Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
6459
7972
8165

-193
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
201926
286969
11106

+275863

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 9 440 985
Главная "БИРЖА" Меҳнат мигрантими ёки мардикор?

mardikor_160_5541232Сайтларни, ижтимоий тармоқларни кузатсангиз, ҳар куни ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари ҳақида нимадир ўқийсиз. Қайсидир шаҳарда ишлашга борган юртдошларимиз кетаётган автомобиль ҳалокатга учрайди, қайсидир қишлоқда ватандошимиз бўлган йигит ўғирлик қилиб қўлга тушади, яна қайсидир жойда қурилиши тугалланмаган бинонинг тўртинчи қаватидан йиқилиб тушган ўзбекистонлик фуқаро ҳалок бўлади. Аввалига бундай хабарларни изтироб, ачиниш билан кузатган одамлар аста-секин уларга бефарқроқ, эътиборсизроқ қарайдиган бўлди. Чунки шу каби хабарлар кўпайиб кетди.

Норасмий маълумотларга ишонадиган бўлсак, айни пайтда ўзбекистонлик 3-4 миллион фуқаро Россия, Қозоғистон, Украина, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ, Чехия ва бошқа мамлакатларда меҳнат қилишмоқда. Бу одамларни гарчан расмий тилда меҳнат мигрантлари деб атаётган бўлсак-да, аслида уларнинг кўпчилиги мардикорлик қилишмоқда. Чунки мигрантларнинг асосий қисми яқин хориж давлатларда ноқонуний фаолият юритмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг бир матбуот анжуманида таъкидлашича, айни пайтда биргина Россияда 2 миллион 644 минг нафар ўзбекистонлик меҳнат билан банд. Уларнинг 360 минг нафари бу мамлакатга расмий йўл билан, қолгани эса норасмий борган.

Ушбу маълумотдан кўриниб турибдики, бугун Россияда меҳнат қилаётган 360 минг нафар фуқаромизни ҳимоя қила оламиз, қолганларининг аҳволидан хабаримиз йўқ. Улар орасида қулларча ишлатилаётгани, иш ҳақини ололмай сарсон бўлиб юрганлари, хўрланаётганлари ҳам бор. Сотиб юборилган одамлар сони нечталигини билмаймиз ва уларнинг тақдиридан бехабармиз.

Меҳнат миграцияси деган тушунча бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. Инсоният яралибдики, яхши яшашни истайди, шу йўлда меҳнат қилади. Бунинг учун эса кўп пул топиши керак. Шу боис, у бой мамлакатларга, ишига кўп ҳақ тўланадиган жойларга йўл олади. Бир вақтлар европаликлар Шимолий ва Жанубий Америкага кетишган. Айни пайтда африкаликлар Европага интилмоқда. Ҳиндистон, Покистон ва Жанубий Осиёнинг бошқа мамлакатлари аҳолиси араб мамлакатларида меҳнат қилмоқда. Хуллас, меҳнат миграцияси аввалдан бор ва кейин ҳам бўладиган жараён.

Жаҳон меҳнат ташкилоти маълумотларига қараганда, дунёдаги ишга яроқли аҳолининг 165 миллион нафардан кўпроғини ёки салкам 5 фоизини меҳнат мигрантлари ташкил этади. Уларнинг асосий қисми юқори ва ўртачадан юқори маош тўланадиган мамлакатларда меҳнат қилади. 61 фоиз меҳнат мигрантлари уч ҳудуддан – 23 фоизи Шимолий Америкадан, 23,9 фоизи Шимолий, Жанубий ва Ғарбий Европадан, 13,9 фоизи араб мамлакатларидан иш топган.

Афсуски, бизнинг мамлакатимиз юқори ёки ўртачадан юқори маош тўлайдиган давлатлар қаторида эмас. Шу боис, ортиқча ишчи кучимиз дунёнинг турли бурчакларида меҳнат қилишга мажбур. Мозийга назар солсак, мардикорлик, ўзгалар юртига бориб ишлаш халқимиз учун ор саналган. 1916 йилги Жиззах қўзғолонини эслаб кўринг. Мардикорликка қарши халқ қўзғолон кўтарган эди ўшанда. Гарчи у минглаб бегуноҳ аҳолининг қирғин-бароти билан якунланган бўлса-да, ўзбек халқининг истибдодга, ноҳақликка қарши кураши сифатида тарихда қолди.

Собиқ шўролар даврида ҳам меҳнат миг­рацияси бор эди. Аммо бу даражада оммавийлашмаганди. Ноқоратупроқ ҳудудларни ўзлаштириш баҳонасида Марказий Осиё­дан одамлар кўчирилганди. Бундан икки мақсад кўзланганди. Биринчиси, аҳолиси шаҳарларга кетиб қолган ҳудудларга ишчи кучи олиб келинганди, иккинчиси, туғилиш кўп, лекин иш йўқ ўлкалардаги аҳоли иш билан таъминланганди. Лекин ноқоратупроқ ҳудудларга кўчиб келганлар учун имкониятлар яратиб берилганди. Энг муҳими, уларни ҳеч ким камситмасди, мардикордек ишлатмасди. Бошқача айтганда, уларнинг ҳуқуқини поймол қилмасди. Мен бу билан шўролар даври яхши эди, деган фикрдан йироқман. Аммо ҳақиқатни ҳам тан олиш керак. Ноқоратупроқ ҳудудларни ўзлаштирганлар ҳали тирик, ҳарқалай улар ўша даврларни ёмон хотиралар билан эслашмайди.

Меҳнат миграцияси, асосан, собиқ иттифоқ тарқалиб, иқтисодий алоқалар узилиб қолгач бошланди. Мамлакатимиздаги завод ва фабрикалар хомашё, ишлаб чиқарилган товарларга бозор йўқлиги сабаб бирин-кетин тўхтай бошлади. Иқтисодий жиҳатдан қийналган ва ишсиз қолган аҳоли, асосан, йигитлар, ўзлари хоҳлаб-хоҳламай, яқин хорижга йўл олди. Биз учун энг яқин мамлакатлар Қозоғистон ва Россия эди. Бундан ташқари, бу мамлакатларда ҳужжат талаб қилинмасди, тил муаммоси ҳам унча мураккаб эмасди. Собиқ иттифоқ даврида йигитларнинг кўпи ҳарбий хизматга борган ва рус тилида гаплаша олиш имконига эга эди.

Мигрантларнинг иккинчи оқимини қиш­лоқ хўжалигида бошланган хусусийлаштириш жараёни келтириб чиқарди. Колхоз ва совхозлар тугатилгач, хўжаликлардаги барча техника – машина ва тракторлар хусусийлаштириш баҳонасида қўшни мамлакатларга сотиб юборилди. Ўша пайтда ҳар бир хўжаликда юзлаб машина ва трактор бор эди. Уларни шу хўжаликларнинг раҳбарлари сотиб, пулни “юқори”дагилар билан бўлиб олишди. Демоқчиманки, хусусийлаштиришдан давлат хазинаси бойигани йўқ. Ўша пайтдаги раҳбарларнинг чўнтаги қаппайди, холос. Хусусийлаштириш баҳонасида ҳатто хўжаликларда ишлаб турган боғчалар, фермалар, омборхоналар, хуллас, кейинчалик фойдаланиш мумкин бўлган барча бинолар, устидаги “шапка”си олиниб, арзон-гаровга сотиб юборилди. Энг даҳшатлиси, бу биноларнинг барчаси бузилиб, ғишти алоҳида, шифери алоҳида, металл ва бетон конструкциялари алоҳида сотилди. Ҳайрон қоладиган томони шундаки, айрим “ишбилармонлар” боғчаларни ҳам бузиб сотди. Гўё энди одамларнинг фарзандлари боғчага бормайдигандек. Натижада юз минглаб тракторчилар, боғча тарбия­чилари, омборларда, фермаларда ишлаётган одамлар ишсиз қолди. Ва улар ҳам иш излаб қўшни давлатларга отланди. Энди мигрант эркаклар сафига аёллар ҳам қўшилди.

Ўша йилларда Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманидаги Мингбулоқ қиш­лоғига хизмат сафари билан борганимда, бир гуруҳ кексалар менга бундай савол беришганди:

– Хўжалигимизда 200 минг бошдан кўп қўй, 100 бошдан кўп от, эллик-олтмишта техника бор эди. Кейинги йилларда хўжаликда икки-уч марта раис ўзгарди, холос, бошқа ҳеч қандай ўзгариш бўлгани йўқ. Лекин шу қисқа давр ичида на бир бош қўй, на бир бош от, на бирорта техника қолди. Қани шунча мулк? Бирорта одам жавоб берадими ёки йўқми?

Ростдан ҳам ўша йиллардаги талон-тарож учун ҳеч ким жавоб бермаган. Кўчада қолган халқ эса истаб-истамай, ўзга юртларга ишга кетган, мардикорга айланган.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг дунё эшиклари очилди. Ватанимизга чет элликлар келиши кўпайди, юртдошларим учун хориж­га чиқиш имкониятлари кенгайди. Бундан ташқари, компьютер, интернетнинг кириб келиши, шулар билан бирга ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлиши дунё ҳақидаги тасаввурларимизни бойитди. Ривожланган давлатлардаги аҳолининг яшаш тарзи билан танишдик ва бизда ҳам шундай яшаш истаги пайдо бўлди. Бунинг учун эса пул керак эди. Мамлакатдаги оғир иқтисодий аҳвол бунга йўл қўймасди. Аҳолининг муайян қисми коррупция, порахўрлик ҳисобига бойиб кетган бўлса-да, асосий халқ камбағаллигича қолди. Охир-оқибат улар пул топиш илинжида хорижга кетишга мажбур бўлди. Бу меҳнат миг­рациясининг учинчи оқими эди.

Шуни унутмаслик лозимки, меҳнат миг­рантлари мамлакат иқтисоди тикланишига яхшигина ҳисса қўшган. Айни пайтда ҳам улар юртимиз хазинасини бойитишга сезиларли ёрдам беришмоқда. Энг афсусланарлиси шундаки, мамлакатга миллиарлаб доллар пул олиб келган мигрантларни юқори минбарлардан туриб дангасалар, ялқовлар, ишёқмаслар деб ҳақорат қилдик. Хайрият, кейинги йилларда уларга муносабат ўзгарди. Мамлакатимиз раҳбари аҳолининг иссиқ жойини ташлаб, мамлакатма-мамлакат сарсон бўлиб юришига ҳукумат ҳам айбдор эканлигини тан олди. Хориждаги фуқароларимизга ҳар томонлама ёрдам беришимиз кераклигини таъкидлади. Адашмасам, мигрантлар бир йилда энг кам иш ҳақининг 4,5 баравари миқдорида солиқ тўласа, хорижда ишлаган пайти иш стажига ўтадиган бўлди. Уларга яна қўшимча имкониятлар бериш масаласи ҳам ўрганилмоқда.

Ўзбекистон аҳолиси 33 миллион нафардан ошиб кетди. Бу бутун Марказий Осиё аҳолисининг ярми дегани. Бугун юртимизда катта ислоҳотлар амалга оширилаётган бўлса-да, яқин йилларда барча аҳолини тўла иш билан таъминлаш имкони қийинроқ. Бундан ташқари, ҳар йили 700 минг нафарга яқин йигит-қиз мактаб ва олий ўқув юртларини тугатиб, иш излашга мажбур бўляпти. Шундай экан, республикада саноат ва қишлоқ хўжалигини, бош соҳаларни ривожлантириш ҳисобига кўплаб янги иш ўринлари яратган ҳолда ҳам яқин йилларда ортиқча ишчи кучи сақланиб қолади. Бундан ташқари, энг кўп меҳнат мигрантларимиз борадиган Россияда ишчи кучига талаб ортиб бормоқда.

Юқоридаги далиллардан кўриниб турибдики, бизга хорижий меҳнат бозорлари керак. Бизда ортиқча ишчи кучи бор бўлган ҳолда, дейлик, Россияда меҳнат миг­рантларига талаб ортиб бормоқди. Сўнг­ги маълумотларга қараганда, 2025 йилда бу мамлакатда 7 миллион иш ўрни бўш қолади. Шу бўш ўринларнинг муайян қисмини ҳамюртларимиз тўлдириши мумкин. Лекин улар бугунгидек тарқоқ ҳолда эмас, икки мамлакат ўртасида тузилган шартномалар асосида ишга жойлашиши керак. Шунда ким қаерда ишлаётгани, нима иш билан бандлигини билиш, энг муҳими, уларни ҳимоя қилиш имкони бўлади.

Шу ўринда яна бир гапни айтиб ўтсак. Матбуот нашрларини кузатсангиз, меҳнат мигрантлари ҳақида Россияда негадир кўпроқ салбий фикрлар билдирилади. Аслида эса улар энг қийин ва оғир жойларда ишлашади. Бундан ташқари, 2016 йилда хорижлик ишчиларнинг фақат ойлик патент тўловларининг ўзи қарийб 45 миллиард рублни ташкил қилган. Бу дегани улар Россия бюджетига шунча пул тўлашган.

Ҳозир республикамизда 12 та мутахассислик бўйича юқори разрядли мутахассислар тайёрлайдиган, қайта тайёрлайдиган марказ ишлаб турибди. Жорий йил охирига бориб уларнинг сонини 50 тага етказиш режалаштирилган. Аслида бундай марказларни ҳар бир туманда ташкил этиш лозим. Уларда мутахассислар тайёрлаш ва тил ўргатиш билан бирга, хорижда ўзини тутиш, муомала маданиятини, мигрант йўл олаётган мамлакат тарихи, урф-одатларини ҳам ўргатиши лозим. Бу марказлар туманлардаги барча маҳаллалар билан мунтазам алоқада бўлиб туриши керак.

Меҳнат мигрантлари ҳақида гапирганда, масаланинг яна бошқа жиҳати борасида дўппини бошдан олиб, ўйлаб кўриш шарт. Аввало, хорижга иш излаб кетган айрим юртдошларимиз турли диний оқимлар таъсирига тушиб қолди. Уларнинг баъзилари бугун Сурия, Афғонистон, Покистон, Ироқ каби мамлакатларда сарсон-саргардон бўлиб юрибди.

Меҳнат миграциясининг иккинчи салбий жиҳати – юртдошларимиз хориждан турли юқумли касалликларни юқтириб келмоқда. Айримлари эса кўп йиллаб уйи­га қайтмаяпти. Натижада оилалари бузилиб, болалар етимга айланмоқда. Энг даҳшатлиси, айрим виждонсиз кимсалар ишга жойлаштириш баҳонасида аёлларни фоҳишаликка жўнатиш ва бунинг орқасидан пул ишлаш билан шуғалланишмоқда. Фақат аёлларни эмас, эркакларни ҳам қул қилиб сотиб юбориш ҳоллари ҳамон учраб турганини афсус билан қайд этиш мумкин.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики, хорижда ишлаётган мигрантларимиз жиддий ёрдамга муҳтож. Улар, биринчи навбатда, давлатлараро шартномалар асосида ҳимоя қилиниши керак. Масалан, Россиянинг барча ҳудудларида Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг вакиллари бўлиши керак. Уларнинг харажатларини меҳнат мигрантлари ҳисобидан қоплаш мумкин. Чунки улар расмий ҳолда, тегишли шартнома билан ишласа, маоши анча кўпаяди, ўзи ҳимояга олинади. Энг муҳими, улар мардикор эмас, меҳнат мигранти мақомида бўлади.

Бекқул ЭГАМҚУЛОВ.

 

 

 

 

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"