Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
8714
10860
11229

-369
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
253650
246351
0

+246351

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 538 638
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ўзбекистонда узумчилик соҳасини ривожлантиришнинг иқтисодий асослари

Охирги пайтларда дунёда мева ва сабзавотлар истеъмол қилиш йилига ўртача 5-7 фоизга кўпаймоқда. Ўзбекистон эса ўз аҳолисининг бу маҳсулотларга бўлган эҳтиёжини бемалол қондиришдан ташқари, уларнинг экспорт ҳажмини ошириш салоҳиятига ҳам эга. Чунки юртимизда ҳар йили қарийб 19 миллион тонна ноз-неъматлар етиштирилади, шундан 700 минг тоннаси экспорт қилинади. Муҳими, бу  кўрсаткич йил сайин ортиб бормоқда.

Маълумки, қишлоқ хўжалиги аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотлари, саноатни хомашёлар билан таъминлашда муҳим ўрин тутади. Соҳада олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотлар ва белгиланган чора-тадбирлар изчил амалга оширилиши натижасида барқарор иқтисодий ўсиш таъминланмоқда. Узумчилик ва мева-сабзавотчиликни ривожлантиришда мавжуд имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, ички бозорни тўлдириш, экспорт салоҳиятини юксалтириш ишлари давлатимиз раҳбари ҳамда ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган тегишли қарор ва фармонлар асосида амалга оширилмоқда. Бу борада, айниқса,  Президентимизнинг  2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони, 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари дастуриламал вазифасини ўтаяпти, десак муболаға бўлмайди. Чунки улар асосида қайта ишлаш корхоналарини узум ва бошқа мева-сабзавот маҳсулотлари билан мунтазам таъминлаш, ички истеъмол бозорига йил давомида мева- сабзавотлар, картошка ва полиз маҳсулотларини узлуксиз етказиб бериш, ҳўл ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажмини ошириб, турларини кенгайтириш учун уларни етиштириш, ишлаб чиқариш ва харид қилиш бўйича ягона тизим шакллантирилди.

Натижаси чакки бўлмади. Биринчидан, узумчиликни жадал ва самарали ривожлантиришни таъминлашга, юқори сифатли ва рақобатбардош тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўламини кенгайтиришга, уларни йирик хорижий бозорларга чиқаришга кенг йўл очилди. Иккинчидан, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига деҳқончилик юмушларини ташкиллаштириш учун экиш материали ва аванс тўловларини тақдим этувчи, улар етиштирган маҳсулотларни келишилган нархларда харид қилувчи ишлаб чиқарувчилар, тайёрловчи корхоналар, қайта ишловчилар, экспорт қилувчилар ўртасида кафолатланган шартномалар асосида “уруғ – кўчат – маҳсулот етиштириш – тайёрлаш – сақлаш – қайта ишлаш – транспортировка қилиш – бозорга етказиш” тамойили бўйича узлуксиз занжирни шакллантиришни кўзда тутувчи кластерлар пайдо бўла бошлади.

Бундан ташқари, 2018 йилда ҳар бир ҳудудда 1-2 тадан мева-сабзавот кластерини шакллантириш, 2019 йилдан эътиборан мева-сабзавотчиликка ихтисослашган барча туманларни қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг кластер шаклига жалб қилиш вазифаси белгиланди. Кластерларга ички ҳамда ташқи бозордаги эҳтиёжни ва тупроқ-иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда, зироатчилик экинларини экиш, маҳсулот етиштириш ҳажми, уларнинг нави ва турини аниқлаш, шунингдек, фермер ва деҳқон хўжаликлари билан уларнинг  маҳсулотларини сотиб олиш юзасидан шартномалар тузиш бўйича мустақил қарор қабул қилиш ҳуқуқи берилди. Фармонга биноан, узум етиштирувчи хўжаликлар 2021 йилнинг 1 январига қадар, кўчатхоналар ва иссиқхоналарда уруғ, кўчат ва пайвандтаг етиштирувчи ва  қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларига етказиб берувчи хўжалик юритувчи субъектлар барча турдаги солиқ ва йиғимлар тўлашдан ҳамда четдан келтирилаётган уруғлар, кўчатлар ва пайвандтаглар, минерал ўғитлар, ўсимликларни кимёвий ҳимоялаш воситалари, замонавий энергия тежовчи иссиқхоналар ва уларнинг бутловчи қисмлари божхона тўловларидан озод этилди.

“Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, мева-сабзавотчилик, хусусан, узумчилик соҳасида ҳам қўшилган қиймат занжирини яратишни рағбатлантириш, сифатли мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларнинг экспорти барқарорлигини таъминлаш, бундай маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларнинг молиявий имкониятларини кенгайтириш, шунингдек, ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида ихтиёрий ва пай асосида иштирок этиш тамойилларида мустақил ва ўзаро боғлиқ қишлоқ хўжалиги корхоналари, фермер ва деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгаларининг кооперацион бирлашиши негизида қишлоқ хўжалиги бирлашмалари институтини яратишга асос солинди. Қарорда 2019-2020 йилларда тажриба-синов тариқасида мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тайёрлаш, сақлаш ва сотиш бўйича биргаликдаги фаолиятни амалга ошириш учун Жиззах вилоятининг Ғаллаорол ва Зомин туманларида, Самарқанд вилоятининг Булунғур ва Ургут туманларида, Фарғона вилоятининг Олтиариқ ва Қува туманларида, Тошкент вилоятининг Қибрай ва Паркент туманларида қишлоқ хўжалиги бирлашмаларини ташкил этиш вазифалари  белгилаб берилди.

Албатта, эл-юрт фаровонлигини, дастурхонимиз тўкин-сочинлиги таъминлаш борасидаги  мақсадларимиз улуғ, ниятларимиз холис. Биз бундан қувонишимиз, айни чоғда, узумчилик соҳаси ривожига тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар ҳам борлигини унутмаслигимиз керак. Масалан, мева-сабзавотлар етиштиришга мўлжалланган ер майдонлари миқдори  чекланган. Аниқроғи, ялпи қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибида мева-сабзавотлар улуши 40 фоизни ташкил қилса-да уларга ажратилган ерлар жами қишлоқ хўжалиги экинлари ер майдонининг 20 фоизини ташкил этади. Ёки айтайлик, узумчиликда кўчатчилик етарли даражада ривожланмаган, қайта ишлаш ҳажми кам, маҳсулотларни сақлашга боғлиқ муаммолар кўп, махсус техника воситалари етишмайди ва ҳоказолар. Бинобарин, бу муаммоларни илмий жиҳатдан ҳар томонлама чуқур ўрганиш, ечимлари бўйича илмий асосланган таклиф ва тавсиялар тайёрлаш долзарб вазифа ҳисобланади.

Биз Ўзбекистонда узумчиликни янада ривожлантириш бўйича қуйидаги чора-тадбирларни ишлаб чиқишни ва амалиётга жорий этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

– мамлакат аграр сектори эртапишар ва кечпишар узум маҳсулотлари етиштиришда катта салоҳиятга эга, уларнинг ҳажми  ички талабдан юқори бўлиб, экспорт ҳажмини ошириш учун қулай имкониятлар мавжуд. Узум етиштирувчи деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари манфаатдорлигини ошириш, улар етиштирган узум ва мева-сабзавотларни сотиб олиш, ички ва ташқи бозорга олиб чиқиш ҳамда қайта ишлаш ва экспорт қилишни ташкил этиш мақсадида кластер, кооператив каби турли тузилмаларни ривожлантиришни янада жадаллаштириш лозим. Бунда узумчилик тармоғидаги жорий харажатлар камайиши маҳсулот ҳажми ошиши, сифати яхшиланиши, уни истеъмолчига етказиб бериш вақти ва харажатлари тежалиши эвазига синергетик самарадорлик ошишига сабаб бўлади, пировард натижада иқтисодий самарадорлик ортади;

– қишлоқ хўжалиги бирлашмаларига (кооперацияларига) аъзо бўлган фермер, деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари ишлаб чиқариш, уларни тайёрлаш, ташиш, сақлаш ва сотиш бўйича хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи бошқа жисмоний ва юридик шахсларнинг ўзаро манфаатдорлигини ҳисобга олган ҳолда, даромадни тақсимлашнинг адолатли механизмини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш зарур;

– ҳанузгача узумни қайта ишлаш корхоналарининг монопол ҳолати сақланиб  қолаётгани ва улар томонидан сотиб олиш баҳолари жуда паст қилиб белгиланаётгани узум етиштирувчи деҳқон ва фермер хўжаликларини маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга рағбатлантирмайди. Шу боис турли мулкчилик шаклидаги қайта ишлаш корхоналарини кенг ривожлантириш ҳамда нарх белгилаш механизмини қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқдир;

– узум маҳсулоти тез бузилувчан бўлгани туфайли уни тайёрлаш ва сақлаш тизимини такомиллаштириш талаб этилади. Замонавий музлаткичлар билан жиҳозланган йирик типдаги маҳсулот сақлаш омборларидан ташқари, узум етиштирувчи деҳқон ва фермер хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари ўзларининг корига ярайдиган кичик ҳажмли омборлар қуришлари  учун уларга паст фоизли кредитлар ажратиш, маълум муддатга солиқлардан озод қилиш ва шунга ўхшаш бошқа имтиёзлар бериш керак;

– узумчиликда механизация даражасини ошириш учун айни йўналишда фаолият кўрсатаётган деҳқон ва фермер хўжаликларининг моддий-техник базасини мустахкамлаш, айниқса, узум қаторлари орасида ишловчи махсус техника воситаларини сотиб олишлари учун паст фоизли ва узоқ муддатли (камида 15-20 йил) мақсадли кредитлар ажратиш, техника воситаларини лизинг асосида етказиб бериш тизимини янада такомиллаштириш даркор ва ҳоказолар.

Юқорида айтилган чора-тадбирлар асосида ва мамлакатимизнинг ҳудудий хусусиятларини ҳисобга олиб, узумчиликка тааллуқли махсус дастурлар яратиш ва амалиётда қўллаш соҳада маҳсулот етиштириш ҳажми ва сифати ортишида, экспорт салоҳияти янада ўсишида ҳамда узум етиштирувчиларнинг моддий манфаатдорлиги ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.

Аброр ИНОБАТОВ,

Тошкент Давлат аграр университети ассистенти.

Аннотация

Мақолада қишлоқ хўжалигида мева-сабзавотчилик ва боғдорчилик соҳаларини, жумладан, узумчиликни ривожлантиришда мавжуд муаммолар баён этилган ҳамда уларнинг  ечимини топиш бўйича илмий ва амалий аҳамиятга молик таклиф-тавсиялар билдирилган.

В статье изложены имеющийся проблемы в развитие сферы плодоовощеводства, в частности виноградарстве и подготовлены научно и практически обоснованные предложения по их решению.

The article outlines the existing problems in the development of fruit and vegetable production, particularly viticulture, and prepared scientifically and practically sound proposals for their solution.

Калит сўзлар: узум, қайта ишлаш, экспорт, кластер, кооперация, синергетик, самарадорлик, қиймат занжири. 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 12 апрелдаги “Мева-сабзавот, картошка ва полиз маҳсулотларини харид қилиш ва улардан фойдаланиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги “Ўзбекистон Республикасида мева-сабзавотчиликни жадал ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 мартдаги “Мева-сабзавотчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги кооперациясини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори.

4. Фармонов Т.Х. “Фермер хўжаликларини ривожлантириш истиқболлари”. Тошкент, “Янги аср авлоди”, 2004 йил.

5. Мухитдинова У.С. Рынок плодоовощной и виноградной продукции и эффективность его функционирования в условиях либерализации экономических отношений. Монография. Ташкент,”Фан”, 2008 год,   125-стр.

6. Мирзаев М.М., Джавакянц Ю. ва бошқалар. Ўзбекистонда узум етиштиришнинг интенсив технологияси. Тошкент, 1989 йил.

7. agrobisiness.ru

8. uzexport.com

9. uzex.com

10. stat.uz

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"