Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5421
11075
9865

+1210
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
177254
299719
23028

+276691

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 11 462 242
Главная "БИРЖА" Пул сарфлашни эмас, кўпайтиришни ўрганинг: шунда фаровон яшайсиз

pul_p_180Баъзилар пулга ҳирс қўйиш барча балонинг бошидир, дейишади. Аммо худди шу фикрни пулсизлик ҳақида  ҳам айтиш мумкин. Ҳамма қийинчилик йўқчиликдан бошланади. Агар камбағал одамдан “Нега фаровон яшашни эплай олмайсиз?”, деб сўрасангиз,  у ўзича жавоб топиб беради. Бундай тоифадаги кишиларнинг ўзини оқлаш учун баҳонаси ҳам кўп. Айримлари  “Тақдирим  шу экан. Омадим келмаяпти!”, дейишса, баъзилари яхши шарт-шароит йўқлигини рўкач қилишади.

Яна бирлари эса бой бўлиш истаги йўқлигини айтишади. Кимдир ота-онасига айбни юклайди, менга яхши таълим-тарбия бера олишмаган, дейди. Кўпчилик мактабда берилаётган таълимнинг нотўғрилигидан нолийди.

Умуман олганда, инсонда пулга муносабат қандай шаклланади? Кўпинча у ота-­она  ва атрофидагиларнинг унга кўрсатган ибрати орқали шаклланиб боради. Уларнинг пул ҳақида қандай ўйлашлари ва уни қандай сарфлашлари болалигингизданоқ пулга муносабатни вужудга келтиради.  Ва албатта, ўзингизнинг орзуларингиз ва шахсингизга берган баҳоингиз, ишончингиз ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга.

Пул масаласида фарзандларга уч хил тарбия берилади:

"Пул – ёмон нарса. Усиз ҳам яшаса бўлади". "Пул, у нима ўзи?" (ота-оналар маълум ёшга етгунча болалар пул нималигини умуман билмаганлари маъқул, деб ҳисоблайдилар) .

Пул топиш – жиддий масала. Лекин уни ишлатишни билиш керак. Бу – энг тўғри тарбия. Маълумки, кўп инсонларнинг онги ёшлигиданоқ қашшоқликка тайёрлаб борилади. Масалан, мактабда “Пул қаердан пайдо бўлади?" деган саволга жавоб берилмайди. Шунинг учун бола мактабни пул ҳақида содда ва кўпинча нотўғри тасаввурлар билан битириб кетади. У бутун умр пул тўғрисидаги оддий, аммо жуда муҳим тушунчалардан бехабар яшайвериши мумкин. Оқибатда нима хоҳлаётганини ўзи ҳам билмайдиган ношудга айланиб қолади.

Таги тешилган этикда юриб, хароба уйда яшаб, инсон аста-секин қашшоқликка кўникиб қолиши мумкин. Ўзининг камбағалигидан дунёни айблайвериб, охири ўзи билан ўзи овора аламзадага айланади.

Кузатиб туриб, одамларнинг кўпчилиги бутун умр ўзини-ўзи қашшоқлаштириб бораётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Улар ғайришу­урий тарзда камбағаллик одатларига амал қилиб борадилар. Арзимас ҳақ тўланадиган иш учун жонларини жабборга бериб ишлайдилар. Аслида эса аксинча бўлиши, бемалол, хотиржам қилган ишлари учун катта пул олишлари лозим. Улар кенг тарқалган, аммо нотўғри бир қоидага амал қилишади: бошқалар менинг меҳнатим баҳоси қанчалигини биладилар. Кўпчилик пул жамғариш нима эканлиги ҳақида умуман тасаввурга эга эмас. Топилган маблағни дарҳол жой-жойига сарфлаш – мана уларнинг асосий шиори. Пулни бирор ишга жалб қилиш, айлантириб, фойда олиш ҳақида-ку, гапирмаса ҳам бўлади. Пулини топган заҳоти майда-чуйдаларга сарфлаб юборадиганларда молиявий инвес­тиция учун имкон ҳам бўлмайди, албатта.

Аслида маблағни кун сайин кўпайтириб бориш жуда мушкул иш эмас. Аммо ҳеч нарса қилмай, қўл қовуштириб ўтириш барибир осон. Ҳар ойда маълум маблағни тежаб бориш наҳотки шунчалар қийин бўлса? Йўқ, ундай эмас. Аммо бир неча лаҳзалик лаззат учун пул сарфлаш осонроқда. Миллионер одам ҳеч қачон “катта пул топиш мумкин эмас”, деб ўйламайди. Камбағал одам эса кичик миқдордаги пулни топиш осонроқ, деб ўйлайди.

Ўйлаб кўринг, сўнгги йил давомида кўпроқ пул топиш, даромадингизни орттириш учун нима қилдингиз? Сўнгги ой давомида-чи? Айнан амалий ҳаракатни назарда тутаяпсиз, орзулару режаларни эмас. Эслай олмаяпсизми? Мана, сизнинг муаммоингиз қаерда! Мана – ичингиздаги сизни тарк этишни истамаётган қашшоқлик балоси!

Сиз ўзингизни бойликдан айириб турган тўсиқдан ҳатлаб ўтинг. Кимларгадир нисбатан аҳволингиз яхшилиги ҳақидаги хаёлларга чек қўйинг. Энди сизнинг шиорингиз: “Улардан нимам кам?” деб ҳаракат қилиш керак. Умуман, ҳаёт тарзингизни тубдан ўзгартиришга жазм этинг. Ёдингиздами, болалигингизда илк қадамларингизни қўяётганингизда кўп қоқилиб, йиқилганларингиз. Ўшанда бирор ерингиз кўкариши ёки тилинишидан қўрқмагандингиз-ку.

Маълумки, аксарият бойлар ҳаммасини нолдан бошлашган. Улар ўз мақсадларига етгунларича узоқ ва қийин йўлни босиб ўтганлар. Аммо улар ўша бошланғич нуқтадан илгарилай олганлари боис, энди юқори чўққида туришибди.

Қўлингизда кутилмаганда катта маблағ пайдо бўлиб қолиши мумкин. Халқда буни “аҳмоқ пуллар” дейишади. Асосийси, уларни тўғри ишлата билинг. Бошланғич катта капиталга эга бўлганларнинг кўпчилиги бугунга келиб ҳеч ким эмас. Чунки улар қўлларида бор имкониятни, бошларига қўнган омад қушини учириб юборганлар, яъни пул сарфлашни билмаганлар.

Спортчи, фотомодел, эстрада қўшиқчиларини олинг. Бу касбларнинг умри узоқ эмас, аммо даромади катта. Лекин катта даромад олиш, бу ҳали бадавлат турмуш кечириш дегани эмас. Дунё тажрибасидан маълумки, бундай юлдузларнинг кўпчилиги умрларини аянчли бир тарзда тугаллайдилар. Чунки улар пул сарфлашни билишган, уни кўпайтиришни эса билишмаган.

Эътибор берсангиз, Пеле билан бир командада Гарринча исмли футболчи ҳам ўйнарди. Унинг Пеледан ҳеч кам жойи йўқ, баъзи ўринларда ҳатто ундан устун ҳам эди. Аммо Пеле футболни тугатиб, нафақага чиққач, пулларини фойдали бизнесга жалб қилди (“Кафе Пеле”нинг рекламасини эслайсизми?) У ҳозир ҳам фаровон ҳаёт кечиради.  Афсуски, Гарринча пулларини ичиб тугатди ва умрининг охирини кўчаларда дайдиб ўтказишга мажбур бўлди.

Тенг имкониятга эга бўла туриб, уларнинг бири пул топишни билди, бошқаси эса фақат сарфлашни. Ҳа, одам қашшоқлик психологиясига эга бўлса, ҳеч нима қила олмас экан. Фақат пул сарфлаши мумкин, холос.

Пулларни сақлаб қолиш учун уларга муносабатингизни ўзгартиришингиз лозим. Фақат сарфлаш мумкин эмас. Шунингдек, кўпроқ пул топиш имконияти бўлган жойда камига қаноат қилмаслик керак.

Энди хаёлан тасаввур қилинг, ер остида пул денгизи бор. Ундан пул булоқлари оқиб чиқмоқда. Ўз булоғингизни топинг ва унинг ёнида қудуқ ҳосил қилинг. Кейин шу тасаввурни ҳаётга татбиқ этиб кўринг. Шунда кўп ўтмай сизда олтин қудуғи эмас, балки пул омбори ҳам пайдо бўлади.

Баъзилар менга атрофдагилар ёки ҳукумат ёрдам беради, деб ўйлаши мумкин. Бекорга умид қилади. Пул топиш сизнинг муаммоингиз. Фаровон яшаш ўзингиздан бошқа ҳеч кимга керак эмас. Тўғри, бошида ёлғиз бўласиз. Аммо кучингизни тўпланг ва оёққа туринг!

Интернет материаллари асосида
Ҳ. БОЛТАЕВ тайёрлади.
 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"