Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
7625
9382
9371

+11
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
141419
230255
128328

+101927

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 437 119
Главная "ISTE'MOLCHI" “Орзу-ҳавас”нинг чеки борми?

tuy_160_2Яқиндагина тўнғич фарзандимизни тўй қилиб узатдик. Биринчи тўй қилишимиз эмасми, тажрибамиз йўқ, ким нима деса, шунга қулоқ тутамиз. Одамни ҳаяжон босиши табиий, шу ҳаяжон остида ҳар кимдан маслаҳат сўраркансиз. Биров ундай қил деса, яна биров бундай қил, дейди. Аммо бари бориб ҳамёнга тақалади.

Хуллас, ҳаммасини йиғиштириб қўйиб, қуда томон билан маслаҳатлашиб, тўйни ўтказадиган бўлдик. Тўғри, биз бамаслаҳат, келишиб тўй ўтказдик.

Аммо шу жараёнда бугун ўзбекнинг тўйлари баҳона қанчадан-қанча кераксиз чиқимлар, дабдабабозлик­лар, хўжакўрсинга ўтказилаётган янгича одатлар, асоссиз ўйлаб топилаётган “удум”лар, икки ёшнинг бахтли келажагига заррача хизмат қилмайдиган сарфу харжлар авж олаётганини кўриб бир зиёли инсон сифатида афсусландим.  Ахир бу кетишда биз қаёққача борамиз, бу “орзу-ҳаваслар”нинг, кўз кўриб қулоқ эшитмаган “урф-одатлар”нинг чек-чегараси бормикин...

Ёшлигимизда момомдан “сизни бобомга қандай узатишган?” деб сўрасак:

– У пайтларда ҳозиргидек дабдабалар бўлмаган. Бир от аравага кўрпача солиб, икки ёнимдан икки аёл ўтириб, битта тугунчам билан келинлик уйимга олиб боришган,– дер эдилар.

Бугун эса келин боришидан аввал тўй бўлаётган куёв хонадонига камида икки юк машинасида юк бормаса ҳисоб эмас. Келин бўлмиш ягона қиз бўлса-ку, хўп-хўп... Аммо қизи кўп оилаларда бу нақ фожеанинг ўзи эмасми?...

Қўшни Қозоғистонда қариндошларимиз бор, тўйлар баҳона бориб турамиз, кўп кузатганман, уларда ҳам ўзига тўқ, бой-бадавлат оилалар бисёр. Аммо биздагидай ҳашам, ортиқча дабдаба, асосийси, одамлар кўзи учун қилинадиган сарпо кийдиришу тоғора ташиш, уй тўлдиришу санъаткорлар сурувини чақиришлар йўқ. Бизнинг пойтахтдаги тўйларга келишса, “ишқилиб шунақа одатларинг биз томонларга бормасин-да”, деб рост аралаш ҳазиллашишади.

Яна бир ҳолат. Яқинда қиз чиқарган бир дугонам ишга кечикиб келди. Тинчликми, деб сўрасам, ичидагини тўкиб солди.

– Ҳозир қизим ўқийдиган олий ўқув юртидан келяпман. Биласиз, яқинда қизимни вилоятга турмушга бергандим. Тўй баҳона қизим бир ойча сабабсиз ўқишдан қолишга мажбур бўлди. Тўйгача ташвишлар, югур-югурлар, тўйдан кейинги маросимлар... хуллас, қизим бу вақт мобайнида қатор дарсларидан, махсус фанларидан топшириқларини ўз вақтида бажара олмади. Шу сабабли ҳайдаладиганлар қаторида буйруқ чиқибди. Олийгоҳига бориб, раҳбарлари олдида роса қизардим, тушунтиришга ҳаракат қилдим, аммо талаб, қонун-қоида ҳаммага баробар. Охири академик таътил олишга ариза бериб келдик. Шунча меҳнатим сингиб ўқитдим, не-не машаққатлар эвазига ўқишга кириб, аъло баҳоларда ўқиб юрган қизимга ичим ачияпти. Унга ҳам оғир, бир ёқда ўқиши аросатда қолган, бир ёқда янги муҳит, янги оилага кўникиши керак, қайнона-қайнота хизмати дегандек...Ҳа, албатта, бу ҳолат мени ҳам ўйга солиб қўйди.

Минг шукурки, бугун кўпчиликнинг дилидаги гапи, оғриғи бўлган катта бир муаммо – тўйларни ихчамлаштириш, ортиқча ҳашамларсиз ўтказиш борасида катта ҳаракат бошланди. Бу ҳақда халқ фикри ўрганилаётган бир пайтда, олий ўқув юртларида таҳсил олаётган қизларимиз тўй сабаб ўқишдан қолиб кетмоқда. Бугун жамиятимизда ёш кадрларга эҳтиёж катта бўлган бир шароитда ечимини топиш шарт бўлган муоммодир.

Ҳозир Ўзбекистонда, айниқса, пойтахтда тўй қилиш катта бир бизнесга айланди. Афсуски, бу янги “одат”лар тезлик билан вилоятларимиз марказлари ва аста-секин қишлоқларимизгача қулоч ёзиб бормоқда. “Орзу-ҳавас” деб аталаётган бу савил одатлар бугун чопон кийса, эртага белқарс, индинга дўппи кийдирилиб, ортса ортиб бормоқдаки, сира камаймайди.

Шу ўринда яна бир масала хусусида тўхталиб ўтмоқчиман. Тўй ўтказиш сабаб бўлиб бу бизнеснинг янги-янги “қирралари”га дуч келдим. Аввало, келин-куёв, қуда-анда сарполарини, мебелу гилам, чинниворларни қўйиб туринг. Ҳатто уларни солиб қуда тарафга олиб бориладиган махсус ясалган идиш, қутилари ҳам алоҳида сотиб олинар ёки ижарага берилар экан (нархи 300 мингдан 600 минг сўмгача ва ундан юқори). “Бешик тўй”лари учун алоҳида махсус идишлар ҳам бўлиб, уларнинг ҳам нархи ҳимматингизга қараб ошиб бораркан. Пойтахтда “оқўрар”, вилоятларда “нонсинди”га яқинларга, келиннинг ўртоқларига патир ва ширинликлар тарқатиладиган идиш­лари ҳам донаси 4 мингдан 25 минг ва ундан юқори, тўй таклифномалари ҳам энг арзонлари донаси 2000 сўмдан бошланади. У ёғи хамёнингиз кўтаргунича, донасини 50 минг­га ҳам олишингиз мумкин. Ҳатто “юзочди” ёки “келинсалом”да янги тушган келинни кўриш учун келган болаларга ҳам совға тарқатиш учун махсус идишларнинг донасини ками 2 мингдан 8-10 минггача сотиб олаверасиз. Булар ҳали энг майда-чуйда харажатлар. Олдинда келин кўйлаги, ресторан, видео-фото хизматлари, турнақатор автомобиль кортежлари, келин-куёв вальси ва келиннавкарлар рақси, йўқлов тоғоралари ва ҳоказо-ва ҳоказо кети кўринмас ҳашамату харажатлар сизни кутиб туради.

Энди буларни кўриб, тўй – бу қувончу шодлик, икки ёшнинг бахту саодати учун тантанами ёки ота-­оналарнинг белини синдирадиган, қарзлар гирдобига ғарқ қилувчи муаммолар сабабчисими, деб ўйлаб қоласан киши... Ахир ҳар биримиз ҳам шунча йил бағримизда оқ ювиб, оқ тараган фарзандларимизни катта орзу-ҳаваслар билан уйлашни, узатишни ният қиламиз. Аммо кундай равшанки, юқоридаги харажатларни ҳалол маошга кун кўраётган, рўзғор тебратаётган аҳоли амалга ошириши учун ё қарз кўтариши, ё уй сотиши ва ё тўйдан кейин чет мамлакатларга ишлаб келиш учун кетишга мажбур бўлишяпти.

Қиссадан ҳисса шуки, назаримда биз бугун шукурни унутиб қўйиб шаккоклик йўлига ўтдик. “Мен сендан камми”, дея чираниб, ўзимизни ҳам, яқинларимизни ҳам қийнаб, “ҳою ҳавас”ларимиз қурбонига айланмаяпмизми?..

Энди кўзимизни каттароқ очиб, теран ва соғлом фикрлайдиган пайтимиз келди. Тўй, орзу-ҳавас деб сочаётган пешона теримиз бўлган маблағимизни фарзандларимизнинг эртаси, келажаги учун пойдевор сифатида, уларнинг яхши билим олишлари, саломатлиги ёхуд мустақил бизнесини ривожлантириш каби мақсадларга сарфласак, ютқазмаймиз.

Зилола ТЎРАБЕК қизи.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"