда тутилган хизматлардан аниқ ажратилиши, фуқароларнинг тиббий хизматларга эҳтиёжини ўз вақтида ва сифатли қондиришга йўналтирилган соғлиқни сақлаш тизимини шакллантириш

Соғлиқни сақлаш харажатларини оптималлаштириш, тиббий хизматлар тури етказиб берувчилар томонидан такрорланишини бартараф этиш, ресурслардан фойдаланиш нуқтаи назаридан соғлиқни сақлаш тизимининг очиқ-ошкоралиги

Янги корпоратив бошқарув усулларини жорий этишни рағбатлантириш ва соғлиқни сақлаш тизимига қўшимча ресурсларни жалб қилиш

Саломатликни мустаҳкамлаш ва ўртача умр кўриш давомийлигини ошириш

Тиббий хизматлар ҳажми, таъминоти сифатини ошириш ва уларни молиялаштиришга имкон берувчи молиявий, барқарор тизимни шакллантириш

Мазкур соҳада соғлом рақобатни ривожлантириш учун шароит яратиш

Тиббий хизматлар учун норасмий тўловлар даражасини камайтириш

Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат ва фуқароларнинг соғлиғи жавобгарлигини таъминлаш

 

Шуни қайд этиш лозимки, биз амалга оширган тиббий суғурталаш турли хусусиятларининг гуруҳларга жамланиши унинг кўп қиррали эканлигини тасдиқлайди, бунда у қуйидагиларни: 1) суғурта муносабатлари ушбу йўналишининг ижтимоий аҳамиятини; 2) аҳоли томонидан тиббий ёрдам олинишидаги ролини; 3) ушбу жараённи молиялаштиришдаги ролини акс эттиради

Соғлиқни сақлаш тизимини бир неча манбалар (бюджет маблағлари, мажбурий тиббий суғурта) ҳисобидан молиялаштириш харажатларни режалаштириш ва уларни бошқариш имкониятларини мураккаблаштириш билан бир қаторда, тиббий хизматлар сифатини бошқаришни ҳам қийинлаштиради[3]. Бу эса сифатни бошқаришнинг янгича механизмини жорий этишн зарурлигини билдиради.

Тиббий хизматни молиялаштириш самарадорлигини оширишнинг яна бир муҳим жиҳати тиббий хизмат кўрсатиш масъулиятини белгилайди. Бу тиббиёт ходими ва соғлиқни сақлаш муассасаси зиммасига молиявий жавобгарликни юклашни тақозо этади. Натижада тиббий хизмат сифати ошиши ва фуқароларнинг ушбу хизматга ишончи кучайиши мумкин.

Шу боис тиббиёт ходимларининг мижозлар олдидаги жавобгарлигини мажбурий суғурталаш тизимини жорий этиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Хорижий мамлакатлар мисолида Россия Федерациясини оладиган бўлсак, унда тиббий суғурта ривожланишининг сифат жиҳатидан аниқ босқичларини сезиш мумкин. Бу босқичлар унинг таркибини аниқлаш имконини беради.

Шундай қилиб, тиббий суғурта амалиётини такомиллаштиришда оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий ва ихтиёрий тиббий суғурта бўйича билимларни кенгайтиришга, иқтисодчи олимлар томонидан илмий жиҳатдан тадқиқ қилинган ва тегишли илмий-назарий ёндашувларни очиб берадиган муайян жиҳатларга эътибор қаратилган. Ушбу ёндашувларни сарҳисоб қилган ҳолда, айрим муаллифлар тиббий суғуртанинг тақдим этган бир қатор хусусиятларини ажратиб кўрсатиш мумкин (2-чизма).

9-71

Бундан ташқари, юқорида айтилган мақсадга эришиш учун тиббий суғурта объекти ва предметини, шунингдек, тиббий суғуртада суғурта ҳодисасини аниқлаш каби вазифаларни ҳал қилиш лозим.

2-чизмага мувофиқ, биз тиббий суғуртанинг иқтисодий моҳиятини очиш бериш учун уни тўрт гуруҳга ажратдик. Бироқ, фикримизча, ушбу гуруҳларда кўриб чиқилган таърифларнинг ҳеч бири тиббий суғуртанинг иқтисодий моҳиятини тўлиқ очиб беролмайди. Шу боис тиббий суғуртанинг ушбу хусусиятларининг яхлит ҳолатда кўриб чиқамиз. Бу уларнинг туб моҳиятини акс эттиради ва тиббий суғуртанинг иқтисодий мазмунини бирмунча очиб беради, деган умиддамиз.

Биз республикамизда тиббий суғуртанинг илмий асосини ривожлантириш учун қуйидаги вазифаларни изчил ҳал этиш зарур, деб ҳисоблаймиз:

  • · тиббий суғурталашнинг таърифи бўйича илмий-иқтисодий адабиётлардаги  ёндашувларни кўриб чиқиш;
  • · тиббий суғурталашда объект, предмет ва суғурта ҳодисасини аниқлаш;
  • · тиббий суғурталаш  таърифини  унинг иқтисодий моҳиятини акс эттирадиган тарзда ифодалаш;
  • · тиббий суғурталаш функцияларини белгилаш.

Иқтисодий адабиётларда тиббий суғурталашни таърифлаш одатда икки усул билан амалга оширилишини қайд этиш зарур. Биринчидан, муаллифлар тиббий суғурталашга мажбурий ва ихтиёрий тиббий суғурталашнинг яхлитланиши сифатида қарашади. Улар тиббий суғурталашнинг ушбу иккита тури моҳиятини очиб беришади.

Хулоса қилиб айтганда, мамлакатимизда амалга оширилаётган бозор ислоҳотлари тиббий хизматлар бозорида рақобат муҳитини ривожлантиришни талаб этади. Бу эса, давлат тиббиёт муассасалари фаолиятини молиялаштириш тўғридан-тўғри давлат бюджети маблағларини йўналтириш услубини билвосита амалга ошириш услубига ўзгартиришни назарда тутади. Яъни тиббий суғуртани амалга ошириш технологиясини шундай ташкиллаштириш керакки, фуқаролар тиббий суғурта полисларини ўз ихтиёрига кўра ва оператив йўл билан сотиб олишлари, шунингдек, тиббиёт муассасаларига киришни, тиббий хизматларни қабул қилишни эркин равишда амалга оширишлари лозим.

Айтилган фикрларни умумлаштириб, шундай хулоса чиқариш мумкин: тиббий суғуртанинг аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимидаги ўрни ва аҳамияти беқиёсдир. Унга жалб қилинган фуқаролар саломатликларини ўз вақтида ва арзон нархларда тиклашга эришадилар. Бу, биринчидан, хавфли касалликларга чалиниш эҳтимолини камайтириб, одамларнинг ўртача умрини узайтиради, иккинчидан, суғурта бозорини ривожлантиради.

Закир БАЗАРОВ,

Тошкент молия институти мустақил изланувчиси.

Аннотация

Мақолада тиббий суғуртанинг моҳияти, унинг аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимидаги ўрни ва аҳамияти, амалга оширилиш тартиби, ихтиёрий ҳамда мажбурий тиббий суғуртанинг афзалликлари тадқиқ қилинган.

В статье исследовано сущность медицинского страхования, его роль и значение в социальной защите населения, порядок его реализации, а также преимущества добровольного и обязательного медицинского страхования.

The article researched the essence of medical insurance, its role and importance in social protection of the population, the procedure for its implementation, as well as the benefits of voluntary and compulsory medical insurance.

Калит сўзлар: суғурта, ихтиёрий тиббий суғурта, мажбурий тиббий суғурта, суғурта мукофоти, суғурта қопламаси, суғурта шартномаси, суғурталовчи, суғурталанувчи, суғурталанган шахс. 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати

  1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами,  Тошкент шаҳри, 2017 йил 7 февраль, 2017 йил 6-сон. www.lex.uz.
  2. https://kun.uz/70054735 маълумотлари асосида тайёрланди.
  3. www.stat.uz сайти маълумотлари асосида муаллиф томонидан тайёрланди.
  4. Рынок В.Н., Степкина Ю.А. Механизмы реализации принципов обязательного медицинского страхования в РФ // Финансы. – Москва, 2012.
  5. Бондарь Ю.В. “Комплексное развитие обязательного и добровольного медицинского страхования” Диссертация, Иркутск 2007 г., 16 л.

 


[1] Stat.uz сайт маълумотлар асосида муаллиф томонидан тайёрланди.

[2]https://kun.uz/70054735 маълумотлари асосида тайёрланди.

[3]Рынок В.Н., Степкина Ю.А. Механизмы реализации принципов обязательного медицинского страхования в РФ. Финансы. Москва, 2012 год.



[1]Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами,  Тошкент шаҳри, 2017 йил 7 февраль, 2017 йил 6-сон. www.lex.uz

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"