Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
0
0
0

+0

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 12 417 165
Главная "БИРЖА" Давлат-хусусий шериклик: илк амалиётда катта тажриба орттирилди

dx_180Ҳозир мамлакатимизга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилишга долзарб масалалардан бири сифатида катта эътибор қаратилмоқда. Хорижий тажрибадан маълум бўлганидек, бу борадаги  энг самарали йўналишлардан бири  давлат-хусусий шериклик муносабатларидир. Хўш, республикамизда ушбу имкониятдан қандай фойдаланиляпти, айни йўналишдаги дастлабки ишлар, келгуси режалар нималардан иборат?

Ғолиб ХОЛЖИГИТОВ, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори:

– Мамлакатимизда  мазкур соҳада илк қадамлар  қўйилишига Президентимизнинг 2018 йил 20 октябрдаги давлат-хусусий шерик­ликнинг ҳуқуқий ва инс­титуционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирларга оид  ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 декабрдаги Молия вазирлиги ҳузурида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигини тузишга доир қарорлари ва “Давлат-хусусий шериклик тўғрисида”ги  қонун ҳуқуқий асос бўлди. Бир қатор қонуности ҳужжатлар ишлаб чиқилди.  Ташкилий шарт-шароитлар яратилгач, амалий ишлар  бошлаб юборилди. Ҳозирги кунда давлат-хусусий шерикликнинг устувор тармоқлари электр энергияси ишлаб чиқариш, транспорт соҳаси (аэропорт, йўллар ва ҳ.к.), ижтимоий соҳа (соғлиқни сақлаш, таълим ва мактабгача таълим, спорт), телекоммуникация, коммунал хўжалик (сув таъминоти, канализация, иссиқлик, қаттиқ чиқиндилар), қишлоқ ва сув хўжалиги, туризм соҳалари ҳисобланади.

Агентлик томонидан мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда қиймати 9,65 млрд. АҚШ долларидан кўп бўлган 17 та давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда. Улардан 10 таси энергетика, 2 таси транспорт, 3 таси коммунал хўжалик, 2 таси соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларига тўғри келади.  Жумладан, Халқаро молия корпорацияси кўмагида иккита пилот лойиҳаси бўйича шериклик битими имзоланди, шундан 1100 беморга гемодиализ хизматлари кўрсатувчи марказларни барпо этишга доир тендер жараёни якунланиш арафасида.

Навоий вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик қуёш станциясини қуриш лойиҳаси бўйича 1КВт/соат учун энг арзон нарх (2.7 цент) таклиф этган БААнинг “Masdar” компанияси билан битим имзоланди. Қурилиш ишлари 2020 йилнинг I чорагида бошланиши ва 2021 йилниг I чорагида ишга тушиши кутилмоқда. Фотоэлектрик қуёш станциясини қуриш бўйича пилот лойи­ҳаси ижобий натижа кўрсатганлиги сабабли, умумий қиймати 1000 МВтга тенг “Scaling Solar” лойиҳасининг 2-босқичига ўтилди. Энергетика вазирлиги ва агентлигимиз томонидан Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бирининг қуввати 200 МВтга тенг фотоэлектрик қуёш станциясини қуриш лойиҳаларини тезкор амалга ошириш бўйича Халқаро молия корпорация билан консалтинг шартномалари имзоланди ва бугунги кунда ер ажратиш ишлари якунланмоқда. Тендерни якунлаш  муддати – 2020 йилнинг иккинчи ва учинчи  чораги этиб белгиланди. Самарқанд вилоятида қуввати 100 МВт бўлган фотоэлектрик қуёш станциясини қуриш бўйича Франциянинг “Total Eren” энергетика компанияси билан  25 йил муддатга электр қувватини сотиб олиш  битимига ҳам қўл қўйилди. Қурилиш ишлари 2020 йилнинг биринчи чорагида бошланиши, иккинчи  чорагида лойиҳа ишга тушиши кутилмоқда.

Кадрларни тайёрлаш борасида ҳам анча ишлар олиб борилди. Нафақат агентлигимиз, балки бир қатор вазирликлардан 40 дан ортиқ мутахассис халқаро ташкилотлар билан бирга тайёрланди ва уларга тегишли сертификат берилди. Бу иш келгусида изчил давом эттирилади, зеро айрим вазирликларда бу соҳа мутахассислари етишмайди. Жорий механизм жамиятдаги муаммоли масалаларни ечишга, аҳолига кўрсатиладиган хизматлар сифатини оширишга қаратилган. Давлат-хусусий шериклик янги ва ўзига хос мураккаб жараён  бўлгани учун  ўтган йил  агентлигимиз  учун ҳам, давлат ташкилотлари ва тадбиркорлар учун ҳам бу масалани чуқур ўрганиш, тажриба орттириш, малака ошириш даври бўлди. Лекин яна бир муаммо – пойтахтдан бошқа ҳудудлардаги ҳокимликларда бундай шерикликни ҳали яхши  тушунмаслик ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Иккинчидан, агентлигимизга пухта тайёрланган лойиҳалар кам тушмоқда, баъзилари эса шунчаки ғоя бўлиб, шериклик талабларига жавоб бермайди. Шу боис  берилаётган лойиҳалар ёки ғоялар синчиклаб кўриляпти, узоқ муддатли шартномаларнинг юридик ҳамда молиявий жиҳатлари жиддий ўрганиляпти.

Ўтган йили агентлигимизга 1000 дан ортиқ мурожаат-лойиҳа тушган бўлса, уларнинг жуда кам қисми талабга жавоб берган. Тақдим этилган ғояларнинг кўп қисми  бизнес-режасиз берилганига, ҳисоб-китоблар йўқлигига гувоҳ бўлдик. Тадбиркорларнинг аксарияти маблағ сўраб мурожаат қилишганини, айрим тадбиркорлар давлат-хусусий шерикликдаги имтиёздан фойдаланиш ёки осон фойда олиш мақсадини кўзлаганини  кузатиш мумкин.  Биз, албатта, бундай тадбиркорларга шериклик лойиҳалари аслида қандай бўлиши кераклиги ҳақида тушунтиришлар бераяпмиз. Шу билан бирга, ҳозир шериклик лойиҳаларини тайёрлаш усуллари ҳақидаги низом тайёрланмоқда. Шуни қайд этиш жоизки, шериклик лойиҳалари 3 йилдан 49 йилгача муддатга мўлжалланган бўлса-да, ҳозир банкларимиз ўртача  5-7 йил муддатга кредит беришади, холос. Бу ҳам давлат-хусусий шериклик муносабатлари ривож­ланишига салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, чет эллик инвестор республикамизга сармоя ажратиш ния­ти бўлса, биринчи навбатда тегишли соҳанинг узоқ муддатли стратегиясига эътибор қаратади. Демак, шериклик лойиҳасини амалга оширмоқчи бўлган тегишли вазирлик-идорада шундай стратегия бўлиши шарт.

Нодир НУРИДДИНОВ, агентлик директори ўринбосари:

— Давлат-хусусий шериклик  лойиҳалари муваффақиятли амалга ошиши учун энг аввало, у ҳақда аниқ тушунчага эга бўлиш талаб этилади. ДХШ бу хусусийлаштириш, хусусий секторни ривожлантириш воситаси ёки  хусусий сектор фаолиятидан давлатнинг фойда олиши эмас. Ундан келадиган фойда аҳолига, истеъмолчига сифатли ва зарур хизматлар кўрсатишдан иборат. Қисқача қилиб айтганда, бу фаолиятда аҳоли манфаати биринчи ўринда туриши керак.  Бундай шериклик  хусусий секторнинг бошқариш тажрибаси ва маблағларини жалб қилиш  орқали давлат инфратузилмасини яратиш бўйича тузиладиган узоқ муддатли шартнома ва рискларни самарали тақсимлашдир.

Маълумки, давлатнинг энг муҳим мажбурият ва масъ­улиятлари бор. Улардан баъзилари йўлларни, таълим ва соғлиқни сақлаш бўйича бюджетдан маблағ билан таъминлашдан иборат. Лекин катта муаммолардан бири бу бюджет маблағи ўша мажбуриятларни зарур даражада бажаришга етмаслиги ҳисобланади.

Давлат-хусусий шерикликнинг асл маъноси давлат ўз вазифасини бажариши учун хусусий сектор  маблағини шерик сифатида жалб қилинишидир, яъни бунда хусусий сектор давлатга ёрдамчи бўлади. Пировардида  бюджет маблағлари иқтисод қилинади.

Бу шерикликнинг яна бир жиҳати рискни тақсимлаш бўлиб, икки томон ўз имкониятига қараб бу рискларни ўз зиммасига олади. Шериклик битимларининг бошқа бир хусусияти унинг узоқ муддатга мўлжалланганидир. Бундан ташқари, ушбу муносабат асосидаги лойиҳалар муваффақияти  давлат билан хусусий секторнинг бир-бирига ўзаро ишончига боғлиқ. ДХШнинг бир нечта модели мавжуд. Энг кенг тарқалганига кўра, хусусий сектор давлатнинг таклифи билан келганидан кейин, яъни  тендердан  ёки тўғридан-тўғри музокарадан сўнг керакли объектнинг қурилиши, молиялаштирилиши, лойиҳалаштирилиши  ва шартнома даврида унинг эксплуатацияси ва таъмирини ўз зиммасига олади. Тайёр бўлгач, уни давлатга топширади. Давлат эса ер ажратиб, кўчмас мулкни хусусий сектор балансига ўтказиб беради ва хусусий шерикнинг харажатларини ва фойдасини тўлаб боради.  Баъзи моделларда хусусий сектор бошқарувни ўз зиммасига олади, давлат шартнома даврида назоратни олиб боради. Лойиҳани амалга оширишда хусусий сектор кредит жалб қилган тақдирда, банк ҳам  назорат функциясини бажариши  мумкин. Бу давлатнинг ҳам, аҳолининг ҳам хотиржамлигини таъминлайди. Шериклик лойиҳаси узоқ муддатли бўлгани учун рисклари ҳам шунга яраша, яъни баланд бўлади. Шу боис шартнома тузилаётганда у аҳоли манфаатига қай даражада хизмат қилиши мумкинлиги чуқур ўрганилиши керак. Умуман, шериклик лойиҳаларининг ўзига хослигига қараб жаҳон тажрибасидаги мавжуд моделлардан фойдаланишга эътибор берилмоқда.

Зокир БОЗОРОВ,  агентлик директорининг биринчи ўринбосари:

– Давлат-хусусий шериклик қандай тартибда амалга оширилиши хусусида алоҳида тўхталиш жоиз. Бу, биринчидан, хусусий ташаббус асосида бўлиши мумкин. Бунда хусусий сектор – тадбиркор ўз хоҳиш-истаги билан лойиҳани ўрганади ва давлат шеригига таклиф билан чиқади. Масалан, тадбиркор бирор-бир касалхона биносини олиб модернизация қилмоқчи бўлса, у мазкур объектни ҳар томонлама ўрганиши, қанча пул сарфлаши, қанча муддатда бу ишни бажариши, фойдасини қачон чиқариб олиши ҳақида атрофлича баён қилинган концепция тузади, ҳисоб-китоблар қилади ва уни Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этади. Давлат ташкилоти томонидан ушбу ҳужжат кўриб чиқилади ва лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилса, Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигига тақдим қилади. Ушбу лойиҳа концепцияси агентлик билан келишилгандан сўнг, 45 кун давомида у ҳақда давлат шеригининг ҳамда агентлик сайтларига жойлаштирилади. Бунда яна бир тадбиркор шу лойиҳа бўйича таклиф берадиган бўлса, ғолиб тендер асосида аниқланади, агар талабгор чиқмаса, унда ташаббускор тадбиркор билан тўғридан-тўғри шартнома имзоланади.

Хусусий шерик давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни давлат шеригининг қарорига мувофиқ, бир қатор ҳолларда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузиши мумкин: биринчидан, давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда. Иккинчидан, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда. Учинчидан, Президент фармонлари ва қарорлари билан белгиланган ҳолларда.

Бугунги кунда   бир қанча янги  лойиҳалар устида иш олиб борилаётганини таъкидлаш жоиз. Масалан,  Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан 200 тага яқин лойиҳадан иборат рўйхат шакллантирилган. Шунингдек, халқаро экспертлар жалб этилган ҳолда Наманган, Жиззах, Қашқадарё ва Бухоро вилоятларида иссиқлик таъминоти соҳасида давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш бўйича жадал иш олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳаларга оид  битимлар 2021 йилда имзоланиши кутилмоқда. Тошкент шаҳрида  иссиқлик таъминоти тизимини янада такомиллаштириш бўйича Франциянинг “Veolia” компанияси билан шериклик асосида лойиҳа амалга оширилмоқда. Режалардан Тошкент–Самарқанд, Тошкент–Андижон, Сирдарё–Бахт пулли автомобиль йўлларини ҳамда Қамчиқ ва Тахтақорача довонларида янги пулли туннелларни қуриш лойиҳалари ҳам жой олган.

Замира ТОЖИЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"