Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5622
8523
9394

-871
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
228402
271599
0

+271599

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 213 671
Главная "БИРЖА" Жаҳон амалиётида йўқ солиқлар бекор бўлади

soliq_160_3Қайд этилганидек, кодекс лойиҳасида солиқ қонунчилиги нормалари қўлланилишини соддалаштириш, ундаги зиддиятлар ва тушунмовчиликларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, солиқ назоратининг шакл ва механизмлари, солиқ объектлари, солиқ тўловчиларнинг ҳисобини юритишни таъминлайдиган ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланиш билан боғлиқ бир қатор муҳим янгиликлар назарда тутилмоқда.

Жумладан, солиқ назоратининг янги тартиблари – камерал текширув, сайёр текширув, солиқ аудити таклиф этилмоқда.  Таҳлика-таҳлил дастури жорий қилинмоқда. Ушбу дастур фаолият кўрсатаётган барча хўжалик субъектларини муайян мезонлар асосида хавфлилик даражасига қараб, инсон омилисиз, автоматлаштирилган ҳолда 3 та сегментга (яшил, сариқ, қизил йўлаклар) ажратади. Унга биноан, хавфлилик даражаси паст бўлган (яшил йўлак) корхоналарга нисбатан ҳеч қачон солиқ текширувлари амалга оширилмайди ва ушбу корхоналарга юқори даражадаги солиқ хизматлари кўрсатилади. Хавфлилик даражаси ўртача бўлган (сариқ йўлак) корхоналарда  фақат камерал солиқ текшируви ўтказилади ва ушбу корхоналарга хато-камчиликларини бартараф этиш, ҳисоботини тузатиш имкони берилади ҳамда уларга молиявий ва маъмурий жарималар қўлланилмайди. Солиқларни тўлашдан бўйин товлаш, бухгалтерия ҳужжатларини ва ҳисобварақ фактураларини сохталаштириш ҳолатлари аниқланган, хавфлилик даражаси ўта юқори бўлган (қизил йўлак) корхоналарга нисбатан эса солиқ аудити текшируви ўтказилади. Шунинг учун  бундай корхоналар доимий назоратда бўлади. Ушбу тадбирлар солиқ назоратини юритишнинг шаффофлигини таъминлаб, юзага келиши мумкин бўлган коррупция ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.

Киритилаётган янгиликларга кўра, солиқ тўловчига солиқ органлари томонидан ортиқча ундирилган суммаларга ҳар бир ўтган кун учун фоиз тўланади. Хорижий сайёҳларнинг Ўзбекистондан сотиб олган товарларига ҳисобланган қўшимча қиймат солиғи (ҚҚС) “Tax free” тамойили асосида қайтарилади. Мулкни (хизматларни) беғараз равишда топширишда тўланадиган ҚҚС бекор қилинмоқда. Давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган корхоналар томонидан тўланаётган ягона ижтимоий тўлов 25 фоиздан 12 фоизга туширилмоқда. Лойиҳада солиқ органлари томонидан солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни 30 кундан ошмаган муддатга тўхтатиб туриш назарда тутилмоқда. Бунда солиқ тўловчининг тижорат банкларидаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини 30 кундан ортиқ муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг илтимосномаси асосида суд томонидан қабул қилиниши мумкинлиги белгиланмоқда.  Солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши бўйича янги меъёр киритилмоқда. Солиқ ҳуқуқбузарликларига йўл қўяётган тадбиркорлик субъектларига нисбатан молиявий санкциялар қўллаш тартиби қайта кўриб чиқилмоқда. Солиқ низоларини судгача ҳал қилиш тартиби ҳам аниқлаштирилмоқда. Яъни солиқ низоларини судгача муҳокама қилишни мажбурий ўтказиш тартибини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Лойиҳа нафақат парламент  қуйи палатасида, балки бир қатор ташкилот ва муассасаларда ҳам мутахассислар, экспертлар иштирокида муҳокама қилинди ва таҳлиллардан ўтказилди. Бу жараён ҳудудларга ҳам кўчиб, республикамизнинг барча вилоятларида маҳаллий кенгашлар депутатлари, мутахассислар, экспертлар, тадбиркорлар, йирик солиқ тўловчилар иштирокида кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда туркум семинарлар ташкил этилди. Барча муҳокамалар жараёнида депутатлар, тадбиркорлар, олимлар, экспертлар ва мутахассислар томонидан 300 дан ортиқ таклиф ва мулоҳаза кўтарилган. Улар қонун ташаббускорлари ва ишчи гуруҳ томонидан кўриб чиқилиб, кодекс лойиҳасига 70 дан ортиқ таҳририй ва концептуал ўзгартиш киритилди. Жумладан, лойиҳадаги солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки уни  бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат бериш ваколати Давлат солиқ қўмитасига тақдим қилиниши таклиф этилган эди. Муҳокамалардан сўнг йирик корхоналарнинг солиқ қарздорлигини кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш бўйича рухсат бериш ваколати Давлат солиқ қўмитасига, қолган солиқ тўловчилар бўйича эса ҳудудий молия ва солиқ органларининг хулосаси асосида халқ депутатлари вилоят кенгашига берилиши кўзда тутилмоқда.

Матбуот анжуманида журналистларни қизиқтирган  саволларга  атрофлича жавоб қайтарилиб, лойиҳанинг бир қатор нормалари мазмун-моҳияти тушунтирилди. Масалан, лойиҳада солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи тушунчаси ва уларни солиққа тортишнинг хусусиятлари акс эттирилган. Бу янги норма тадбиркорларнинг таклифи асосида лойиҳадан ўрин олган. Cолиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи кодексда назарда тутилган тартиб ва шартларда тузилган тегишли шартнома асосидаги ихтиёрий бирлашма ҳисобланади. Масалан, бешта хўжалик субъектининг бир-бирида улуши бор. Уларнинг ҳар бири фойда солиғини алоҳида тўлайди. Бунда бири фойда билан чиққан бўлиши мумкин, бири зарар билан. Агар бешта корхона биргалашиб, консолидация гуруҳида ишламоқчи бўлса, фойда солиғини бирлашиб ҳисоблайди ва битта корхона ҳисобидан топширади. Лекин ер ва мулк солиқларини ҳар бири ўзи тўлайди. Бу нормани 2022 йилдан жорий этиш кўзда тутилган.

Солиқ кодекси  лойиҳасининг принципиал янгилиги  ҳар қандай инвесторни қўллаб-қувватлашга йўналтирилганидир.  Яъни  амалдагисидан фарқи шундаки, 15 турдаги эскирган, жаҳон стандартларига умуман мос келмайдиган солиқлар камайтирилди.  Мисол учун,  корхона  фойда қиладими, қилмайдими, зарар билан ишлайдими, барибир “оборот солиғи”ни тўларди. У бекор бўлди. Ободонлаштириш солиғи бор эди, у бекор бўляпти. Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари, ягона ер солиғи, ягона солиқ тўлови ва шунга ўхшаган солиқлар жаҳонда умуман йўқ, лекин бизда бор. Шуларнинг бекор қилиниши Ўзбекис­тоннинг рақобатбардошлигини таъминлашга, инвесторларнинг бу ерга келиш имкониятини кенгайтиришга хизмат қилади.

Бундан ташқари, бугунги кунда бизда ҚҚС тушунарсиз. Яъни хўжалик юритувчи субъектлар ҚҚС тўлайди, лекин у манфий бўлганда  фақат экспортёрларга қайтариб берилади, бошқаларга эса йўқ.  Солиқ кодексининг янги нормасига кўра, энди корхона манфий бўлган ҚҚС бўйича ортиқча тўловни кейинги ойдан бошлаб қайтариб олади. Бу корхона айланма маблағини тўлдириш, ишлаб чиқариш таннархини пасайтириб, рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.

Қайд этилганидек,  лойиҳада тақдим этиладиган имтиёзлар миқдорини минималлаштиришга ҳаракат қилинган. Яъни даромад солиғи бўйича имтиёзлар деярли йўқ. ҚҚС бўйича  фақат ижтимоий имтиёзлар қолдирилмоқда.

Мутахассислар томонидан лойиҳада назарда тутилган солиқ тўловчиларнинг товламачилик хатти-ҳаракатлари, шу жумладан, товар-моддий бойликларини бепул бериш, раҳбарлар ва уларнинг оила аъзолари ва бошқаларнинг эҳтиёжлари учун товар-моддий бойликлар сотиб олиш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган чоралар ва уларнинг қандай амалга оширилишига ойдинлик киритилди. Яъни  Европа мамлакатлари, бошқа давлатлар  тажрибаси ўрганилганда уларнинг қонунчилигида товламачиликка қарши нормалар бор. Ўша нормалардан биттаси  агар корхона ўзи, директори, оила аъзолари учун бирор нима сотиб олаётган бўлса, унинг қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олмаслик нормалари киритиляпти. Масалан, автотранспорт харид қилинганда  унинг ҚҚСини ҳисобга олиш мумкин эмас. Сотиб олинишига қаршилик йўқ, лекин ҚҚС бўйича ҳисобга олишга рухсат берилмайди.

Солиқ кодекси лойиҳаси илгари амалда бўлмаган трансферт нарх шакллантиришни назорат қилиш борасидаги меъёрлар билан тўлдирилмоқда. Мазкур норма, асосан, йирик ва чет эл корхонаси билан боғлиқ хўжалик юритувчи субъектларга тегишлидир. Солиқ органи томонидан амалга ошириладиган бундай назорат бўйича ҳозир Ўзбекистонда мутахассислар деярли йўқ. Шунинг учун ҳамда бу иш  катта билим ва ҳар бир корхона тузилмасини чуқур ўрганиш асосида  амалга оширилиши инобатга олиниб кодекснинг ушбу моддаси 2023 йилдан кучга кириши режалаштирилган. Унгача  унинг тартиб-қоидаларини  аниқ жорий этувчи мутахассисларни тайёрлаш, чет тажрибасини чуқур ўрганиш чораларини кўриш мўлжалланган. Айнан шу мақсадда якунланаётган йилнинг декабрь ойида солиқ органлари ходимларидан бир гуруҳи  Россия Федерациясига юборилмоқда.

Замира ТОЖИЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"