Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
7789
9647
9348

+299
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
193706
306296
0

+306296

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 178 974
Главная "БИРЖА" Тадбиркорлар лойиҳалари банк кўмагида амалга ошмоқда

IMG_1315Фарғона вилояти азалдан мамлакатимизда ўзининг деҳқончилик ва муомала маданияти билан танилган. Бу заминда бугун амалга оширилаётган ишларни кўриб, инновациялар юрти ҳам дегимиз келди. Бундай ўзгаришларни қишлоқ хўжалиги билан бирга, саноатнинг айрим тармоқларида ҳам учратдик. Бунда “Қишлоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг ҳам моддий кўмагини сездик.

Газ  ва  электрсиз  иситиладиган  иссиқхона

Қувасой шаҳридаги “AGRO SERVICE ASIA“  масъулияти чекланган жамиятга қарашли иссиқхонага кириб, тўғриси,  гўё бошқа дунёга бориб қолгандек бўлдик. Ён-атрофдаги тозалик, замонавий технологиялар асосида парваришланаётган помидор ва булғори қалампир кўчатлари кишининг кайфиятини кўтариб юборади. Кўчатлар томчилатиб суғориш асосида озиқланади. Бу ердаги янгиликлардан бири шуки, кўчатлар тупроқда эмас, балки гид­ропоника усулида, яъни алоҳида қопларда қадоқланган ўғитларда ўстирилади. Бундай усул замонавий бўлиб, ривожланган давлатлардагина қўлланилади.

Бу ерда 130 тонна маҳсулотни  сақлаш қувватига эга бўлган замонавий музлаткич ҳам бунёд этилган. Музлаткичнинг яна бир қисмини барпо этиш кўзда тутилган бўлиб, шунда жами 160 тонна маҳсулотни сақлаш имконияти пайдо бўлади.

Мазкур лойиҳа қисқа фурсатда амалиётга татбиқ этилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 4 миллион 600 минг АҚШ доллари бўлиб, шундан “Қишлоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг Фарғона минтақавий филиали кредитлари 2 миллион 600 минг АҚШ долларини ташкил қилади, 2 млн. АҚШ доллари эса хорижий инвес­тиция ҳисобланади. Доимий яратилган иш ўринлари сони 60 та, мавсумий иш ўринлари эса 150 тага тенг.

– Европа давлатлари, АҚШ, Канада, Лотин Америкаси ва Осиё мамлакатларининг мазкур соҳадаги тажрибасини ўрганганимизда, улар асосан Исроил технологияси асосида фаолият юритаётганлигига гувоҳ бўлдик. Шу боис, биз Исроил агрокомпаниялари билан ҳамкорлик ўрнатишга қарор қилдик, – дейди “AGRO SERVICE ASIA“  масъулияти чекланган жамияти таъсисчиси Аҳмед Галиев. – Мақсадимиз – энг замонавий қишлоқ хўжалиги технологиялари ва хорижлик ҳамкорларимизнинг тажрибасини ўрганиб, амалиётга татбиқ этиш, самарали ва муваффақиятли бизнес юритиш. Бизнинг фаолиятимиз турлича бўлиб, бошқа ҳудудларда ҳам шундай иссиқхона ва музлаткичлар барпо этиш билан бирга, фуқароларга ҳам уларнинг хоҳишига қараб, иссиқхоналар қуриб берамиз, кўчатлар билан таъминлаш, зарур бўлса, экинларнинг парвариши учун агрономлар ажратишни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Шу боис, иссиқхона қуриш хоҳиши бўлганларни ўқитиш мақсадида ўқув маркази ҳам ташкил этилган. Пишиб етилган неъматларни хорижга экспорт қилишга ҳам кўмаклашамиз. Шунингдек, етиштирилган маҳсулотларни қадоқлайдиган яшиклар ҳам шу ерда ишлаб чиқарилади. Бир сўз билан айтганда, кластер усулида иш юритилади.

МЧЖ ижрочи директори Улуғбек  Юнусовнинг таъкидлашича, ҳозирги кунда Данғара туманида ҳам 33 гектар майдонда худди шундай замонавий агрокомплекс ташкил этиш ишлари олиб бориляпти. Келгусида кластер шаклидаги бундай корхоналар Фарғона водийсининг бошқа вилоятларида ҳам бунёд этилиши кўзда тутилган.

Бугунги кунда “AGRO SERVICE ASIA“ масъулияти чекланган жамияти ихтиёрида 12,3 гектар майдон бўлиб, унинг 60 сотихида иссиқхона барпо этилган, қолган қисмида эса нетхаус усулида маҳсулот етиштирилади. Нетхаус усулида ҳам худди иссиқхонадаги каби ер майдони плёнка билан ўралиб, эрта баҳордан то кеч кузгача ҳосил олинади. Бундай усул ҳосилни баҳор, ёз ва куз пайтида жала, дўл, шамол, довул, жазирамадан сақлайди. Энг асосийси, иссиқхонани иситиш учун газ ҳам, электр қуввати ҳам талаб этилмайди. Плёнка остидаги ҳароратнинг ўзи етарли бўлади. Етиштириладиган маҳсулот экологик жиҳатдан тоза ҳисобланади.

Томорқада қишда ҳам ёз
неъматлари

Қувасой шаҳридаги Арсиф маҳалласида истиқомат қиладиган Дилором Абдураҳмонова хонадони томорқасида “AGRO SERVICE ASIA“  масъулияти чекланган жамияти  томонидан 5 сотих майдонда иссиқхонада барпо этилган. Биз уй бекаси билан суҳбатлашдик.

– Иссиқхонанинг умумий қиймати 150 миллион сўмдан иборат бўлиб, маблағ “Қишлоққурилишбанк” акция­дорлик тижорат банкининг Фарғона минтақавий филиали томонидан кредит сифатида ажратилди, – дейди Дилором Абдураҳмонова. – Бизда, асосан, ёз неъматлари етиштирилади. Эрта-индин помидор кўчатларини экишни мўлжаллаяпмиз. Қиш мавсуми мобайнида 70-80 миллион сўмлик ҳосил олишни режалаштирганмиз.

Масъулияти чекланган жамият раҳбарларининг айтишича, ҳозиргача учта хонадоннинг томорқасига ана шундай иссиқхона қурилган. Бундай иссиқхоналар арзонлиги, оддий тарзда маҳсулот етиштирилиши, кўчатлар ҳам жамият томонидан етказиб берилаётганлиги, қолаверса, кредит ҳисобига қурилаётганлиги билан фуқароларга маъқул келяпти.  Шу боис, банкнинг Фарғона минтақавий филиалига мурожаат қилаётганлар сони кўпаймоқда.

Беҳзод маҳсулотларини экспортга жўнатяпти

Бугун Тошлоқ туманидаги “Vodiy zamin plast“ масъулияти чекланган жамияти ўз маҳсулотлари билан мамлакатимиз истеъмол бозоридан мустаҳкам ўрин олган. Айни пайтда бу ерда пластмасса хомашёсидан халқ хўжалигида фойдаланиладиган 50 турга яқин буюмлар  ишлаб чиқариляпти. Корхона ўз фаолиятини кенгайтириш учун жорий йилнинг бошида “Қиш­лоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг Фарғона минтақавий филиалидан 150 минг АҚШ доллари миқдорида кредит маблағларини олганди. Ажратилган маблағга Германия, Хитой ва Туркиядан замонавий дастгоҳлар харид қилиниб, ўрнатилгач, иш самарадорлиги ошди, маҳсулот турлари кўпайди, сифати янада яхшиланди. Буюмларни тайёрлаш учун ишлатиладиган хомашё Қашқадарё вилоятидаги “Шўртан газкимё” мажмуасидан олиб келиняпти.

– Корхонамиз 2006 йилда ташкил этилган. Фаолиятимизни кенгайтириш учун банкдан кредит олдик, – дейди “Vodiy zamin plast“ масъулияти чекланган жамияти раҳбари Беҳзод Топиболдиев. – Жамоамизда ҳозир 15 киши иш билан таъминланган. Биз маҳсулотларимизни республикамиз ички бозори билан бирга, Қирғизистон ва Қозоғис­тонга ҳам эскпорт қиламиз.  Жорий йилда эскпорт миқдори 75 минг АҚШ долларидан иборат бўлди. Келгуси йилда бу кўрсаткични 100 минг АҚШ долларидан оширишни мақсад қилиб қўйганмиз.

Биз корхонага қарашли савдо дўконида бўлганимизда маҳсулотларни кўриб кўзимиз қувнади. Улар ўзига хос дизайни ва бежиримлиги билан харидорларга маъқул келяпти. Айниқса, маҳсулотлар орасидаги болалар ўйинчоқлари кишининг эътиборини тортади.

Хорижникидан қолишмайдиган велосипедлар

Бугун республикамиз бозор ва савдо дўконларида “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида жойлашган “GLORIOUS BUSINESS“ масъулияти чекланган жамия­тида ишлаб чиқарилган велосипедларни ҳам учратиш мумкин. Ташқи дизайни, сифатининг яхшилиги ва мустаҳкамлиги билан улар ҳар бир харидорнинг эътиборини тортиши шубҳасиз. Биз корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари билан танишиб, бунга яна бир бор гувоҳ бўлдик. Импорт ўрнини босувчи, ўзининг қулайлиги ва пишиқ-пухталиги билан бундай велосипедлар ички бозорларимизда аллақачон ўз ўрнини топган.

“GLORIOUS BUSINESS“ масъулияти чекланган жамияти Хитойнинг Эксимбанки кредит линияси асосида “Қишлоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг Қўқон филиали орқали 200 минг АҚШ доллари миқдорида кредит олиб, замонавий дастгоҳлар харид қилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 5 миллиард сўмдан зиёд бўлиб, қолгани лойиҳа ташаббускорининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилди. Корхонанинг иш бош­лаганига ҳали унча кўп бўлгани йўқ. Бундан уч ой илгари фаолиятини йўлга қўйган жамоада ҳозир иш қизғин.   Бу ерда катта ёшдагилар ва болалар учун кунига 150 донадан зиёд велосипед тайёрланяпти.

– Корхонада ойига 250 миллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариляпти, – дейди “Қиш­лоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг Қўқон филиали бошқарувчиси ўринбосари Иқболжон Жалилов. – Мазкур масъулияти чекланган жамият илгари Қўқон шаҳрида жойлашганди. “Қўқон” эркин иқтисодий зонасида тадбиркорлар учун қатор қулайликлар яратилганганлиги боис, жорий йилнинг бошида шу ерга кўчирилди.  Ҳозир велосипед тайёрлаш учун аксарият эҳтиёт қисмлар шу ернинг ўзида ишлаб чиқарилади, айрим қисмлари эса четдан олиб келинади. Келгусида барча эҳтиёт қисмларни корхонанинг ўзида тайёрлаш кўзда тутилган.

***

Умуман, “Қишлоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг Фарғона вилоятидаги филиаллари мижозларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, корхоналар фаолиятини ривожлантириш ва молиявий аҳволини яхшилаш борасида доимий изланишда. Хусусан, кредитлар ажратишда ҳужжатларни расмийлаштириш механизмини соддалаштириш ва мижозларни ортиқча оворагарчиликлардан холос қилишга алоҳида эътибор қаратиляпти.

Мисолларга мурожаат қилайлик. Жорий йилнинг ўтган даврида банкнинг Фарғона минтақавий филиалининг жами кредит қў­йилмаси 163 095 000,0 минг сўмдан иборат бўлиб, улардан 7 986 570,5 минг сўми қисқа муддатли ва 155 108 429,5 минг сўми эса узоқ муддатли ҳисобланади. Кредитларнинг  юридик шахсларга берилган қисми  136 071 000,0 минг сўмга, жисмоний шахсларга ажратилгани эса 27 024 000,0 минг сўмга тенг.

Бир сўз билан айтганда, 2019 йилнинг ўтган ўн бир ойи давомида банкнинг вилоятдаги филиаллари томонидан жами 778 341 800,0 минг сўм миқдорида кредитлар ажратилган бўлиб, шундан 5 133 321,9 минг сўми қисқа муддатли, 773 208 478,07 минг сўми эса узоқ муддатлидир.

Кредит портфели филиаллар кесимида таҳлил этилганда, жорий йилнинг 1 декабрь ҳолатида қуйидаги аҳволни кўриш мумкин: Фарғона минтақавий филиали кредит портфели 58 568 202,8 минг сўм, Марғилон филиали кредит портфели 53 805 748,8 минг сўм, Қўқон  филиали кредит портфели 28 037 119,8 минг сўм ҳамда Қува филиали 22 685 478,8 минг сўм ташкил этади.

Шунингдек, “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида ҳам барча филиаллар бўйича жами 2 220 нафар фуқаро тадбиркорликка жалб қилиниб, уларга 41 026 млн.сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Хусусан, чорвачиликни ривожлантиришга 21 813 млн., паррандачиликка 794 млн., иссиқхоналар ташкил этишга 3 240 млн., ҳунармандчиликни ривожлантиришга 1 379 млн., асаларичилик ҳамда бошқа соҳаларга 13 800 млн. сўм миқдорида кредит маб­лағлари йўналтирилди.

Бугунги кунда “Қишлоққурилишбанк” акциядорлик тижорат банкининг Фарғона вилоятидаги филиаллари томонидан жами 7 591 та мижозга хизмат кўрсатиляпти. Уларнинг  1 288 таси Фарғона минтақавий филиали, 2 388 таси Марғилон филиали, 1 494 таси Қўқон филиали ва 2 421 таси эса Қува филиали ҳисобига тўғри келади.

Ҳосил КАРИМОВ.

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"