Ўзбек
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
0
0
0

+0

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 12 417 165
Главная "БИРЖА" Мулкий муносабатда мувозанат бузилса...

daba_180Ҳар қандай жамиятнинг иқтисодий негизи мулкдир. Инсониятнинг яхши яшаш шароити, фаровон ҳаётининг асоси, меҳнати ва фаолиятининг натижаси унинг мулкига боғлиқдир. Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан республикамизнинг барча ҳудудларидан тадбиркорларни таклиф этган ҳолда ташкиллаштирилган давра суҳбати айни шу фикрлар билан бошланди. Агентлик раҳбарияти урғу бериб ўтганидек, мамлакатимиз Конституциясининг алоҳида боби мулкчилик соҳасида олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг асл манбаи бўлиб хизмат қилмоқда.

Бош қомусимизнинг 53-моддасида мулк иқтисодиётнинг негизини хилма-хил шаклларда ташкил этиши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидалиги, мулкдор фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибдагина мулкидан маҳрум қилиниши эътироф этилган. Ҳозиргача ”Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Оилавий тадбиркорлик тўғрисида”ги, “Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги каби жами 21 та қонун, Президентнинг 41 та фармони ва 53 та қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 160 та қарори қабул қилинган бўлиб, улар мулкий муносабатларни тартибга солмоқда.

Аммо ҳар доим ҳам шундай бўляптими? Афсус­ки, тадбиркорлар ва инвесторлар билан учрашувлар жойлардаги ижрочилар соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан тўлиқ хабардор эмаслигини, қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалиётга жорий этилиши ортда қолаётганлигини кўрсатган. Айнан шу боис давлатимиз раҳбари томонидан якунланиб бораётган йилнинг 20 ноябрида “Мамлакатда бизнес муҳитини янада яхшилаш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор қабул қилиниб, унда амалдаги қонун ҳужжатларини жойларда тўғри татбиқ этиш вазифаси қатъий юклатилди. Айниқса, барча даражадаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туман ва шаҳар ҳокимликлари Конс­титуциямизнинг 53-моддаси ҳамда “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун талабларига сўзсиз риоя қилишлари шартлиги белгиланди. Қарор талабига кўра, эндиликда давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш ҳамда объектларнинг қийматини баҳолаш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш масалалари юзасидан давлат органлари, жумладан, назорат, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва судлар томонидан ташаббус билан чиқиш хусусий мулкнинг дахлсизлигини бузиш сифатида баҳоланади ва бундай ишлар кўриб чиқиш учун қабул қилинмайди. Бундан буён хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчиликка қатъий риоя этилиши устидан назорат кучайтирилади, давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш ва бекор қилиш ташаббуси билан чиққанлик учун ваколатли давлат органлари мансабдор шахсларига нисбатан жиноий жавобгарликка тортишга қадар чоралар кўрилади.

Тадбир давомида мазкур қарор ижросини таъминлашга масъ­ул бўлган органлардан бири – Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан давлат тассаруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш амалиётига мутлақ чек қўйиш ҳақида таркибий тузилмалар раҳбарлари шахсан огоҳлантирилиб, уларга тегишли кўрсатмалар етказилган. Бундан ташқари, келгусида бошқа давлат идоралари томонидан давлат тассаруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш масалалари кўтарилган тақдирда агентлик ва унинг худудий бошқармалари, биринчи навбатда, мулкдорнинг манфаатларини кўзлаб ёндашиши кўзда тутилган. Умуман, ҳозиргача давлат тассаруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш натижаларини қайта кўриб чиқиш масалалари юзасидан агентлик томонидан тегишли чоралар кўрилган. Чунончи, охирлаб бораётган йил давомида респуб­ликада хусусийлаштириш натижаларини бекор қилиш бўйича жами 197 та иш қўзғатилган. Уларнинг барчаси бўйича агентлик жавобгар сифатида жалб этилган. Шулардан 107 таси қанотлантирилган. Бугунги кунда ушбу суд ишларининг ташаббускорлари томонидан уларни тугатиш чоралари кўрилмоқда. Агентликнинг бевосита саъй-ҳаракати билан 13 та суд иши тугатилишига эришилган. Мазкур жараён агентлик томонидан алоҳида назоратга олинган. Умуман олганда, агентлик тадбиркорга кўмакчи ва унинг ҳимоячисидир. Лекин масаланинг бошқа жиҳати ҳам бор, яъни хусусий мулкчилик муносабатларида давлат ва мулкдор ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар қонунчиликда аниқ белгилаб қўйилган. Давлат томонидан мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи кафолатланиши, мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришда шаффофлик ва холисликнинг таъминланиши, мулкдорнинг эса ўзига олган мажбуриятларни бажариши ушбу ҳуқуқий муносабатларнинг соғлом гаровидир. Мулкий муносабатларда мувозанат бузилган тақдирда низолар келиб чиқиши табиий. Масалан, тадбиркор муайян давлат мулкини инвестиция ва ижтимоий мажбурият асосида “ноль” харид қийматида сотиб олди дейлик, лекин ушбу мажбуриятларни бажаролмаса, уни ҳалол мулкдор де­йиш қийин. Шу боис, бундай ҳолатда агентлик ушбу тадбиркорни ҳимоя қилолмайди. Бошқа барча ҳолатларда тадбиркорлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Бундан ташқари, тадбиркорнинг ўзи билан боғлиқ бўлмаган муаммолар пайдо бўлган чоғда ҳам уларни тегишли давлат органлари билан биргаликда бартараф этишда агентлик доимо кўмакка тайёр.

Айни пайтда бўш турган давлат мулки объектларини сотиш ва ер участкаларини беришда тадбиркорлик ва инвестиция лойиҳаларини жадал амалга оширишга тўсқинлик қилаётган бир қатор ортиқча бюрократик тартиботлар ва қийинчи­ликларни бартараф этиш, нарх-наво манипуляцияси ва бош­қа суиистеъмол­чиликларга йўл қўймаслик ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида аукционга чиқариш орқали инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятларни белгилаган ҳолда ўрнатилган тартибда сотиш йўлга қўйилганлиги мол-мулкни реализация қилишда шаффофлик ва холисликни таъминламоқда. Бугунги кунда республикамизда давлат иштирокидаги 2800 ортиқ (АЖ, МЧЖ, ДУК) корхона мавжуд ва уларда ягона давлат сиёсатини юритиш, шу жумладан, хусусийлаштиришни амалга ошириш агентликка юклатилган. Чунончи, хусусийлаштириш жараёни, биринчидан, Президент фармон ва қарорлари билан қабул қилинадиган дастурлар асосида олиб борилади. Иккинчидан, 2 минг квадрат метрдан 5 минг квадрат метргача бўлган бино-иншоотларни хусусийлаштириш Қорақалпоғистон Республикаси Жўғорғи Кенгеси ҳамда халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳри кенгашлари ваколатига берилган. Бу амалиёт ортиқча оворагарчиликларни бартараф этишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Ҳозирда тадбиркорларга янада қулайлик яратиш ва хусусийлаштиришни жадаллаштириш мақсадида минг квадрат метргача бўлган бино-иншоотларни туман ва шаҳар халқ депутатлари кенгашлари ваколати қаторига қўшиш таклифи ишлаб чиқилмоқда ва бу тартибни дастлаб синов тариқасида ҳаётга татбиқ этиш кўзда тутилмоқда.

Давра суҳбати давомида хусусий мулк­чилик учун яратилган шарт-шароитдан унумли фойдаланиш, бу соҳага оид ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-мо­ҳиятини тушуниш, мавжуд муаммолар ечимини биргаликда топиш ҳамда умуманфаатга қаратилган вазифаларни сўзсиз бажариш ҳар бир давлат органи ва табиийки, тадбиркорларнинг ҳам бурчи ҳисоб­ланиши таъкидланди. Давра суҳбатида сўнггида иштирокчи тадбиркорларнинг дардлари ҳам эшитилди. Самарқанд, Бухоро, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган корхоналар эгалари томонидан бир қатор муаммолар ўртага ташланди. Агентлик томонидан уларнинг сўровлари назоратга олиниб, ечими бўйи­ча кўмак берилиши маълум қилинди.

Замира ТОЖИЕВА.

 

© Copyright 2008 - 2020    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"