Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
0
0
0

+0

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 12 417 165
Главная "БИРЖА" Тоабад тилдан тушмас севимли қўшиқ (иккинчи мақола)

non_160Биз барчамиз учун муқаддас Ватан – Ўзбекистон номи битилган ва байроғимиз акс этган гербимиз тасвирини ҳар куни баъзи бинолар пештоқида, расмий бланкларда, муҳрларда, муҳим ҳужжатлар ва миллий пулимизда бот-бот кўрамиз. У мамлакатимиз миллий суверенитетини, халқимизнинг азалий орзу-ниятлари ва бугунги ҳаёти мазмунини ифодаловчи энг муҳим давлат рамзларидан бири ҳисобланади. Ҳар бир тасвири ва ранги тугал маънога эга.

Қанотларини ёйиб, парвозга шайланган кумушсимон афсонавий Ҳумо қуши бахт ва эрксеварлик тимсоли бўлса, тилла ҳошияли мовий мусамман (саккизбурчак) республикамиз ҳурлигини, халқимиз озод ва хамжиҳатлигини, оқ тусли ярим ой ва юлдуз миллий анъана-қадриятларимиз бардавомлигини, маънавиятимиз юксаклигини, ирода-эътиқодимиз собитлигини, ўзига хос тараққиёт йўлини танлаганимизни англатади.

Яшил тоғлар ва кенг водий узра заррин нурларини сочаётган офтоб табаррук заминимиз беқиёслигини, чулғаниб оқаётган қўш кокилли кумуш дарёлар кўзлаган марраларимиз сарбаландлигини ифодалайди. Очилган пахта ва олтиндек товланган буғдой бошоғи эса элимизнинг меҳнати ҳалол, ризқ-рўзи бутунлигини билдиради.

Табиий, шу ўринда ҳақли бир савол туғилади: хўш, гербимизга муҳр этилган ғалла аслида қачон кашф этилган, қачон нонга айланган, бизда қачондан бошлаб экила бошланган?

Ҳазрат Алишер Навоий таъбирича, “Дон сепувчи деҳқон Одам Ато фарзанди, балки ундан ризқ еганлар шу деҳқоннинг фарзандлари. Унинг ўзи эса Одам Атодир!” Демак, ғаллачилик инсон яралганидан буён давом этиб келаётган кўҳна машғулотдир. Тарихий-илмий манбаларга қараганда, деҳқончилик ва чорвачиликка инсоният тараққиётидаги энг қадимги – тахминан 2 миллион йил олдин бошланган тош даврининг неолит босқичида асос солинган. У милоддан аввалги 6-3-минг йилликларни қамраб олган. Арпа, буғдой, жавдар, сули, шоли, тариқ каби бошоқли экинлар ўша кезлар маданийлаштирилган. Тадқиқотчи олим Н.Вавилов дунёнинг узоқ ўтмишда бошоқли дон етиштирилган бешта асосий ҳудудидан бири бизнинг кўҳна Туронзаминимиз бўлганини аниқлаган. Чунки археологик қазишмалар чоғи аждодларимиз макон тутган қадим гўшалардан буғдой қолдиқлари ҳам топилган, 4-8 минг йиллар бурун Афросиёбда, Хоразм, Қашқа, Сурхон ва Чуст воҳаларида ғалла экилгани, халқларимизнинг илк ёзувлари нон билан чамбарчас боғланиб кетгани исботланган.

Ғалла донини пишириб ейиш эса тахминан 12-17 минг йиллар муқаддам – олов кашф этилгандан сўнг урф бўлган. Дастлаб думбул бошоқ чўғда қиздирилган, кейинроқ қовурилган, дони уқаланиб истеъмол қилинган. Милоддан аввалги 4-минг йилликда донни оқлаб ёки майдалаб ёрмага айлантирадиган тош ёрғучоқ яратилгач, ғалладан ун тайёрлаш, хамир қориш, ёйилган зуваласини қиздирилган тош устига қўйиб ёки қўрга кўмиб пишириш ўзлаштирилган.

Ота-боболаримиз нонни маъжозан барчага баробар ҳаёт рамзи – қуёшга менгзаб ясашган. Эрамиздан минг йиллар олдин ўлкамизда ноннинг 24 хили мавжуд бўлган. Айниқса, Мароқандда аъло навли буғдой унидан пиширилган Самидамита нони кўпчиликнинг севимли егулиги саналган. Айнан ўша кезлар Самарқанд, Тошкент шаҳарларида, Фарғона водийсида новвойлик касби пайдо бўлган. Бора-бора таркиби хамирни оширадиган ачитқи бактерияларга бой хамиртурушнинг кашф этилиши, тегирмон, ўчоқ, тандир, печнинг ҳамда қозон, това каби буюм-жиҳозларнинг вужудга келиши ва мукаммаллашиши туфайли дон унидан турли усулда турли шаклли ва турфа хил нон тайёрлаш ҳозиргача давом этиб келаётган янги босқичга кўтарилган.

Энг керакли ва энг савобли касб!

Кўриб турганингиздек, ғаллачилик бизга бегона соҳа эмас. Аждодларимиз азалдан бу касб билан шуғулланишган, навларини мутассил янгилаб, кўпайтириб боришган. “Тоза шудгор”, “қора шудгор”, “банд шудгор” усулларини қўллаб, мўл ҳосил кўтаришган. Улар яратган унумдор навлардан баъзилари диёримизда ўтган асрнинг ўрталарига қадар экиб келинган. Ғаллачилик билан бевосита боғлиқ новвойлик касби ҳам такомиллашиб, энг керакли ва энг савобли ҳунарга айланган. Юртимизнинг турли ҳудудларида пиширишнинг янги-янги усулларини қўллаб, масаллиқлари таркибини бойитиб, буғдой, арпа, маккажўхори, оқ жўхори унидан тандирда, товада, печда ҳар бирининг шакл-шамойили ва мазаси бетакрор обинон (сувли нон), чети қалин гижда нон, патир нон, ширмой нон (сутли нон, баъзи жойларда ширмон, ширмол деб аталади), хамиртуруш ишлатилмайдиган лочира сингари ўнлаб турдаги нон тайёрлаш йўлга қўйилган.

Албатта, бу анъана ҳозир ҳам унутилгани йўқ. Масалан, пойтахтимизда ўзига хос обинон, жайдари нон, седанали нон, гўштли нон, Тошкент патири, юлдузча патир, гижда патир, гўштли патир, ёғли патир, жиззали патир, пиёзли патир ёпилади. Фарғона водийсида обинон, оби жимжима, уй нони, кулча нон, жиззали нон, гўштли нон, ёғли нон, чапчап, гижда нон, оддий нон, ёғли, ёғсиз, қатлама, лўлда, ширмон, қашқар, тўй патирлари, қўшалоқ ширмой, пайванд, оби хол олча гули, ширмой кулча, кунгурали ширмой, кунжутли ёки седанали бозор нони, байрамона безакли нон тайёрланади. Чирчиқ воҳасининг ертандир ва ерўчоқларда пиширилган уй нонлари, обинони, ёнғоқли нони, хамиртуруш қўшилмаган лочиралари хуштаъмлиги ва тўйимлилиги, Хоразмнинг доираси кенглиги 40-50 сантиметрлик саватдек-саватдек нони, патири, гўштли нони, обинонга ўхшаш чурраги батамом бошқача шакл ва таъмга эгалиги билан диққатга сазовор. Бухоро, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё воҳаси (Шаҳрисабз, Китоб)да эса обинон, яққафо, гахсаки, нони заргарон, ҳиндуги, фатири қашқари, ширмоли ду жуфт, тафтон, тафтори ду без, нони тароқи, осиёий, пўлодий, жаззаин, кулчаи равғанин, оби жимжима, турфон, нони хаман, кулободи, забони гов, сохта ширмол, ширмоли седана пайванд, ширмоли оби холи олчагули, нони саланг, лаваш, чуррак, давра, совғатин нақшин, уй нони, қўшалоқ барака кулча, куёв ширмой нони, паркуп нон, кунжутли ёки седанали обинон, кунжутли патир ва бошқа нонлар машҳур.

Шубҳасиз, Курраи заминда йирик шаҳарларнинг пайдо бўлиши, саноатнинг жадал ривожланиши нон ишлаб чиқаришни кенг кўламда ташкил қилишни тақозо этди. Натижада катта-кичик нон заводлари ва комбинатлари қад ростлаб, ҳар бир мамлакатда аҳолининг тарихий маънавияти негизида шаклланган маҳсулотлар тайёрловчи нон саноати пайдо бўлди. Бу жараён ўтган асрнинг 30-йилларидан эътиборан бизнинг юртимизда ҳам кузатилди. Дастлаб Самарқанд ва Тошкент шаҳрида, кейинчалик Қўқон, Қарши, Термиз, Бухоро, Урганч, Наманган, Жиззах, Нукус, Ангрен каби шаҳарларда, қўрғонча, туман марказлари, йирик қишлоқларда асосан европача нонлар етказиб берадиган заводлар, новвойхоналар қурилди. Уларга миллий нонларни саноат усулида тайёрлаш имконини берувчи печлар ўрнатилди. Шунингдек, кичик новвойхоналар тизими шакллантирилди. Тармоқда нон, нон-булка, макарон ва қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарила бошланди. Республикамиз Мустақилликка эришгач, аҳолини нон билан изчил таъминлаш мақсадида ушбу корхоналарни қайта жиҳозлаб замонавийлаштириш, янгиларини барпо этиш, маҳсулот турларини кўпайтириш борасида кенг қамровли чоралар кўрилди. Маҳалла-гузарларда кўплаб новвойхоналар ишга туширилди. Юртимизда 300 хилдан зиёдроқ нон тайёрланадиган бўлди.

Дони бор эл – нони бор эл

Бу ўтмишни кўр-кўрона қоралаш эмас, бор гап. Мустабид тузум даврида Ўзбекистон “марказ”даги саноат корхоналарини пахта хомашёси билан таъминлашга маҳкум этилгач, ғаллачилик ўгай тармоққа айланиб қолди, соҳадаги миллий тажрибалар деярли унутилди. Масалан, 1991 йили бошоқли дон экинлари учун республикамиз бўйича атиги 221 минг гектар сувли майдон ажратилган, қолгани лалми ердан иборат бўлган. Устига-устак, ҳосилдорлик 17 центнердан, ялпи хирмон 940 минг тоннадан ошмасди. У 21 миллионлик аҳолимиз эҳтиёжининг бешдан бир қисмини ҳам қондиролмасди. Инчунин, 5 миллион тонна дон катта-катта маблағлар эвазига четдан келтириларди. Бу кетишда эндигина ўз инон-ихтиёрини қўлга киритган халқимиз вақт ўтиши билан иқтисодий жиҳатдан кимларгадир қарам бўлиб қолиши эҳтимолдан холи эмасди.

Қарангки, ана шундай танг-мураккаб бир вазиятда Юртбошимиз ташаббусни қўлга олиб, ғалла мустақиллиги ғоясини олға сурди ва уни иқтисодий тараққиётимизнинг энг устувор йўналишларидан бири қилиб белгилади. Шунга биноан, аввало, буғдойзорлар асосан пахта майдонларини қисқартириш эвазига йил сайин кенгайтириб борилди. Иккинчидан, “Сара уруғ – ҳосил бўлиқ” деган ақидага қатъий риоя қилиниб, ҳар бир минтақанинг тупроқ шароити ва табиий иқлимига мос, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли ўндан ортиқ янги маҳаллий нав яратилди. Учинчидан, ғаллачиликнинг илғор усуллари, замонавий ва интенсив агротехнологиялари амалиётга дадил татбиқ этилди, чет эллардан ҳосилни нес-нобуд қилмай, тез ва соз ўриб-йиғиб оладиган комбайнлар харид қилинди. Айни чоғда, деҳқонлар меҳнатини рағбатлантириш учун шартномадан ортиқча етиштирилган донни уларнинг ўзларида қолдириш тартиби жорий этилди. Бу бир томондан заминдорлар манфаатига мос тушса, иккинчи томондан маҳсулот ҳажмини кўпайтиришда муҳим аҳамият касб эта бошлади.

Қарабсизки, орадан кўп ўтмай Ўзбекистон ғалла мустақиллигига узил-кесил эришди. Бултур эса ўртача ҳосилдорлик 55 центнерни ташкил этди. Ялпи хирмон мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тарихида илк бор рекорд даражага – 8 миллион 50 минг тоннага етди. Шундан 60 фоизи ғаллакорлар ва аҳоли ихтиёрида қолдирилди. Алқисса, заҳматкаш халқимиз нималарга қодирлигини аҳли башар олдида такроран намоён этди. Бугунга келиб Ўзбекистон 31 миллиондан зиёд аҳолисини ўз дони билан тўла таъминлабгина қолмай, ғалла экспорт қилувчи мамлакатлар сафидан фахрли ўрин эгаллади. Таъбир жоиз бўлса, ғалла, дон ва нон мадҳи барчамиз фахр-ифтихор ила бирга куйлайдиган, ҳеч қачон тилимиздан тушмайдиган, тоабад юртимиз узра баралла янграб турадиган севимли қўшиққа айланди.

Қиёси топилмас ёқимли ҳид

Мен бу фикрларни қоғозга тушириш асноси бир неча кун ажиб бир ҳолатни бошдан кечирдим. Гоҳ 50-55 йил ортда қолган болалигимга қайтиб, кунда-кунаро катта рўзғоримизнинг катта тандири атрофида куймаланадиган раҳматли энам ва онам узиб берган иссиқ нонни ака-укаларим, сингилларим билан ариқда оқизоқ қилиб еганларимни кўз ўнгимга келтирдим. Гоҳ дастурхон атрофига жам бўлганимизда марҳум бобом ва отам нонни ҳар сафар алланечук меҳр билан қўлга олиб шукрона келтиришганини, “бисмилло”ни айтиб синдиришганини, болалигимизга бориб, уни тескари тишласак, тўнкариб қўйсак, ушоғини тўксак, бурдасини охиригача емасак, қаттиқ танбеҳ беришганини ёдга олдим. Баъзан солдатлик чоғим Қорақум чўлларида беш кун адашиб, нонга қанчалар зориққанимни эсладим. Гоҳ талабалик кезларим уйга борганимда, қишлоқ ҳиди анқиб турган бир тўрхалта патир билан қайтганимни, тўрт нафар ижарадош курсдош овқатга пул тополмай, ҳафта-ўн кун фақат қоқ нон еб жон сақлаганимизда у бизга болдан-да аъло туюлганини, ўша таъм бир умр оғзимизда қолганини эслаб, ширин тамшандим. Яқин қариндошимизнинг уйи тўрида неча ўн йиллар осиқлиқ турган, урушда дом-дараксиз йўқолган эгасини беҳуда кутган бир чети кемтик патир хаёлимни банд этганида эса ич-ичимдан чуқур хўрсиндим. Лекин ҳар сафар димоғимда ноннинг хушбўй исини туйганимда кўнглим тоғдек кўтарилди. Пировардида бугунги тўкин-фаровон кунимизни, юртимизда нон сероблигини, у ҳар кун, ҳар лаҳза уйимизда ҳам, ошхоналар-у тўй-маъракаларда ҳам дастурхонимизга файз бағишлаб турганини, кўчага чиқсак, ҳар қадамда новвойхонага дуч келишимизни, дўкон ёки бозорга кирсак, ноннинг чиройли ва иштаҳаочар минг бир турини кўришимизни ўйлаб, Яратганга шукроналар келтирдим.

Ҳа, айтганча, мақолани ривоят келтиришдан бошлагандим. Келинг, ниҳоясида ҳам шундай қила қолай. Кунлардан бир куни Ҳусайн Бойқаро вазиру вузароларига дунёда энг ёқимли ҳид таратадиган нарсани келтиришларини буюрибди. Улар ўта муаттар исли ҳар хил дарахт, гиёҳ, гулларни топиб, саройга олиб келишибди. Бироқ бирортасиям султонга ёқмабди. Ноилож қолган аъёнлар ҳазрат Навоийдан ёрдам сўрашибди. У тандирдан янги узилган бир сават нон олиб боришларини маслаҳат берибди. Шундай қилишган экан, Ҳусайн Бойқаро қувониб кетибди, Навоийнинг топқирлигига тан бериб, дунёда баҳоси ва тенги йўқ ифор, ҳақиқатан ҳам, эндигина тандирдан чиққан нон иси эканини чин дилдан эътироф этибди.

Хўш, сиз-чи, азиз биродар? Шу битикларни ўқиётганингизда сиз ҳам нон нақадар улуғ неъмат, нақадар буюк қадрият эканини яна бир бор қайта ҳис этдингизми? Унинг сон-саноқсиз турини, ранго-ранг шакл-шамойилини кўз олдингизга келтириб, хуш бўйини димоғингизда туйдингизми? Агар шундай бўлса, менинг сизга айтар сўзим ҳам, эзгу тилагим ҳам битта: ҳамиша соғ бўлинг, нондек азиз-мўътабар, нондек қадрли бўлинг!..

Абдунаби ҲАЙДАРОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист.

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"