Мақолалар


gos_upr_160_54121“Тараққиёт стратегияси” маркази, Олий Мажлис Сенати, БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида “Фуқароларни Ўзбекистондаги жамият, иқтисодиёт ва муассасалар трансформацияси жараёнларига жалб этиш” мавзуида экспертлар суҳбати ташкил этилди.

Тадбир маъмурий ислоҳотлар ва барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш доирасида давлат бошқаруви жараёнларига фуқаролар ва жамоатчиликни жалб қилиш бўйича Ўзбекистонда амалга оширилаётган чора-тадбирларни муҳокама қилиш, ҳозирги ҳолатни баҳолаш ва илғор халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда жамоатчилик иштирокини янада кенгайтириш бўйича юртимиз учун муҳим бўлган таклифларни ишлаб чиқишга бағишланди.

Ўзбекистонда давлат ва жамият ишларида фуқаролар иштирокини кенгайтириш бўйича кенг кўламли иш олиб борилмоқда. 2017 йилда қабул қилинган Маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат бошқарувининг янги моделини шакллантиришга қаратилганлиги билан муҳим ҳужжат ҳисобланади. Ушбу концепцияга мувофиқ, ҳукумат органлари ўз фаолиятларини фуқаролар талабларини устувор вазифа сифатида қондиришга қайта йўналтириши жараёнларини ҳаракатга келтириши ҳамда давлат органларининг фуқаролар билан ўзаро алоқаларини яхши тарафга ўзгартириши кутилмоқда.

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда жамоатчилик иштирокини таъминлаш борасида қатор ишлар амалга оширилган. Мисол учун, 2003 йилда Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти ташкил этилди, 2015 йилда regulation.gov.uz портали яратилди. У орқали фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари билан танишиш ва ўз таклифларини тақдим этиш ҳуқуқига эга. Халқ қабулхоналари тизими ҳам ўзига хос қулайлик бўлиб, бундай қабулхоналарга 2018 йил август ойи ҳолатига кўра, жами 2,176 млн. та мурожаат тушган, шундан 95 фоизи кўриб чиқилган. Яна бир механизм “Mening fikrim” жамоавий мурожаатлар электрон портали бўлиб, у орқали ҳар қандай фуқаро долзарб ва ҳозирги кун учун муҳим бўлган мавзу юзасидан мамлакат парламенти ёки ҳукуматига петиция юбориши мумкин.

Тадбирда шу каби маълумотлар келтирилиши билан бирга Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури ҳамкорлигида тайёрланган “Самарадор давлат бошқаруви ва рақамли трансформация ривожланишига ёрдам бериш” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда давлат бошқарувининг янги моделини шакллантириш шароитларида жамоатчилик иштирокини кенгайтириш” мавзуидаги тадқиқотнинг дастлабки натижалари маълум қилинди. Тақдимотда Ўзбекистондаги жамоатчилик иштирокининг ҳозирги ҳолатига баҳо берилди ҳамда ушбу соҳадаги халқаро тажриба ҳамда республикамиз шароитига мос равишда қўлланилиши мумкин бўлган тавсиялар акс эттирилди.

Муҳокамада сўзга чиққанлар Ўзбекистонда жамоатчилик иштирокини янада ривожлантириш бўйича юқори салоҳият мавжудлигини таъкидлаб ўтдилар. Мамлакат учун энг самарадор восита давлат идораларининг ННТлар билан ҳамкорлик олиб боришидир. Бунинг учун эса учинчи секторни мустаҳкамлаш, уни қўллаб-қувватлашнинг оқилона механизмларини жорий қилиш зарур. Шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари ишига эътибор қаратиш лозим, яъни уларга фуқароларни жалб қилишни кучайтириш билан боғлиқ бўлган ваколатлар бериш ва мажбуриятлар юклаш мақсадга мувофиқдир.

Баҳс-мунозаралар якунида давлат идораларининг мамлакатимиздаги ислоҳотлар тўғрисида аҳолини хабардор қилиш воситалари ва каналларини ривожлантириш, эндиликда статистик маълумотларни ошкор қилиш, шунингдек, шикоятларни тинглаш ва уларга жавоб бериш амалиётидан пайдо бўлаётган муаммоларнинг сабабларини аниқлаш ва бартараф этиш жараёнига ўтиши лозимлиги ҳақидаги хулосага келинди. Бу, ўз навбатида, маъмурий ислоҳотлар самарадорлигини оширишга ва барқарор тараққиёт мақсадларига муваффақиятли равишда эришишга хизмат қилиши таъкидланди.

Замира ТОЖИЕВА.