Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3125
6841
6325

+516
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
95675
172875
172957

-82

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 403 957
Главная "БИРЖА" Давлат харидлари: янги ҳуқуқий асос

qonun_160_1Давлат секторининг узлуксиз ва самарали фаолият юритишида унга зарур бўлган товарлар ва хизматлар таъминоти алоҳида ўрин тутади. Бу жараёнда давлат харидлари имкониятларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Маълумотларга қараганда, давлат бюджети харажатларининг каттагина қисми давлат харидлари орқали амалга оширилади ва бундай харидлар бюджет мувозанатини сақлашга бевосита таъсир қилади. Шу боис, давлат харидлари миқдорини энг мақбул даражада сақлаб туриш учун унинг самарадорлигини ошириш ўта муҳимдир. Бунда, энг аввало, ҳуқуқий асос катта роль ўйнаши табиий.

Яқинда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида худди шу йўналишдаги янги ҳужжат – “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурати, ундан кўзланган мақсад, лойиҳада акс эттирилаётган нормаларнинг моҳияти парламент қуйи палатаси депутатларининг бизга берган интервьюларида баён қилинган.

holbutayev_160Эркин ХОЛБЎТАЕВ – Дастлаб давлат харидларини ҳуқуқий тартибга солиш ҳолатининг умумий тавсифига тўхталсак. Таҳлилларга қараганда, мамлакатимизда давлат харидларига оид 30 тадан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат амал қилмоқда. Лекин ушбу ҳужжатларда ҳуқуқий асос аниқ, уйғун, тўлиқ акс эттирилмаган ёки мувофиқлаштирилмаган, уларда кўпгина қарама-қаршиликларни кўриш мумкин. Давлат харидларига доир қонунчиликдаги бу каби камчиликлар натижасида тизимда, биринчидан, сарфланган маблағлардан оптимал фойда ва давлат эҳтиёжларини энг қулай тарзда қаноатлантирадиган харидлар жараёнларининг тежамлилиги, самарадорлиги ва шаффофлиги, иккинчидан, барча иштирокчиларга нисбатан тенг, холисона ва одилона муносабат, учинчидан, инсофли етказиб берувчилар учун давлат харидлари бозорида жозибадорлик ва рақобат муҳити, тўртинчидан, коррупция ва бошқа қонунбузарликларнинг олдини олиш таъминланмаган. Бундан ташқари, соҳага оид амалдаги қонунчилик нормаларининг талаб даражасида эмаслиги оқибатида давлат сектори кўп вақтни зарур бўлган товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш учун сарфлашга тўғри келган, инвестиция дастуридаги кўп лойиҳаларни амалга ошириш эса кечиккан. Шунингдек, харид нархларининг кўтарилиши ва харид қилинаётган товарлар, ишлар ва хизматлар сифатининг ёмонлашуви кузатилган. Ҳисоб-китоб­ларга кўра, бундай ҳолатлар иқтисодий ўсишнинг 1,5 фоиз, консолидациялашган бюджет даромадларининг 1,8 фоиз камайишига олиб келган, Давлат бюджети маблағларининг иқтисод қилинишига ҳам салбий таъсир кўрсатган. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш эса соҳада ягона қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш заруратини келтириб чиқармоқда. Айни шулар эътиборга олиниб, шунингдек, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонун ҳамда Президентимизнинг ўтган йилда қабул қилинган бир қатор қарорлари талабларига мувофиқ, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Кўзланган асосий мақсад давлат харидларини тартибга соладиган ва бир-бирига қарама-қарши ҳамда эскирган нормаларни бартараф этишга, давлат харидлари тизимининг очиқ-ошкоралигини ошириш, шунингдек, амалдаги нормалар, меъёрлар, харид қатнашчиларининг ваколатларини тизимлаштириш, коррупциоген омилларни камайтиришга қаратилган тўғридан-тўғри амал қилувчи яхлит ҳуқуқий асосни яратишдан иборат. Ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш чоғида миллий қонунчилик таҳлилидан ташқари халқаро амалиёт, жумладан, БМТ Халқаро савдо бўйича комиссиясининг модел қонунчилиги, Европа Иттифоқи, АҚШ, Россия Федерацияси, Беларусь, Қозоғис­тон ва бошқа давлатлар, кўп тарафли ривожланиш банклари қонунчилигининг асосий қоидалари, давлат харидлари бўйича энг яхши жаҳон тажрибаси, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти тавсия­лари ҳисобга олинган.

tuxtabayev_160Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ – Қонун лойи­ҳаси 13 та боб ва 83 та моддани ўз ичига олган. Унда давлат буюртмачисининг касбий маҳорати, асослилик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, очиқ-ошкоралик, тортишув ва холислик, мутаносиблик, давлат харидлари тизимининг ягоналиги ва бутунлиги, коррупциянинг олдини олиш каби харид қилиш тартиб-таомилларини ўтказишнинг асосий принциплари очиб берилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бош­қаруви миллий агентлиги мазкур соҳадаги ваколатли орган этиб белгиланмоқда. Лойиҳада давлат буюртмачилари икки турга бўлиниб, уларнинг тушунчаси очиб берилган. Унга кўра, биринчиси, бюджет буюртмачилари ва корпоратив буюртмачилардир. Бюджет буюртмачилар таркибига давлат органлари, бюджет ташкилотлари, харид қилиш тартиб-таомилларини амалга ошириш учун юбориладиган бюджет маблағларини олувчилар киради. Корпоратив буюртмачилар таркибига эса давлат корхоналари, устав фондида 50 фоиз ва ундан ортиқ миқдорда давлат улушига эга бўлган юридик шахслар, шунингдек, таъсисчилар таркибида устав фонди 50 фоиз ва ундан ортиқ қисмини ташкил қилувчи юридик шахс­ларнинг давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ қисми ташкил қилган юридик шахслар киритилган. Лойиҳада давлат харидларини режалаштириш, унинг тартиб-таомилларини амалга ошириш, шартнома тузиш ва ижро этиш, давлат харидлари мониторинги каби босқичлари ҳар бирининг мазмун-моҳияти очиб берилган. Бундан ташқари, қонун лойи­ҳасининг айрим моддалари харидлар қийматини баҳолаш, харид объекти ҳамда харид қилиш тўғрисидаги шартнома шартларига оид қоидаларга бағишланган. Шунинг­дек, харид­ларнинг бекор қилиниши, манфаатлар тўқнашуви, ноинсоф ижрочилар реестрини юритиш каби масалалар ҳам лойиҳада ўз аксини топган. Мазкур қонуннинг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш учун ҳаволаки нормалардан фойдаланмаслик мақсадида электрон дўкон, танлов, тендер ва аукцион ўтказишнинг тартиб-таомиллари белгилаб берилмоқда. Шу ўринда давлат харидлари субъектларидан бири-харид комиссияси ҳақида алоҳида тўхталмоқчиман. Харид комиссияси харид қилиш тартиб-таомилларининг ғолибини танлаш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга бўлган коллегиал органдир. У танлов (тендер) ҳужжатларини мувофиқлаштиради, таклифлар қабул қилинадиган муддатларни, ушбу таклифларни очиш тартиб-таомилларини ва таклифларни баҳолаш мезонларини, таклиф киритиш тартибини, унинг ҳажмини, уни таъминлаш шаклини, танлов (тендер) ҳужжатларининг қийматини белгилайди. Шунинг­дек, харид қилиш тартиб-таомилларининг рақобатлашувчи турлари ижрочисини ва захира ижрочисини белгилайди ёки савдони ўтказилмаган деб эълон қилади.

akbarov_160Нуман АКБАРОВ – Мазкур қонун ҳаёт­га татбиқ этилиши билан давлат харид­ларининг ўзига хос тизими яратилишига эришилади. Унинг қоидалари бюджет маблағлари ва бошқа марказлашган манбалар, шунингдек, ҳукумат кафолати билан кредит ресурсларидан максимал даражада самарали ва оқилона фойдаланишга олиб келади. Давлат сектори оқилона муддатларда, “нарх-сифат”нинг одилона мутаносиблигида керакли миқдорда зарур товарлар, ишлар ва хизматлар билан таъминланади. Давлат харидларини рақобат асосида амалга оширишнинг очиқ ва шаффоф механизми йўлга қўйилади. Давлат харидлари жараёнида тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очилади. Энг муҳими, коррупцияга қарши курашиш шароити туғилади. Пировард натижа мамлакат иқтисодиё­тининг кейинги модернизацияси бўйича давлат дас­турини талаб даражасида бажаришга, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва кичик бизнес субъектларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилади. Бундан ташқари, ушбу қонуннинг ҳаётга жорий этилиши мамлакатимизнинг бир қатор халқаро рейтинг­лардаги, шу жумладан, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти ва Жаҳон банкининг харидлар тизимини баҳолаш, “Бизнесни юритиш енгиллиги” баҳосининг бир қисми бўлган “Давлат харидларини амалга ошириш енгиллиги”, электрон платформа асосида жараёнлар қўлланилишини баҳолаш каби бошқа кўрсаткичларининг кўтарилиши ва яхшиланишига имкон беради. Бу эса юртимизнинг жаҳон майдонидаги обрўсини ва инвестицион жозибадорлигини оширади.

Замира ТОЖИЕВА ёзиб олди.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"