Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
9472
8921
10497

-1576
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
222342
277659
0

+277659

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 507 330
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Транспорт хизматлари бозорида замонавий маркетинг тадқиқотларидан фойдаланиш

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017—2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракат стратегиясида “аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни тубдан яхшилаш, йўловчи ташиш хавфсизлигини ошириш ва атроф-муҳитга зарарли моддалар чиқишини камайтириш, ҳар томонлама қулай янги автобусларни сотиб олиш, автовокзал ва автостанцияларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш”[1] вазифлари белгилаб берилиши транспорт хизматлари бозорида мақсадли тадқиқотлар ўтказиш заруриятини келтириб чиқаради.

Замонавий транспорт ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан ягона транспорт тизимини ташкил этиб, темир йўл, денгиз, дарё, автомобиль, ҳаво, қувур ва саноат коммуникацияларининг қудратли тармоғини ўз ичига олади[2]. Замонавий транспорт ҳар йили миллиардлаб тонна хомашё ва тайёр маҳсулотларни ташиб ҳамда миллиардлаб йўловчиларни манзилларига етказиб, оммавий саноат ишлаб чиқаришини, чуқур меҳнат тақсимотини, ички ва ташқи савдо, илм-фан ва маданиятнинг ривожланишини таъминлайди[3].

Йўловчи ташиш транспорт хизматлари бозорида замонавий маркетинг тадқиқотларидан фойдаланиш асосида, хизмат кўрсатиш маданияти ва самарадорлигини ошириш бўйича мақсадли стратегик йўналишларни аниқлаш долзарб вазифалардандир.

Ўзбекистонда 2019 йил 1 январь ҳолатига транспорт соҳасида янги ташкил этилган корxона ва ташкилотлар сони 2,1 мингтага етиб, 2018 йилда жами ташилган йўловчилар 5818,1 млн. кишини ташкил этди. Йўловчи айланмасининг хажми эса 134,4 млрд. йўловчи-км.га  тўғри келди. Транспорт турлари бўйича йўловчи ташиш таркибида 2018 йилда автомобиль транспорти етакчи салмоқга эга бўлиб, жами йўловчи ташиш ҳажмидаги улуши 98,3 % ни,  темир йўлда 0,4 фоизни, ҳаво транспортида 0,04 фоизи, бошқа транспортларда эса (шаҳар электр) 1,3 фоизни ташкил этган[4].

Ҳар қандай корхонада бўлгани каби йўловчи ташиш транспорти корхоналарида ҳам маркетинг стратегияларини ишлаб чиқиш жараёнида унинг бозор фаолиятига таъсир этувчи омиллар ва кучларни ҳисобга олиш тақозо этилади[5].

Микромуҳит омиллари транспорт корхоналарининг ўз мижозларига хизмат кўрсатиш жараёнида таъсир кўрсатувчи объектив ва субектив омилларни ўз ичига олади. Йўловчи ташиш транспорти корхоналарининг микромуҳит омиллари мижозлар,  операторлар,  экспедиторлар, рақобатчилар, транспорт воситаларида ишлатиладиган ресурсларни етказиб берувчилар, давлат органлари, ОАВ, алоқа компаниялари ва бошқалардир.

Макромуҳит омиллари корхона фаолиятига бевосита ва билвосита таъсир қилувчи  ижтимоий ва табиий омиллар ҳисобланади. Улар транспорт бозорини ривожланишига таъсир қилувчи  сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, илмий, техник ва табиий омиллар бўлиб, маркетинг фаолиятини амалга ошириш жараёнарида ўрганилиши лозим. Шунга асосан, йўловчи ташиш транспорти бозорини ўрганишда асосий омиллар сифатида қуйидагиларни келтириб ўтиш мақсадга мувофиқ: тармоқнинг ҳудудий ривожланиши, ҳудудий экспорт-импорт сиёсати, ҳудудий транспорт хизмати бозорларининг ҳажми ва салоҳияти, ҳудуд аҳолисининг турмуш даражаси, истеъмолдаги товарларни етказиб бериш улуши, транспорт таъминоти ва сервис хизматининг сифати ва жойлашуви, ҳудуднинг транспорт воситалари ва ресурслар салоҳияти ва бошқалар. Шунингдек, автомобиль транспорти корхоналарининг  маркетинг фаолиятига таъсир қилувчи омилларни қуйидаги тўртта даража бўйича таснифлаш ўринлидир: транспорт хизматини кўрсатиш бўйича омиллар, транспорт хизмати бозори билан боғлиқ омиллар,  транспорти воситалар билан боғлиқ омиллар, автомобиль - йўл инфратузилмаси билан боғлиқ омиллар.

Йўловчи ташиш транспорти хизматлари бозорида маркетинг тадқиқотларини ташкил этишнинг асосий хусусияти бозорга таъсир этувчи омилларнинг таъсир механизмларини белгилаш асосида истиқболдаги ўзгаришларга баҳо бериш ҳисобланади. Бу эса маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш икки йўналишга асослананиши лозимлигини келтириб чиқаради, улар - муаммони аниқлаш бўйича тадқиқотлар ва муаммони ечиш бўйича тадқиқотлар (1-чизма).

11-82

Муаммони аниқлаш бўйича маркетинг тадқиқотлари (problem identification research) яширин ёки келажакда юзага келиш эҳтимоли бўлган муаммоларни аниқлаш учун ўтказилади.

Муаммони ечиш бўйича маркетинг тадқиқотлари (problem identification research) яширин ёки келажакда юзага келиш эҳтимоли бўлган аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича амалга ошириладиган стратегик йўналишларни аниқлаш мақсадини кўзлайди. Бозор тадқиқотлари ўтказадиган компаниялар маълумотларига кўра, амалга оширилаётган тадқиқотларнинг аксарияти бозор салоҳиятини аниқлаш, бозор улушини ва бозордаги ассосий кўрсаткичларини ўрганиб боришга асосланган.

Маркетинг тадқиқоти муаммосини аниқлаш маркетинг тадқиқотларининг энг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.  Муаммоларни аниқлаш жараёни мантиғи ва йўналиши 2-чизмада кўрсатилган бўлиб, унда муаммони аниқлаш учун ҳал этилиши лозим бўлган асосий вазифалар кетма-кетлиги келтирилган. Транспорт хизматлари бозоридаги муаммоларни аниқлаш учун ҳал этилиши лозим бўлган асосий вазифалар қуйидагилар: топ менежер ёки қарор қабул қилувчилар билан музокаралар, экспертлар ёки мутахассислар билан интервьюлар ўтказиш, иккиламчи маълумотларни таҳлил қилиш  ва сифат тадқиқотларини ўтказиш.

11-82-1 

Йўловчи ташиш транспорти тизимидаги муаммоларни ҳал қилишда хизмат кўрсатувчи транспорт корхоналари юқорида белгиланган омиллар ва уларнинг бозорга таъсирини таҳлил қилади ва бозордаги муаммоларни келиб чиқиш сабабларини ўрганади. Транспорт хизматлари бозорида фаолият юритишнинг асосий муаммоларини аниқлаш ташқи муҳит омилларини баҳоланмасдан амалга оширилиши мумкин эмас. Бозордаги асосий муаммолар эса транспорт хизматларини кўрсатувчи корхонанинг маркетинг фаолиятидаги асосий муаммони белгилаб олиш имконини беради. Бундан ташқари, бошқарувдаги муаммога асосланган ҳолда қўйилган маркетинг тадқиқоти муаммосини ечимига қаратилган тегишли ёндашув, методология, аналитик таҳлил моделлари танланади, муаммони ечиш бўйича асосий саволлар шакллантирилади, саволлар асосида гипотеза қўйилади ва якуний боқичда омилларнинг таъсири аниқланади.

Транспорт хизматлари бозорини бошқариш бўйича қарор қабул қилувчиларнинг (топ менежер) фикри шахсий мулоқотлар асосида ўрганилиши талаб этилади ва натижада тадқиқотнинг имкониятлари ва чекловларини тушуниш имконини беради. Қарор қабул қилувчиларнинг асосий вазифаси транспорт хизматлари бозорини тадқиқ қилиш йўлларини кўрсатиб беришдир. Бироқ бу маркетинг тадқиқотларининг муаммоларини аниқлаш дегани эмас, балки топ менежердан маркетолог нимани ўрганиш кераклигини тўғри тушуниб етишига кўмак, деса тўғри бўлади. Маркетолог топ менежерлар билан суҳбат қилишга алоҳида тайёргарлик кўриши керак. Топ менежерлар томонидан қўйилган муаммолар бўйича мақсадли мантиққа эга бўлишда “муаммолар аудити”дан фойдаланиш тавсия этилади[7]. Тадқиқот муаммолари аудити (problem audit)  маркетинг муаммоларини кенг қамровда талқин қилиш, унинг сабаблари ва моҳиятини тушунишга имкон беради.

Топ менежер билан бир қаторда соҳа мутахассислари ёки тармоқ экспертлари ҳам маркетинг муаммоларини шакллантиришга ёрдам беришлари мумкин. Ушбу мутахассислар корхона ходимлари ёки ташқи экспертлар ҳам бўлиши мумкин. Одатда экспертлардан маълумотлар расмий сўровлардан фойдаланмасдан тузилган шахсий интервьюлар орқали олинади. Бироқ суҳбат давомида эътиборга олинадиган муаммолар ёки мавзулар рўйхати маркетолог томонидан олдиндан тайёрланиши лозим. Мутахассислар билан суҳбат маркетинг тадқиқоти муаммоларини тўлиқ шакллантиришга кўмаклашмаса-да, уларнинг барча фикрини инобатга олиш мақсадга мувофиқ.

Сифат тадқиқотлари муайян маълумотларни яхшироқ тушуниш учун мўлжалланган кичик намуналарга асосланган тадқиқот усулидир. Сифат тадқиқоти натижалари менежерлар билан музокаралар, экспертлар билан суҳбатлар ва ахборотлар таҳлили, маркетинг тадқиқотлари муаммоларини ҳал этиш учун зарур бўлган омилларни тизимлаштириш имконини беради.

Маркетинг тадқиқотлари муаммосини аниқлашнинг асосий компонентлари сифатида қуйидагиларни қабул қилиш мумкин: тадқиқот методологияси, аналитик моделлар, тадқиқот саволларини қўйиш, гипотезалар киритиш ва маркетинг тадқиқотларида ўрганиладиган омиллар тизимини ишлаб чиқиш ва уларни асослаш.

Хар қандан маркетинг тадқиқотлари объектив маълумотлар ва назарияларга таянилган холда олиб борилиши лозим. Маркетинг тадқиқотлари амалиётида назарий қонуниятларга  асосланиш тадқиқотчидан ижодкорлик талаб қилувчи жараён ҳисобланади.

Республикамизда йўловчи ташиш транспорти хизматлари бозорини ўрганиш борасида бир қатор йўналишларда маркетинг тадқиқотлари ўтказилмоқда, жумладан, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда бу борадаги мақолалар кенг тарқалмоқда. Бироқ муаммога аниқ ташхис қўйиш учун ҳар қандай тадқиқот муайян илмий-методологик асосга ва назарияга асосланаши лозим (1-жадвал).

Назарияларга таянилган ва илм-фанда асосланган методология эса маркетинг тадқиқотларининг аналитик моделларини ишлаб чиқиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

 

1-жадвал.

Маркетинг тадқиқотларида назариянинг ўрни[1].

Т/р

Маркетинг тадқиқотлари вазифалари

Назариянинг роли

1.

Маркетинг тадқиқотлари концепцияси ва асосий ўзгарувчиларни белгилаш

Методологик асосни яратиш, муаммоли вазиятнинг асосий сабаблари ва жараёнини тушуниш. Мустақил ва боғлиқ ўзгарувчиларни тегишли методологик ёндашувга асосланиб танлаш ва ҳ.к.

2.

Асосий ўзгарувчиларни мақсадли танлаш

Ишнинг ҳақиқий ҳолатидан келиб чиқиб, тадқиқотчи тегишли ўзгарувчиларни ишлатишни асослаши лозим

3.

Тадқиқот йўналишларини танлаш

Назарий асослар маркетинг тадқиқотларидаги қонуниятларни, сабаб ва оқибатли боғланишларни асослашга ёрдам беради.

4.

Танланма кузатув турларини белгилаш

Методологик асосга кўра кузатувлар даражаси ва респондентларни ажратиш уларнинг салмоғини белгилашга ёрдам беради

5.

Маълумотларни таҳлил ва талқин қилиш

Методология – таҳлил усуллари ва уларни таҳлил ва талқин  қилиш стратегиясини белгилаш.

6.

Натижа муҳокамаси

Маркетинг тадқиқотлари натижаларини олдинги маълумотлар билан бирлаштириш ёки уларни тўлдириш ва таққослаш кабилар

 

Аналитик моделлар маркетинг муаммоларини ечишга қаратилган ва тадқиқотда танлаб олинган ўзгарувчилар асосида мақсадга эришишга қаратилган таҳлил тизими ёки жараённи англатади. Улар бир қатор гуруҳга бўлинади, жумладан, аналитик моделлар, вербал моделлар, графикли моделлар, математик моделлар ва бошқалар.

Қидирув саволлари маркетинг тадқиқотлари муаммоларини хал қилиш учун зарур бўлган маълумотлар турларини аниқлашга ёрдам беради. Маркетинг тадқиқотлари жараёнида қидирув саволларини шакллантириш фақатгина муаммо қўйилишини эмас, балки тадқиқотнинг методологияси ва аналитик моделларга мувофиқлигини ҳам талаб этади. Шакллантирилган қидирув саволлари эса тадқиқот жараёнида ўрганиладиган омилларни тизимлаштиришга ва тадқиқотнинг гипотезасини аниқлашга ёрдам беради.

Тадқиқотнинг гипотезаси ўрганилаётган муаммо ва ҳодисаларнинг қонуниятларга мувофиқлиги ва боғланишлар тўғрисидаги тахминий мулоҳазалар ёки фаразлардир.

Хулоса қилганда, йўловчи ташиш транспорти хизматлари бозорида замонавий маркетинг тадқиқотларидан фойдаланиш маркетинг тадқиқотларини ўтказишнинг назарияси ва амалиётига асосланиши, аниқ методологик асосга эга бўлиши, тизим кетма-кетлиги асосига қурилиши лозим. Тавсия этилган методологик ёндашув асосида амалга оширилган тадқиқотларгина транспорт хизмати бозоридаги муаммоларни аниқлаш ва уларнинг ечими бўйича мақсадли стратегиялар белгилаш имкониятини яратади.

Темур БЕРДИЁРОВ,

Тошкент Давлат иқтисодиёт университети мустақил тадқиқотчиси.

Аннотация

Мазкур мақола транспорт хизматлари бозорида замонавий маркетинг тадқиқотларидан фойдаланишнинг методологик асосларини ишлаб чиқишга қаратилган. Унда транспорт хизматлари бозорида маркетинг тадқиқотларини олиб бориш зарурияти асосланган. Ўзбекистонда транспорт хизматлари бозорини ривожланиш ҳолати таҳлил қилиниб, бозорни ўрганишга қаратилган маркетинг тадқиқотларини ўтказиш йўналишлари таклиф этилган. Шунингдек, йўловчи ташиш траспорти хизматлари бозорида муаммони аниқлаш ва унинг ечимини топишга қаратилган маркетинг тадқиқотлари ўтказишнинг услубий асоси келтирилган.

В данной статье обращено внимание на выработку методологических основ использования современных маркетинговых исследований на рынке транспортных услуг. В нем обоснована необходимость проведения маркетинговых исследований  на рынке транспортных услуг.  Предложены пути исследований направленных на изучение  рынка транспортных услуг на основе изучения развития на рынке транспортных услуг в Узбекистане. Кроме того, в статье предложены основы методики определения проблем на рынке транспортных услуг  и проведения маркетинговых исследований.

This article focuses on the development of methodological foundations for the use of modern marketing research in the transport services market. It justifies the need for marketing research in the transport market. The ways of research aimed at studying the market of transport services based on the study of development in the market of transport services in Uzbekistan are proposed In addition, the article proposed the basics of the methodology for identifying problems in the market of transport services and conducting marketing research.

Калит сўзлар: транспорт, йўловчи ташиш транспорти, маркетинг, маркетинг тадқиқотлари, маркетинг стратегияси, транспорт корхоналари, тадқиқот турлари, муаммони қўйилиши, маркетинг тадқиқотлари саволлари, гипотеза, гипотезани асосланаши.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 2017–2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони.

2. Қодиров Т. Автомобиль транспорти рақобатдошлиги: ташкилий-иқтисодий механизмлар. / Монография. ТАЙИ. 2013 й. 9-бет.

3. Горшенин В.И. Транспортное обеспечение коммерческой деятельности: Учебное пособие./ В.И. Горшенин, Н.В. Михеев, И.А. Дробышев, С.В. Соловьев, А.В. Алехин, А.Г. Абросимов - Мичуринск: изд-во Мичуринского госагроуниверситета, 2009 г., 6-7-стр.

4. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари. Манба: https://stat.uz/uploads/doklad/2018/yanvar-dekabr/uz/11.pdf

5. Управление транспортной системой. Учебник для вузов / Под ред. В.Г. Галабурды / УМЦ ЖДТ, 2016 г.

6. NareshK. Malhotra. Marketing research: an applied orientation. Four Edition, -Prentice Hall, USA, 2016. -63-p.

7. MerrilynAstinTarlton, "Quick Marketing Audit", Law Practice Management, September 1997, p.18, 63; Leonard L. Berry, Jeffrey S. Conant, A. Parasuraman, "A Framework for Conducting aServices Marketing Audit", Journalof the Academy of Marketing Science, Summer 1991, p. 255—268.



[1]Муаллиф ишланмаси

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"