Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3473
8976
9299

-323
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
210493
267173
22336

+244837

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 8 904 619
Главная "БИРЖА" Корхона акцияси оммавий савдога чиқарилади



ipo_160Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 26 апрелдаги “Фонд биржасида акцияларнинг бирламчи ва иккиламчи оммавий таклифларини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида”ги қарорларига кўра, “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамияти устав капиталидаги 25 фоизгача акцияларни дастлабки босқичда бирламчи оммавий таклиф асосида (IPO) сотиш кўзда тутилган.

Шу муносабат билан мазкур жамият фаолияти ва унинг ривожланиш босқичлари ҳақида жамиятнинг корпоратив бошқарув бўйича бош мутахассиси Бекзод Маматқулов билан суҳбатлашдик.

– Акцияси IPO усулида сотилиши учун корхона барқарор фаолият кўрсатаётган ва ўзининг стратегик ривожланиш мақсадига эга бўлиши керак. Шу маънода олиб қаралганда, “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамияти қайси жиҳатлари билан ҳудуд, қолаверса, мамлакат иқтисодиётида ўз ўрнига эга?

– Бугунги кунда пластмассадан тайёрланган товар-маҳсулотлар деярли барча соҳада ишлатилмоқда. Айни шундай хомашёдан товарлар, яъни полимер қувур, плёнка ва халқ истеъмоли моллари эса айнан “Жиззах пластмасса” акциядорлик жамиятида ишлаб чиқарилади. Яъни корхона, асосан, пластмасса маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, республикамиз кимё саноати етакчиларидан бири ҳисобланади. Жамиятимиз биринчи маҳсулоти – полиэтилен қувурлар ва плёнкаларни 1972 йилдан бошлаб ишлаб чиқарган. Кейинчалик махсус ускуналар ўрнатилгач, пластмассадан уй-рўзғор буюмлари тайёрлашга киришилган, замонавий техника ва технология­ларни татбиқ этиш кенгайиб, янги маҳсулотлар ўзлаштирила бош­ланган. Ҳозирда полиэтилендан тайёрланадиган иссиққа чидамли плёнканинг аҳамияти дунё миқёсида ниҳоятда катта. Чунки ушбу плёнкада кимё, қишлоқ хўжалиги, машинасозлик, электротехника, радиотехника, фармацевтика ва пардоз ҳамда озиқ-овқат саноат­лари маҳсулотлари қадоқланиши мумкин. Корхонамизда ҳам бундай плёнкани ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши орқали илгари қиммат баҳода олиб келинган картон ва қоғоздан тайёрланган қадоқлаш материалидан воз кечилиб, қулай ва арзон қадоқловчи плёнкага бўлган ички истеъмол эҳтиёжи тўла қопланилишига эришилган. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати йилига 14,9 минг тонна бўлиб, асосий маҳсулотлари полиэтилен қувурлар, бутловчи қисмлар, полиэтилен плёнкалар ҳамда ҳар хил турдаги халқ истеъмоли моллари ҳисобланади.

Бундан ташқари, жамиятда қишлоқ хўжалигида сув таъминотини тежайдиган полиэтилен кўчма эгилувчан қувурлар ва эгатга тўшаб суғориш учун плёнкалар ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилган. Ушбу маҳсулотдан фойдаланиш деҳқон ва фермер хўжаликларида 30 фоиз миқдорида сувни тежаш имкониятини берган.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, асосий технологик ускуналар эскирганлиги боис рақобатбардош бўлмаган маҳсулотлар ишлаб чиқаргани оқибатида жамият бир муддат иқтисодий ночор ва зарар кўриб ишлаётган корхоналар қаторига кирган. Лекин тегишли чоралар кўрилгач, яъни жамиятни молиявий-иқтисодий соғломлаштириш бўйи­ча “йўл харитаси” дастури тасдиқлангач, 2015 йилдан корхона яна ривожланишда дадил давом этди. Зеро, мазкур дастур асосида ишлаб чиқаришни модернизациялаш бўйича умумий қиймати 1,3 млн. АҚШ доллари бўлган 3 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди. Бунинг натижасида маҳсулот турлари кенгайтирилиб, қўшимча 43 та янги иш ўрни яратилди. Амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига жамиятдаги иқтисодий ўсиш суръати ўтган йили 2015 йилга нисбатан 326 фоизни ташкил этди. Охирги икки йил давомида жами 18,0 млрд. сўм миқдорида соф фойда олинди.

– Шу кунларда қандай лойиҳалар устида иш олиб бориляпти?

– Президентимизнинг жорий йил 3 апрелдаги “Кимё саноатини янада ислоҳ қилиш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, мавжуд ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва янги технологияларни жорий этишни ҳисобга олган ҳолда жамиятни ривожлантиришни назарда тутувчи учта лойиҳа устида иш бошлаб юборилди.

Полиэтилен қувурлар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш лойиҳасидан мақсад, импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг янги турларини ишлаб чиқариб, қўшимча иш ўринлари яратишдир. Лойиҳанинг қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг. Ҳозирги кунда ускуналар тўлиқ олиб келиниб, ўрнатилган. Маҳсулотларнинг биринчи намуналари олинди.

Кимёвий қўшилмалар ишлаб чиқариш лойиҳаси орқали маҳаллийлаштириш асосида импорт ўрнини босувчи маҳсулотларнинг янги турларини тайёрлаш кутилмоқда. Бугунги кунда бундай маҳсулотларнинг импорт ҳажми йилига 8 минг тоннадан ортиқни ташкил этмоқда. Ушбу лойиҳа эса импорт ҳажмини 90 фоизгача қисқартириш имконини беради. Туркиянинг “Хелбето” компанияси билан ҳамкорликда “Helbeto Jizzakh Chemicals” қўшма корхонаси ташкил қилинди. Унда хорижий инвесторнинг улуши 80 фоиздан иборат. Лойиҳа қиймати 1,6 млн. АҚШ доллари бўлиб, шундан 1,3 млн. АҚШ доллари тўғридан-тўғри инвестициядир. Ҳозир ускуналар ишлаб чиқариш майдонларига тўлиқ олиб келинган, монтаж ишлари олиб борилмоқда. Маҳсулотларнинг биринчи намуналари жорий йилнинг иккинчи ярмида олиниши режалаштирилган.

“Жиззах” ЭИЗда БОПП-плёнка ишлаб чиқариш лойи­ҳаси асосида озиқ-овқат ва тўқимачилик маҳсулотларини қадоқлашда кенг қўлланилаётган био-ориентацияланган полипропилен плёнка ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Ушбу маҳсулотнинг импорт ҳажми йилига 10 минг тоннани ташкил қилмоқда. Мутахассисларимиз томонидан ички бозор тўлиқ ўрганиб чиқилганда импорт кўлами йилдан-йилга ўсиш суръатида кетаётгани аниқланган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгусида ишлаб чиқарадиган маҳсулотимиз ички бозорни тўлиқ таъминлайди, энг асосийси, хомашё асосан маҳаллий полипропилен ишлаб чиқарувчилардан олинади. Лойиҳанинг умумий қиймати 40,0 млн. АҚШ доллари, йиллик ишлаб чиқариш қуввати 20,0 минг тонна. Шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестиция 24,0 млн. АҚШ долларига тенг. Жанубий Кореянинг “LG International” ва Россиянинг “Nova Capital” компаниялари билан лойиҳани ҳамкорликда амалга ошириш бўйича дастлабки келишувлар олиб борилмоқда.

– Ҳар қандай корхона ўз истиқболини белгилаб, унга етишиш ниятида пухта режа асосида иш юритса, фаолияти самарали кечади. Сизда бу тамойилга қандай риоя қилиняпти?

– Албатта, юқоридаги йирик лойиҳалардан ташқари, келгусида бажарадиган ишларимиз белгиланган жамиятни 2019-2030 йилларда ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилган. Бозор конъюнктурасини ўрганиш ҳамда Навоий вилоятида қурилаётган газкимё мажмуаси хомашёси ва поливинилхлориддан янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш мақсадида шу қарорга келдик. Жами 13 та лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш юртимизда илгари мавжуд бўлмаган янги маҳсулотларни ўзлаштириш имконини бериши билан аҳамиятлидир. Яна бир эътирофли жиҳати – 19,95 млн. АҚШ долларилик маҳсулотни экспорт қилиш ҳамда 580 дан зиёд аҳолини иш билан таъминлашга эришмоқчимиз. Масалан, тўқимачилик саноати учун янги турдаги синтетик иплар ишлаб чиқариш, бўялмаган полиа­мид иплар импортини қисқартириш лойиҳасини амалга ошириш учун Словакия Республикасининг “Хемосвит” компанияси билан дастлабки келишув имзоланди. Бундан ташқари, Россия компанияси билан нефть ва кимё саноати учун полимерлардан кимёвий чидамли маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил этиш юзасидан келишиб олинди.

– Корхона акцияларининг оммавий савдоси муваффақиятли кечиши учун жамиятда корпоратив бош­қарув талаб даражасида бўлиши даркор. Корхона акцияларини IPO усулида сотиш жараёнига қандай тайёргарлик кетяпти? Бунда асосан нималарга эътибор қаратиляпти? Андеррайтер аниқландими?

– Акциядорлик жамияти устав капиталининг 25 фоизигача қўшимча акциялар чиқариб, биринчи очиқ таклиф қилиш орқали маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш, тушган маблағларни жамиятимизда амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга йўналтиришга қаратилган катта тадбир олдида турибмиз. Бунга тайёргарликни дастлаб бу ҳақда оммавий ахборот воситалари орқали эълонларни беришдан бошладик.
Эълонлар белгиланган тартибда давлат харидлари бўйи­ча махсус ахборот портали (xarid.uz)га ҳамда корпоратив ахборот ягона портали (openinfo.uz)га жойлаштирилди. Жорий йилнинг июнь ойи бошларида андеррайтер компанияси танлаб олинади. Ҳозирги вақтга келиб, берилган эълонларзга асосан “Dalal Standart” ва “Freedom Finance” компаниялари ўз таклифларини тақдим этган.

– Ҳозир бу борадаги тайёргарлик босқичида “Инвес­тор куни”ни ўтказиш анъана тусини олмоқда. Бундай имкониятдан қай тарзда фойдаланмоқчисиз?

– Бу ишларни амалга оширишни ҳам режалаштирганмиз. Мазкур тадбирларни қўшимча акциялар чиқариб, биринчи очиқ таклиф қилиш бўйича андеррайтер компанияси танлаб олингандан сўнг ҳамкорликда тарғибот-ташвиқот, инвесторлар билан учрашувларни ташкиллаштирамиз.

Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.

 

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"